Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ДХХ хизматчилари ушлаб турилиши ва қамоққа олиниши мумкин эмас

ДХХ хизматчилари ушлаб турилиши ва қамоққа олиниши мумкин эмас

Фото: «Спутник»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 5 апрель куни «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунни имзолагани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу қонуннинг тўлиқ матни «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинди.

Қонуннинг 37-моддаси «Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг дахлсизлик кафолатлари» деб номланади. Унга кўра, Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари хизматни ўташ вақтида дахлсизликка эга бўлади.

Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиси тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳар прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас.

Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари тегишинча Давлат хавфсизлик хизмати раисининг, Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари бошлиқларининг розилиги билан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

«Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг жавобгарлиги» деб номланган 43-моддада ёзилишича, Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари ғайриқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, шунингдек хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг ғайриқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни Давлат хавфсизлик хизмати томонидан бюджетдан ташқари махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади ва ушбу сумма кейинчалик айбдор шахслардан ундириб олинади.

Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиси хизмат интизомини бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг умумҳарбий уставларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг