Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон президенти Миср цивилизацияси миллий музейида бўлди

Ўзбекистон президенти Миср цивилизацияси миллий музейида бўлди

Фото: Президент матбуот хизмати

Расмий ташриф билан Қоҳирада бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миср цивилизацияси миллий музейига ташриф буюрди.

Ҳозирда Қоҳиранинг таркибига кирган қадимий Фустат шаҳрида жойлашган музей Мисрнинг бой тарихидан ҳикоя қилувчи ноёб экспонатлар тўпламига эга. Бу ерда қадим замонлардан то ҳозирги кунгача бўлган даврни ўз ичига олган 50 мингдан ортиқ ашёлар, жумладан, фиръавнлар мумиёлари, ҳукмдорлар тахтлари ва ҳайкаллари, заргарлик буюмлари, шунингдек, уй-рўзғор ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмага қўйилган.

Шавкат Мирзиёев экспозициянинг Қадимги, Ўрта ва Янги ҳукмдорлик, юнон, Ўрта аср ва ислом даврларига оид қатор хронологик ва тематик бўлимлари билан танишди.

Президент Миср заминида бир-бирини алмашлаб келган турли цивилизацияларнинг ёдгорликларини катта қизиқиш билан кўздан кечирар экан, тарих ва маданият бирдек буюк меросга эга халқларимизни яқинлаштиришнинг муҳим воситаси эканини таъкидлади.

Миср томони вакиллари, ўз навбатида, Ўзбекистон раҳбарига музейга ташриф учун миннатдорлик билдириб, халқларимизни боғлаб турувчи муштарак жиҳатлар кўплиги, бу дўстлик ва ўзаро англашув ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидладилар.

Шу маънода, икки мамлакат музейлари ва тарихчилари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, умумий меросимизни биргаликда ўрганиш, ўзаро кўргазмалар, маданият кунларини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Президент музейнинг Фахрий меҳмонлар китобида қайд қолдирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг