Халқ учун «меҳрибонлик». Яна ўша прописка балоси ҳақида
Ҳуқуқшунос-блогер Хушнудбек Худойбердиев «Давлат божи ставкаларининг 4-бандига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Кеча «Давлат божи ставкаларининг 4-бандига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди. (https://regulation.gov.uz/uz/document/2990) Лойиҳа муаллифи Адлия вазирлиги экан.
Унга кўра, мана бундай ўзгаришлар таклиф қилинмоқда:
1) Чет элликларга прописка олиш ҳуқуқини берадиган янги уйларнинг минимал нархи оширилди. Илгари камида 600 млн сўмлик уй олиш керак эди. Таклиф қилинаётган ўзгаришга кўра, энг кам ойлик иш ҳақининг 3300 бараваридан кам бўлмаган миқдор белгиланмоқда. Бу ҳозирги кунда салкам 670 млн сўм бўлади. ЭКИҲ ошса, бу ҳам ошади.
Бунисига майли, чидаймиз. гап чет элликлар ҳақида кетмоқдаку ҳар ҳолда.
Лекин лойиҳадаги кейинги таклиф бевосита ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОЛАРИ учун тааллуқли. Аниқроғи ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОЛАРИГА ЯНАДА ҚИЙИНРОҚ, ЯНАДА ОҒИРРОҚ ШАРТЛАР ҳақида гап кетяпти.
Лойиҳага кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги қурилган кўчмас мол-мулк 2 ёки ундан ортиқ шахс томонидан умумий мулк ҳуқуқи асосида сотиб олинган тақдирда, уларнинг ҳар бири белгиланган ставкада давлат божи тўлаши таклиф қилинмоқда. Белгиланган ставка эса уй нархининг 5 фоизи.
Масалан, 5 киши қўшилиб, 500 млн сўмлик уй сотиб олса, бундай ҳолатда уларнинг ҲАР БИРИ 25 млн сўмдан давлат божи тўлайди, яъни бундай вазиятда Тошкент пропискасининг нархи 125 млн сўмга тўғри келяпти. Агар худди шунақа уйни «Тошкент Республикаси фуқаролари» сотиб олса, атиги 202 минг 730 сўм давлат божи тўлайди. Бошқача айтганда давлат олдида Ўзбекистоннинг 5 нафар фуқароси бошқа 5 нафар фуқаросидан 600 бараварга қадрсизроқ.
Хуллас, бу лойиҳа мен бироз аввал эълон қилган «Прописка бўйича лайфхак» деган мақоламдан (https://t.me/xushnudbek/1705) келиб чиқиб қилингани аниқ.
Тепадагилар мундооооқ қарашса, халққа енгил бўлиб кетяпти. «Нимага 3-4 киши пул қўшиб, уй сотиб олиб, осонгина прописка олиши керак?» деган саволни беришган. Ва бунга жавоб сифатида ушбу лойиҳани ишлаб чиқишган, менимча.
Лекин уларнинг бирортаси «Нимага Ўзбекистон ФУҚАРОСИ ўз юртида пропискани «сотиб олиши» керак?» деган саволни ўйлаб кўрдимикин, қизиқ?
Улар «Нимага Россия, Украина ва бошқа давлатларнинг Конституциявий судлари аллақачон Конституцияга зид дея қарор чиқариб, бекор қилган антиконституциявий қоида бизда ҳалиям амалда?» деган саволни ўзига бериб кўрса бўлмасмикин?
Улар «Нимага ПФ-5308-сонли Президент фармони билан 2018 йилги давлат дастурида пропискаси йўқ фуқаролар ҳам иккиламчи бозордан уй сотиб олишига рухсат берилиши белгиланган бўлсада, лекин биз бу Фармонни ҳалигача бажармадик, нима учун Президент Фармони фақат қоғозларда қолиб кетаверди?» деган саволни ўртага ташлашса бўлмасмикин?
Уларнинг бирортаси «Нима учун бир хил паспортга эга, бир хил солиқ тўлайдиган Ўзбекистон фуқаролари фақат пропискаси туфайли бир-биридан бир неча юз бараварга қадрсизроқ?» деган саволни хаёлига келтирармикин?
Йўқ, бунақа саволлар берилмайди. Ундан кўра «Халқ осонгина прописка олмаслиги учун нима қилсак бўлади? Қонун ҳужжатларидаги "форточкалар"ни ёпиш учун нима қилиш керак?» деган саволлар улар учун муҳимроқ.
Бундан бошқа яна нима ҳам дердим. Агар шу лойиҳа ҳақиқатда тасдиқланса, унда шу пайтгача «ислоҳотлар фақат халқ манфаати учун» деган шиорларнинг барчаси бир тийин бўлади, чиппакка чиқади.
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter