Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон вакиллари Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти расмийлари билан учрашди

Ўзбекистон вакиллари Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти расмийлари билан учрашди

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Истамов, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг юксак даражадаги сессияси доирасида Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) бош директори Фрэнсис Гарри билан учрашди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Учрашув чоғида устувор йўналишларда ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Хусусан, миллий қонунчиликка халқаро стандартларни имплементация қилиш, ИМ соҳасидаги халқаро интеграция оқибатларини юмшатиш ва миллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, Агентлик иш сифатини ошириш ва унинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш шулар жумласидандир.

Ўзбекистон томони БИМТ раҳбариятига мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасидаги давлат бошқаруви, инвестицион жозибадорликни ошириш тизимида амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлар ҳақида маълумот берди. Президентимизнинг 2019 йил 8 февралдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлиги тузилмасига ўтказилди. Соҳани комплекс ривожлантириш, жумладан қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, ушбу йўналишдаги мониторинг ва таҳлилий ишларни кучайтириш кўзда тутилаётгани қайд этилди.

Шу билан бирга, интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. БИМТ раҳбарияти бу ташаббусни қўллаб-қувватлаш ва амалий кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирди.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон ҳақидаги статистик маълумотларнинг очиқлиги ва шаффофлиги, тўлиқ ва ишончлилигини таъминлашга доир ҳамкорликдаги ишларни кучайтириш, биргаликда тадқиқотлар ўтказишга эътибор қаратди. Кадрларни ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш орқали уларнинг салоҳиятини ошириш режалаштирилмоқда.

Маълумот учун: БИМТ жадал техник тараққиёт, глобаллашув ва интеллектуал мулк (ИМ) хизматларига ортган талаб натижасида халқаро патент ва муаллифлик ҳуқуқи тизимига таъсир кўрсатувчи омилларни тартибга солиш ва назорат қилиш, ИМ тизими томонидан бутун дунёда ижод ва инновацияларни рағбатлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг