Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ўрнатилган иттифоқ

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ўрнатилган иттифоқ

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 24 сентябрь куни Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Қирғизистон экспертлар кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этди.

СМТИ ва Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий стратегик ташаббуслар институти ҳамкорликда ташкил этган тадбирда Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг эксперт-таҳлилий ва илмий-академик доиралари вакиллари иштирок этди. Таклиф этилган меҳмонлар қаторида Озарбайжон халқаро муносабатларни таҳлил қилиш маркази мутахассислари ҳам иштирок этишди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон-Қирғизистон Экспертлар кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги Меморандум жорий йилнинг 30 июлида имзоланган эди. Кенгашнинг ташкил этилиши 18-19 июль кунлари бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-Қирғизистон саммити якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга оширишни экспертлар томонидан амалий қўллаб-қувватланишининг муҳим механизмига айланди.

Экспертлар кенгашининг биринчи йиғилишининг асосий кун тартиби Президент Садир Жапаровнинг яқинда Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи якунларини муҳокама қилиш, шунингдек, яқин келажакда экспертлар ўзаро ҳамкорлигининг янги йўналишларини излаш каби масалалардан иборат бўлди.

 СМТИ директори Элдор Арипов сўзининг бошида Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарларининг саммити кўп жиҳатдан аҳамиятли эканини таъкидлади.

Сиёсий мулоқотга тизимли ва мунтазам тус бериш мақсадида Давлатлараро кенгашни тузиш тўғрисида муҳим қарор қабул қилинганлиги қайд этилди.

Унинг сўзларига кўра, энергетика, транспорт, енгил саноат каби стратегик муҳим соҳаларда узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим келишувларга эришилди.

Элдор Арипов икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ижобий динамикага алоҳида тўхталди. Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбарлари ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини икки баравар ошириш мақсадида 2024-2030 йилларга мўлжалланган, пойтахтларда савдо уйларини ташкил этиш, шунингдек, экспорт-импорт контрактлари портфелларини шакллантиришни назарда тутувчи чора-тадбирлар режасини қабул қилишди.

Шу билан бирга, СМТИ вакили бугунги кунда икки мамлакат фуқаролари ўзаро ҳамкорликнинг интенсив ва прогрессив характерини ҳис қилиб, ундан реал фойда олаётганини алоҳида таъкидлади.

Жумладан, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида яна иккита – Наманган ва Жалолобод вилоятларини боғловчи «Учқўрғон-Кенсай» чегара божхона постлари (кунига ўртача 10 минг киши, 500 дан ортиқ юк ва 300 дан ортиқ енгил автомобиллар ҳаракатланиши мумкин), шунингдек, 2010 йилдан бери ёпилган Андижон ва Ўш вилоятларини боғлайдиган «Қорасув-Корасуу» (кунига ўртача 12 минг киши ҳаракатланиши мумкин).

СМТИ директорининг сўзларига кўра, иккинчисининг очилиши Қирғизистон фуқаролари учун катта қулайлик яратмоқда. Мисол учун, агар илгари Ўшдан Жалолобод вилоятига Қирғизистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи йўналиш 120 км бўлган бўлса, эндиликда Ўзбекистон ҳудудидан транзит ўтиш ҳисобига атиги 19 кмгача қисқартирилиши мумкин.

Ўз навбатида, Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий стратегик ташаббуслар институти директори Санжар Муканбетов таъкидлаганидек, Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари ҳозирда мисли кўрилмаган чўққида. Мутахассиснинг фикрича, ўрнатилган иттифоқ, давлат раҳбарларининг самимий ва ишончли муносабатлари туфайли эришилган ютуқларни асраб-авайлаш ва янада ошириш ниҳоятда муҳим.

Суҳбат чоғида томонлар икки мамлакат ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг кейинги истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар. Хусусан, саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва иқтисодиётларни бир-бирини тўлдириш масалаларини янада чуқурроқ ўрганиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида томонлар ўзбек-қирғиз ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш учун янги йўналишлар ва драйверларни излаш бўйича мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар. Шу мақсадларда Экспертлар кенгашининг 2025 йилга мўлжалланган иш режаси имзоланди.

Ушбу режада қўшма тадбирларда иштирок этиш, Марказий Осиё экспертлар форумининг бўлажак 8-йиғилишига тайёргарлик кўриш, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа истиқболли йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг