Россия 2023 йилгача АҚШнинг кимёвий қурол захираларини йўқ қилишига умид қилмоқда
«Москва АҚШнинг эълон қилинган муддат, яъни 2023 йилгача ўз кимёвий қуроллари захирасини йўқ қилишга эришишига умид қилмоқда», — деди 4 апрель куни Россия саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Георгий Каламанов. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Табиийки, биз 2023 йилни, яъни иккита объектда АҚШнинг кимёвий қуроллари йўқ қилишининг тугашини кутмоқдамиз. Умид қиламанки, АҚШдаги ҳамкасбларимиз бу вазифани бажара олишади», — деди Каламанов Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (OPCW —organisation for the prohibition of chemical weapons) махсус мажлисидан кейин ўтказилган брифингда.
У АҚШдаги кимёвий қуролларнинг захираси Россияга нисбатан камроқ эканини таъкидлади. «Умид қиламизки, ҳамкасбларимиз, ҳеч бўлмаганда, ўзлари айтган вақтда бу вазифани бажара оладилар», — деди Каламанов.
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин АҚШ кимёвий қуролларни йўқотиш бўйича ўз мажбуриятини бажармаётганини ва бу турдаги оммавий қирғин қуролларининг ягона ва энг қудратли эгаси бўлиб қолаётганини айтган эди. Бундан ташқари Путин АҚШ кимёвий қуролларни йўқ қилиш муддатини 2007 йилдан 2023 йилгача узайтирганини, қуролларни тарқатмаслик ва уларни назорат қилиш бўйича ўзини етакчи деб ҳисоблайдиган давлат учун бу яхши эмаслигини айтган. Россия эса 2017 йилда ўзининг охирги кимёвий қуроллар захираларини йўқ қилган.
Эслатиб ўтамиз, 1993 йил 13 январь куни Парижда БМТга аъзо давлатлар кимёвий қуролларни ишлаб чиқармаслик ва мавжуд захираларни йўқ қилиш бўйича конвенцияни имзолаган эди. Ушбу конвенция 1997 йил 29 апрелдан кучга кирган. Женевада ишлаб чиқилгани учун Женева конвенцияси дейилади. Шу йили «OPCW»га асос солинади. Ташкилот 2013 йилда тинчлик соҳасида Нобель мукофотини қўлга киритган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter