Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Туркманистонда медал билан тақдирланди

Шавкат Мирзиёев Туркманистонда медал билан тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни Ашхобод шаҳрида туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган «Замон ва цивилизацияларнинг ўзаро боғлиқлиги - тинчлик ва тараққиёт асоси» мавзусидаги халқаро форумда иштирок этди.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Покистон Ислом Республикаси Президенти Осиф Али Зардарий, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Арманистон Республикаси Президенти Ваагн Хачатурян, хорижий давлатлар парламентлари раҳбарлари ва юқори мартабали вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар бошлиқлари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида форумнинг ўтказилиши халқларимиз ўртасидаги биродарлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш, мамлакатларимизни бир-бирига янада яқинлаштириш, бой маънавий меросимизни бутун дунёга тарғиб қилиш йўлида улкан амалий қадам бўлишини  таъкидлади.

Махтумқули Фироғийнинг ижодий мероси нафақат Шарқ мумтоз шеъриятини, балки жаҳон адабиётини ҳам бойитганлиги қайд этилди.

Ўзбекистонда Махтумқули ижоди юксак қадрланади. Шоир Хива шаҳридаги Шерғозихон мадрасасида таҳсил олиб, дунёвий ва диний илмларни ўрганган. У буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийни чуқур ҳурмат қилган.

Жорий йилда Ўзбекистонда Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги кенг нишонланаётгани таъкидланди.  Анжуман, семинар, адабий кеча, танлов, спектакллар ва бошқа тадбирлар ўтказилмоқда. Ўзбек ва туркман киноижодкорлари томонидан шоир ҳақида ҳамкорликда бадиий фильм суратга олинди.

Ўзбекистон етакчиси Туркманистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган «Халқаро тинчлик ва ишонч йили» доирасида келгуси йили Ашхобод шаҳрида глобал саммит ўтказилишини қўллаб-қувватлади.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистон Президентига мазмунли нутқ ҳамда Махтумқули Фироғий хотирасини абадийлаштириш борасида юртимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар учун миннатдорлик билдириб, давлатимиз раҳбари туркман шоири ва мутафаккири таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан медаль билан мукофотланишини маълум қилди.

Тадбир ниҳоясида форумнинг якуний ҳужжати қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг