Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

БМТ резолюцияси: Оролни қутқариш бўйича халқаро саммит ўтказилади

БМТ резолюцияси: Оролни қутқариш бўйича халқаро саммит ўтказилади

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти
Бош Ассамблеяси

Етмиш иккинчи сессия
Кун тартибининг 65-банди
Тинчликни барпо этиш ва тинчликни асраш

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон: резолюция лойиҳаси

Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш

Бош Ассамблея,

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мақсад ва принципларини илгари суриш бўйича минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйишга доир чоралар қабул қилиниши рағбатлантириладиган Низоми қоидаларига амал қилиб,

Марказий Осиё мамлакатларининг минтақада тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, шунингдек, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни рағбатлантириш борасидаги муҳим ролини тан олган ҳолда,

Марказий Осиё мамлакатлари дуч келаётган замонавий таҳдид ва хавфларни эътиборга олиб,

Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлик ва ривожланиш соҳаларидаги йирик минтақавий ва халқаро ташаббусларини, шу жумладан:

а) Ядро қуролидан ва бошқа оммавий қирғин қуролларидан ҳоли бўлган тинчликка эришишга йўналтирилган самарали чора сифатида Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли зонанинг ташкил қилиниши,

б) Бош Ассамблея томонидан ядро қуролидан ҳоли дунёни барпо этиш мақсадига эришишнинг асосий воситаларидан бири сифатида 29 август – Халқаро ядровий синовларга қарши ҳаракатлар куни, деб эълон қилиниши,

в) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиёда Глобал аксилтеррор стратегиясини ва Ашхабод декларациясини амалга ошириш бўйича биринчи минтақавий қўшма ҳаракатлар режасининг қабул қилиниши,

г) ядровий синовлар ва радиоактив чиқиндилар қолдиқларидан келиб чиқадиган таваккалчиликларни – «уран қолдиқлари омборхоналари»ни бартараф этиш,

д) 2018-2028 йиллар даврини «Сув барқарор тараққиёт учун» халқаро ўн йиллиги деб эълон қилиш,

е) энергия ташувчилар ва энергетик ресурсларнинг ишончли ва барқарор транзитини, жумладан, мавжуд минтақавий энергетика лойиҳаларини самарали амалга оширган ҳолда таъминлаш,

ж) транспорт ва транзит коридорларини қўллаб-қувватлашнинг барқарор, рентабелли инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан, янги автомобиль ва темир йўллар, шунингдек, авиа йўналишлар очиш орқали транспорт ва транзит масалалари бўйича Марказий Осиёни қамраб олувчи битимларни амалга ошириш баробарида транспортнинг барча турлари бўйича алоқаларни мустаҳкамлаш,

з) экотизимлар, биохилма-хиллик ҳамда флора ва фаунанинг энг муҳим турлари ҳимояси таъминланишини қайд этган,

Марказий Осиё мамлакатларининг 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини амалга оширишга йўналтирилган хатти-ҳаракатларини ва унда кўзда тутилган миллий даражада барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадларни маъқуллаган;

2017 йил 10-11 ноябрь кунлари Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори эканини тасдиқлаган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуидаги халқаро конференция натижаларига таянган ҳолда,

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳатлашув учрашувларини мунтазам ўтказиш бўйича ташаббуси минтақада қўллаб-қувватланганини мамнуният билан таъкидлаган,

Превентив дипломатиянинг муҳим ролини тан олиб, ва шу нуқтаи назардан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ролини таъкидлаган ҳолда,

Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг, унга Афғонистон ҳам қўшилган, Марказий Осиё иқтисодиёти учун Махсус дастури доирасида амалга оширилаётган хатти-ҳаракатларни тан олган,

Минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган Афғонистон бошчилигидаги Афғонистон бўйича Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференциясининг ва бошқа шу каби муҳим минтақавий ташаббусларнинг аҳамиятини таъкидлаган, 2017 йил 14-15 ноябрь кунлари Ашхабодда бўлиб ўтган иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга йўналтирилган Афғонистон бўйича еттинчи Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференциясининг якуний ҳужжатларини маъқуллаган ҳамда Марказий Осиё давлатларининг хатти-ҳаракати ва уларнинг Афғонистонни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини рағбатлантирган,

Кенгаш таркибидаги биринчи Марказий Осиё давлати сифатида Қозоғистон раислиги даврида 2018 йилнинг 19 январида бўлиб ўтган вазирлар даражасидаги Хавфсизлик Кенгашининг «Хавфсизлик ва ривожланиш масалаларини бирлаштирувчи йўналишдаги ишларнинг модели сифатида Афғонистон ва Марказий Осиёда минтақавий шерикликни шакллантириш» мавзуидаги музокаралари якунларини таъкидлаган,

Марказий Осиё давлатларининг террорчилик учун озуқа муҳитини яратадиган барча ҳолатларда тажовузкор экстремизмга қарши самарали курашишнинг муҳим шарти сифатида маърифатга фаол кўмаклашиш борасидаги хатти-ҳаракатларини тан олган,

2018 йил 3-4 май кунлари Душанбеда бўлиб ўтган «Террорчилик ва экстремизмга қарши курашиш» мавзуидаги юқори даражадаги халқаро конференция якунларини эътиборга олган,

Маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга кўмаклашувчи Жаҳон кўчманчилар ўйинларининг мунтазам ўтказилишини қўллаб-қувватлаган ҳолда,

1. Марказий Осиё давлатларининг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, изчил тараққиётни таъминлашга қўшган ҳиссаси ва шу йўлдаги хатти-ҳаракатларини мамнуният билан таъкидлайди;

2. Бугунги кунда Марказий Осиёда барқарорлик ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган минтақавий хатти-ҳаракатлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашини маълум қилади;

3. Минтақада барқарорлик ва изчил ривожланиш йўлидаги таҳдидлар Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, улар билан халқаро ва минтақавий ташкилотлар ўртасидаги янада яқин ва мувофиқлаштирилган ҳамкорликни тақозо этади ва айни пайтда ушбу хавфларни минтақавий ва халқаро ташкилотлар иштирокида бартараф этишда минтақавий ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидлайди;

4. Минтақа давлатларини минтақада ва унинг ҳудудидан ташқарида тинчлик-осойишталикни таъминлаш ва барқарор тараққиёт йўлидаги ҳамкорликни рағбатлантириш мақсадида давлат раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашувлари платформасидан ва бошқа анжуманлардан самарали фойдаланишга даъват қилади;

5. Марказий Осиё мамлакатларининг «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуидаги халқаро конференциянинг якуний коммюникесида баён қилинган ташаббусларни амалга ошириш йўлидаги фаол ҳамкорлигини қўллаб-қувватлайди;

6. 2018 йил 15 март куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи саммитини қутлайди;

7. Туркманистон томонидан 2018 йилда Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси иштирокчи давлатлари саммити ўтказилишини маъқуллайди;

8. Марказий Осиё давлатлари томонидан Афғонистондаги тинчлик жараёни ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш мақсадида амалга оширилаётган хатти-ҳаракатларни ва ушбу давлатларнинг минтақавий ва иқтисодий жараёнлардаги иштирокини қўллаб-қувватлайди ҳамда Кобул жараёнининг Афғонистон бўйича тинчлик ташаббусини амалга оширишнинг асосий форуми ва воситаси сифатидаги муҳим аҳамиятини, шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистон раҳбарлиги остида тинчлик ва келишувга эришиш жараёнини қўллаб-қувватлаш бўйича жорий хатти-ҳаракатлари доирасида бошқа минтақавий ва халқаро конференциялар, жумладан, Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуидаги Тошкент конференциясининг аҳамиятини таъкидлайди;

9. Минтақанинг барча давлатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, Марказий Осиёдаги сув-энергетика ресурсларидан оқилона ва комплекс фойдаланиш соҳасидаги икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг аҳамиятини қайд этади ва ушбу мақсадда қисқа вақтда ўзаро фойдали ва узоқ муддатли барқарор механизмларни ишлаб чиқиш учун мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказилишига даъват қилади;

10. Аъзо давлатларни Марказий Осиё мамлакатларининг Орол денгизи қуришининг экологик ва ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатишга йўналтирилган хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга даъват қилади;

11. Марказий Осиё давлатлари ўртасида маърифат, фан, технологиялар, инновациялар, туризм, маданият, санъат ва спорт соҳасидаги алоқаларни чуқурлаштириш асосида ва фавқулодда вазиятларда ўзаро ёрдам кўрсатиш мақсадида яқин қўшничилик ва дўстона муносабатларнинг янада мустаҳкамланишини қўллаб-қувватлайди;

12. Марказий Осиёнинг бепоён ҳудудида замонавий транспорт тизимини яратишнинг муҳимлиги ва барқарор ривожланиш ҳамда одамлар, товар ва хизматлар эркин ҳаракатланишининг энг зарур шартларидан бири сифатида минтақанинг транзит салоҳиятидан кенг фойдаланиш аҳамиятини қайд этади;

13. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимидаги ихтисослашган муассасалар, фондлар ва дастурларни минтақа давлатлари томонидан белгиланадиган Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик, интеграция ва барқарор ривожланишнинг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз дастур ва тадбирларини мувофиқлаштиришга даъват қилади;

14. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий марказига тегишли минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда превентив дипломатияни рағбатлантириш бўйича ўз мандати доирасида минтақада тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга кўмаклашиш борасидаги хатти-ҳаракатларини давом эттиришни тавсия қилади;

15. Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлари ва умуман халқаро ҳамжамиятнинг минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш соҳаларидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш йўлидаги хатти-ҳаракатларини маъқуллайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг