Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сенаторлар «Таълим тўғрисида»ги ва «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунларни маъқуллади

Сенаторлар «Таълим тўғрисида»ги ва «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунларни маъқуллади

Фото:«Senat.uz»

7 август куни  Сенат ялпи мажлиси кун тартибидаги биринчи масала – «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Унда Мактабгача таълим тизимидан бошлаб умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, мактабдан ташқари таълимнинг узвийлигини, мазмун жиҳатидан кетма-кетлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қолаверса, бошланғич, касб-ҳунар таълими, касб-ҳунар мактабларида IX синф битирувчилари негизида бепул асосда кундузги таълим шаклида умумтаълим ва мутахассислик фанларининг икки йиллик интеграциялашган дастурлари асосида таълим амалга оширилиши белгиланмоқда.

Қонунда таълим муассасаси ходимлари, таълим олувчилар ва ота-оналарнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, таълим жараёни қатнашчиларининг ижтимоий ҳимояси, таълим жараёнида меҳнат қилаётган минглаб мутахассисларнинг, миллионлаб ота-оналарнинг ҳуқуқий мақомига, уларнинг ижтимоий муҳофазасига доир жиҳатларга, айни вақтда мажбуриятларига ойдинлик киритилмоқда.

Шунингдек, қонун эндиликда таълимнинг нодавлат шаклини ривожлантиришга, жамиятимизда интелектуал мулк салоҳиятидан самарали фойдаланиш, илм-маърифатга доир иш жойлари кенгайишига имкон беради.

Сенат аъзолари мазкур Қонунни маъқуллади.

Сўнгра сенаторлар «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунни муҳокама қилди.

Қайд этилганидек, амалдаги Қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилиш даражаси паст бўлиб, бугунги бозор шароитида самарасиз бўлган, эскирган норма ва қоидаларни ўзида мужассам этган. Хусусан, меҳнат органлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар бир нечта қонуности меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Фото:«Senat.uz»

Бундан ташқари, янги иш ўринларини ташкил этиш ва касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича давлат буюртмаси механизмлари кўрсатилмаган. Шу жиҳатдан бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, меҳнат бозори ва меҳнат миграцияси билан боғлиқ янги муносабатларни қонуний тартибга солиш зарурати ҳам вужудга келмоқда.

Қонунда биринчи марта иш билан таъминлашнинг самарали ва истиқболли йўналишлари – касбий малака ва компетенцияни ривожлантириш миллий тизими, меҳнат дафтарчалари ва шартномаларининг электрон ҳисобини юритишни назарда тутувчи ягона миллий меҳнат тизими жорий этилмоқда.

Уларнинг киритилиши бандликни таъминлашнинг зарурий шарти ҳисобланиб, меҳнат бозори тўғрисида тўлиқ маълумот тўплаш ва олишга имкон беради. Айниқса, рақамли иқтисодиётга ўтиш шароитида бу жуда муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш имконини беради.

Шунингдек, меҳнат бозорида замонавий инфратузилма ва институционал муҳитни яратиш, меҳнат органлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш, шахсларнинг тадбиркорлик ташаббуслари ва ўзини ўзи банд қилишга жалб этиш имкониятлари ортади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг