Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Турсунали Акбаров

Икки ярим яшар болани уриб ўлдирган Миллий гвардия ходими 19 йилга «кесилди»

Икки ярим яшар болани уриб ўлдирган Миллий гвардия ходими 19 йилга «кесилди»

Фото: «Xabar.uz»

Самирнинг зуваласи қорилгандаёқ отаси ташлаб кетганди. Шаръий никоҳ асосида турмушга чиққан онаси қаппайган қорни билан қолаверди. Турли маломат-у миш-мишларга қарамай, она барибир уни дунёга келтирди.

Тошкент вилоятининг пойтахтга яқин туманидан бўлган она-бола икки йилча гоҳ у қариндоши, гоҳ бу қариндошиникида яшади. Сўнг пойтахтга кўчиб, она официантлик қилишга тушди, бироқ топгани ижара ҳақи ва энага пулидан ортмади. Самирнинг отасидан алимент ундирай деса, бунинг бир дунё даҳмазаси бор экан: аввал оталик фактини тасдиқлатиб, сўнг бола таъминоти учун даъво қўзғаши мумкинлиги тушунтирилдики, шундоғам аҳволи танг аёлда судма-суд юришга имкон қайда?!

Бола икки ёшдан ўтганда онаси ризқини Туркиядан қидиришга қарор қилди. Самирни аввал таниш энагага (ойига маълум ҳақ эвазига) қолдирди. Энага бир-икки ой қарагач, орада ўринли сабаб чиқиб, узрини айтди. Шундан сўнг она туғишган опасига сим қоқди: жиянингга ўзинг қарасанг энага пули бегона бўлмасди...

Опанинг ўзи жўжабирдай жон, оиласи билан ижарада яшайди. Эри — Миллий гвардия ходими, маоши чаккимас, аммо барака йўқ. Учта боласи қатори Самирни ҳам қарамоғига олса, синглиси берадиган пул илма-тешик рўзғорнинг биттасига ямоқ бўлармиди?!

Айни шу омил табиати ўта оғир эрининг розилигини олишда муҳим омил бўлгани бор гап...

Хуллас, Самир холасиникида яшай бошлади. Мурғак жони шу хонадонда узилишини қайдан билибди, шўрлик?!

Холасининг эри Ёмон (албатта, бу шартли ном, мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилмоқда, «холасининг эри»ни «Ёмон» аташимиз боисики, унга соф ўзбекча исмни раво кўргимиз келмади, рости!), дарҳақиқат, исми-жисмига монанд экан. Улфатчиликни ўта хуш кўрадиган Ёмон ичган куни хонадонида қиёмат қўпарди. Маст пайти қилдан қийиқ топиб, хотинини дўппослар, бундай жанжаллардан болаларининг руҳияти аллақачон лат еб бўлганди. Самир ҳам қўрққанидан бир гал иштонини ҳўл қилиб қўядиган даражага етди. Бу эса ичволганда шу гўдак кўзига балодек кўринадиган Ёмон учун тайёр баҳона бўларди денг. Биринчисидаёқ у Самирнинг «булбулчаси»ни сиқиб ушлаб, ошпичоқни ўйнатиб деди: «Яна иштонингга сийиб қўйсанг... кесвораман!». Ўшанда холаси уни эрининг чангалидан юлқиб олганди, аммо Ёмон «тарбия»га шу қадар берилиб кетганидан пичоқнинг учи бола аъзосининг бир четини тилиб кетади...

Шундан кейин Самир нафақат Ёмон ичиб келган пайт, балки овозини эшитгандаёқ иштонини ҳўллаб қўядиган бўлди. Ва ҳар сафар калтак остида қоларди. Шундай «тарбиявий соатлар»нинг бирида Ёмон болани қийнаб, елкаларини тишлаб-тишлаб олсами?! Тиш изларини холаси уни чўмилтираётганда кўриб қолади. Бироқ «миқ» этмайди, этолмайди. Калтак тагида қолиши аниқ-да... 

Шу йилнинг январь ойида Ёмон яна ичиб келди. Шу даражада маст эдики, ижарада яшайдиган кўп қаватли уй йўлакчасидаги эшик кодини эслолмади ҳатто. Хотинини бақириб чақирар экан, етти пуштисини авра-астарини ағдарган кўйи йўлак эшигини очишини айтди. Хотини биринчи қаватга тушиб, эшикни очгани ҳамоно эр одатдагидек билак кучига зўр берди. Аёл кўчага қараб қочади... Аммо қаёққаям борарди?! Эри уйга кириб, бир балони бошлашидан чўчиган аёл яқин ўртада ўзлари ижарада турган хонадон эгаларига бориб, Ёмонни инсофга чақириб қўйишларини сўради.

Бировнинг панд-насиҳати маст одамга таъсир қилармиди?! «Хозайин»лар кетгач, Ёмон баттар қутурди, аламини каррасига олишга тушди. Аёл қочиб ичкарига хонага кирволгач, Ёмон Самирга ташланди. Яна иштонини ҳўл қилиб қўйгани баҳона бўлди-ю гўдакни ётқизволиб, дуч келган жойига ураверди, тепаверди...

Бу орада болани эрининг чангалидан қутқармоқчи бўлган аёл унга қўшилиб калтак еди...

...Кечаси билан донг қотиб ухлаган Ёмон эрталаб хотинидан Самир ўлиб қолганини билди. Шундаям сир бой бермай тайинлайдики, бола зинадан йиқилиб тушиши оқибатида тили тортилиб ўлди, дейсан, хўпми? Агар айтганимни қилмасанг...

Ёмон ишга, аёли жонсиз Самирни кўтариб қишлоғига кетди. Бориб қайнонасига воқеани айтди. Қайнона ҳам ўғлининг гапни қайтарди: болани тили тортилиб ўлган демасанг, уйимиз куяди, келин....

Мурдани кўмиш учун ўлим гувоҳномаси керак, бу эса шифокордан бир парча ҳужжат талаб қилади. Қачонки мурдани қишлоқ фельдшери кўриб, «тили тортилиб ўлганига» шубҳа қилганидан сўнг ёпилаётган қозоннинг бир учи хиёл очилди. Бундан ҳушёр тортган Самирнинг бувиси (она томонидан) ички ишлар органига қўнғироқ қилади. Вазиятга орган ходимлари аралашгач, гўдакнинг мурдаси экспертизага юборилди. Экспертлар эса бола тили тортилиб эмас, етказилган тан жароҳатлари оқибатида вафот этганини тасдиқлади...

...Ёзганларимизда заррача муболаға йўқ. Ҳаммаси суд ҳукмида қайд қилинган ва исботини топган ҳолатлар. Баёнда бироз бадиий бўёқлардан фойдаланилди, холос. Тағинам жиноят тафсилотларига атрофлича тўхтанилгани йўқ, рости, ҳукмни ўқиган унча-мунча одам «дод!» девориши ҳеч гапмас. Ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари Акбарали Турабов бежиз таъкидлагани йўқ: судланувчи Жиноят кодексининг иккита — 97-модда 2-қисмининг «в,ж» бандлари (ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан ўлдириш) ҳамда 110-модда 2-қисмининг «а,в» бандлари (вояга етмаган болани муттасил равишда қийнаб, дўппослаш) билан айбланганининг ўзи ҳамма-ҳаммасини айтиб турибди. Айбловлар судда тасдиғини топгани боис ҳам судланувчи 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Жазо ўз йўлига. Бироқ ўта тушунарсиз ҳолатки, бундай ваҳшийтабиат кимса Миллий гвардияга қандай кириб қолган? Бу даргоҳ дуч келганни ишга олавермайди. Талабгорнинг бўй-басти, жисмоний ҳолати муҳим аҳамият касб этади. Бироқ асосий эътиборни жисмоний ҳолатга қаратавермай, талабгорнинг дунёқараши, айниқса, руҳий ҳолатини ҳам жиддий тафтиш қилиш керакка ўхшайди. Жамият ва фуқаролар тинчлик-осойишталиги учун масъул орган ходими жисмонан тетик бўлиши баробарида руҳан хотиржам ҳам бўлиши керак. Шундагина ўттизга тўлмай қотилга айланган Ёмонларнинг бу органга ҳатто «адашиб кириб қолиши»нинг олди олиниши мумкин.

Дарвоқе, Самир...

Гўдаклар масъум (гуноҳлардан пок) бўлади, демакки, уларни фариштага қиёслашда муболаға йўқ. Самир ҳам Худонинг ҳали ҳур бандаси эди. Икки ярим йилгина умр кўрган гўдак хўрликдан ўлим топди, бироқ барибир ҳурлигича кетди!..

Кўнгилга берадиган ғариб таскин шу.

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети