Ҳарбий прокуратура Президентга ҳисобот берди
Шавкат Мирзиёев Ҳарбий прокуратура органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳисоботи билан танишди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси Қуролли Кучларда ва ҳарбий тузилмаларда қонунларга риоя этилишини назорат қилади. Мазкур орган томонидан мамлакатимиз суверенитетини мустаҳкамлаш, мудофаа салоҳиятини ошириш, ҳарбий хизматчиларнинг ва оила аъзоларининг ҳуқуқларини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Таъкидланишича, 2022 йилда 1 минг 100 га яқин прокурор назорати ҳужжати қўлланилиб, 261 та ҳужжат қонунга мувофиқлаштирилган. 7 минг 858 нафар шахснинг ҳуқуқи тикланган. 654 нафар ҳарбий хизматчининг оила аъзолари иш билан таъминланган.
Қуролли Кучларда қурилиш дастурига киритилган объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари назорат тартибида кўриб чиқилиб, 23 миллиард сўмдан зиёд бюджет маблағлари иқтисод қилинган. Ҳарбий прокурор протестларига асосан судларнинг 10 та қарори қонунга мувофиқлаштирилиб, 6 нафар шахс оқланган.
Фуқароларнинг 2 мингга яқин мурожаатлари кўриб чиқилиб, 254 таси қаноатлантирилган. Шунингдек, сайёр қабулларда 3 минг 200 нафар шахс қабул қилиниб, аниқланган муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилган.
Президент Ҳарбий прокуратура фаолиятини рақамлаштириш, инсон манфаатларини таъминлаш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter