Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: Остона саммитида қандай келишувга эришилди?

Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: Остона саммитида қандай келишувга эришилди?

Фото: Президент матбуот хизмати

27 октябрь куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида биринчи Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммити бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Европа кенгаши раҳбарлари ҳамда Туркманистон Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари иштирок этди.

Анжуман якунида қабул қилинган қўшма баёнотда қайд этилишича, Марказий Осиё ҳамда Европа Иттифоқи раҳбарияти хавфсизлик, демократик қадриятлар, қонун устуворлиги ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига ҳурмат кўрсатган ҳолда барқарор тараққиёт йўлида ҳамкорликка содиқлик изҳор этган.

Курраи арзнинг турли минтақаларида, жумладан, постсовет маконда рўй бераётган қуролли зиддиятлар суверенитет, ҳудудий яхлитлик каби тамойиллар нечоғли муҳим эканини тасдиқламоқда. Эътиборга молик жиҳати, ЕИ ва Марказий Осиё раҳбарияти олий машваратда БМТ низомига оғишмай риоя этиш, хусусан, барча мамлакатларнинг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш, халқаро низоларни куч ишлатмай, тинч йўл билан ҳал этиш борасида собит позицияда эканини билдирган. Айни чоқда, етакчилар ЕИнинг Марказий Осиё бўйича стратегияси доирасида қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари каби йўналишларда ҳам мулоқотни мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этган.

Европа кенгаши раҳбари минтақа етакчиларининг ҳудудий ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолаган. Ўз навбатида, минтақа етакчилари ЕИнинг пандемиядан кейин иқтисодий алоқаларни жонлантириш, COVID-19 туфайли юзага келган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш борасидаги кўмагини эътироф этган.

Таъкидланишича, Марказий Осиё ҳамда ЕИ ўртасида чегара назорати, терроризм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, одам савдоси, кибертаҳдидларга қарши кураш борасидаги ҳамкорлик ҳам самарали кечмоқда.

ЕИ томонидан 2021 йил 1 декабрда қабул қилинган «Глобал дарвоза» (Global Gateway) деб номланган янги стратегияда рақамлаштириш, иқлим, энергетика, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳаларни тараққий эттириш йўналишлари белгиланган.

Остона саммити давомида ушбу стратегия доирасида транспорт  ва транзит имкониятларини кенгайтириш лозимлиги таъкидланди.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 18 ноябрь куни Самарқандда «Глобал дарвоза» стратегияси доирасида ўзаро боғлиқлик бўйича илк минтақавий анжуман ўтказилиши режалаштирилган.

Сиёсий етакчилар рақамлаштириш, транспорт ва логистика, энергетика ва сув ресурслари билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама этиладиган Самарқанд анжуманининг аҳамиятини алоҳида қайд этдилар.

Иқлим ўзгаришлари олдини олиш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш, трансчегаравий сув манбаларини тасарруф этиш минтақа давлатлари олдидаги муҳим вазифалар сирасига киради. Остона саммитида бу борада ЕИ тажрибасидан самарали фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.

Иштирокчилар томонидан биринчи Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммитини ўтказиш ташаббуси учун Қозоғистонга миннатдорлик билдирилди ва ушбу форматда мунтазам учрашишга келишилди.

Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель ижтимоий тармоқдаги саҳифасида минтақа етакчилари билан илк юзма-юз мулоқот муваффақиятли ўтганини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, олий даражадаги машваратда нутқ сўзлаган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мазкур форматга ишонч, шериклик ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун зарур бўлган мулоқот майдони сифатида қарашини таъкидлаб, бир қатор муҳим таклифларни илгари сурди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг