Уй, тўй, машина ва... фожиа: ўзбекона орзулар алгоритми
Ўзбек халқи — ҳою ҳавасли. Барчамизнинг яшаш тамойилимизда, кўпгина мақсадлар муштарак бўлиб, шулардан данғиллатиб тўй қилиш, янги машина миниш орзуси бор. Бу борада имконият, эҳтиёждан кўра, ҳавас олди ўринда туради.
Ривожланган мамлакатларда автомашинага фақат, А нуқтадан Б нуқтага элтувчи восита деб қаралса, биз бу жонсиз темирни қадрли мулк бисотимизга, гуёки оиламиз аъзосига айлантириб олганмиз. Ачинарлиси, бунда энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларни четлаб бўлсада, ёру биродарлар орасида «мойи билан» машина минишни мақсад қиламиз. Ахир битта янги улов минолмасак, «одамлар нима дейди».
Энди ушбу автомобилларнинг асосий талабгорлари ҳақида биргина мисол. Бугун 3 млнча аҳолимиз хорижда бўлгани ҳолда (муболаға бўлса ҳам уларнинг 90 фоизи биринчи ўринда машина олиш истагида) ҳар ой уйига пул жўнатади. Ўша пуллар, табиийки, ёстиқ тагида йиғилиб борилади. Йиллар давомида емай, ичмай йиғилган пулларга, ниҳоят, автомобил олинади. Машина учун энг ками ойига 200 доллардан йиғилганда ҳам (бундан бир неча баробар кўп ҳам бўлиши мумкин) ойига нақд шаклдаги қанча маблағ пассивлигича қолади. Энди буни йилларга кўпайтириб кўрингчи?!
Бошқа зарурий эҳтиёжлар чеклансада, ёстиқ тагига қўйиб борилаётган бу маблағлар машинага етгунча 4 ёки 5 йилгача тегинилмайди. Энг ёмони, шунча йиғилган пулга олинган бу «бисот», эгаси келгач бир минилиб, кетгач яна дарвозахонада ёки гаражда пассив мулк бўлиб туришга маҳкум этилади. Ўша маблағлар омонат тизимига йўналтирилганда, эгаси келгач эса ҳавасдаги «бисот»ни олишга шошилмай, бирор тадбиркорлик қилинганида... Балки оила давраси тўкис бўлиб, қайта хорижга боришга ҳожат қолмасмиди.
Данғиламма тўй васвасаси
Тўй — бу асли никоҳ асносидаги оилавий маросим ҳисобланса-да, кейинги пайтларда кимўзарга баҳслашадиган, таъбир жоиз бўлса, ўзининг нечоғли «тўқ»лигини бошқаларга намойиш этадиган воситага айланди. «Одамлар нима дейди» деб, қилинаётган «кўз-кўз» туфайли бир неча йил заҳмат чекишга мажбур бўлиняпти. Кейинги пайтларда бу «орзу-ҳавас»лар борасида тафовут қисқариб, ҳеч кимнинг бировдан кам бўлгиси йўқ. Афсуски, бугунги кимўзарда донг таратувчи, эртанги «жабрдийда»га айланиб қолмоқда.
Шунақа «орзу-ҳавас»ли бир танишим 20 йилдан буён Россияга қатнайди. У муҳожирликнинг илк йилларида топганига уй солиб, «уй тўйи» қилди. Кейин топганига данғиллатиб «ўғил тўйи» қилди.
«Одамлар нима дейди» деб, қарз кўтарса-да «душман кўзига» машина олди, унгаям «машина тўйи» қилиб берди. Аммо қарз қайтарарда 19 ёшли ўғлини ҳам ўзи билан олиб кетди. Топгани тўйга буюраётган, бугун ёши бир жойга етган танишимнинг соғлиғида бир қанча нуқсонлар бўлиб, шифокорлар огоҳлантиришига доимгидек бепарво: «дўхтирлар айтаверади-да», деб қўл силтайди. Даволанишга гўё вақт ҳам, имкон ҳам йўқдек. Лекин бир йилдан бери, янги тўйга деган тўрт бош қўчқор, бир новвос қозиқда. Турфа хил ичимликлар ертўлада тахт. Етмаганига, қарз кўтармоқчи. Ишқилиб, бирор ками кўсти бўлмасин. Ахир, «одамлар нима дейди».
Таниш ҳолатми? Шу тарзда ўтадиган кўп тўйлар, балки эгасига бир лаҳза бахтли онларни тақдим этар. Аммо, ниманинг бадалига? Йиллаб яқинлар дийдоридан узоқдаги, муҳожирликдаги оғир ҳаёт эвазигами? Йўқотилган соғлиқ, сарф этилган куч ва умрининг гуллаган лаҳзалари эвазигами? Энг ёмони, шу каби «орзу-ҳавас»лар соҳиблари учун оғир лаҳзалар айнан ўша тўйдан кейин бошланади. Етишмовчилик, қарз қистови сабаб, яримжонлигига қарамай ота янги куёв болани олиб, яна узоқ юртга кетишга мажбур бўлади. Чунки вақтида фарзандининг таълими билан қизиқмаган. Энди у ҳам касбсиз, ҳунарсиз муҳожирликка маҳкум. Тўй ЗАГСидаги автомобиллар кортежи учун 5-6 миллион сўм сарфланади-ю, ёш келиннинг репродуктив ҳолатини яхшилаш учун 100 минг сўмлик дармондорига пул топилмайди. Ўнлаб яшик ароқ ортиб қолади-ю, уйда ҳаммом чала. Қиш-қировли кунга ўтин-у, кўмир йўқ.
Маълумотларга кўра, арманлар келин-куёвни, яъни бўлажак ёш ота-она организмини катта ҳаётга тайёрлашни тўйдан анча олдин бошлаб, тиббий кўрикдан ўтказиб, витамин ва бошқа зарур воситалар билан таъминлар экан. Бизда никоҳланувчилар учун мажбур қилинган тиббий кўрикни ҳам иложи бўлса, таниш-билиш орқали четлаб ўтиб, осон ҳал этамиз. Фарзандини тиббий кўрикка олиб боришни эса ҳеч ким хаёлига келтирмайди. Ахир битта-яримта кўриб қолса, «одамлар нима дейди».
Ҳали ҳашаматли тўй ва ЗАГСнинг завқли дамларидан масрур куёв, висолга қонмаёқ, жуфтининг бағрини совитиб кетишга мажбур бўлса. Дунёга келажак илк фарзанди дийдорини кўролмаса, нуридийдасини бағрига босолмаса, оталик бахти татимаса... «Орзу-ҳавас»лар ортидаги жабру ситамлар алгоритми шу тазда давом этаверади.
Ҳозир баъзи тўйларда дабдаба учун тонналаб гўшт, юзлаб ичимликлар, миллиардлаб маблағ сарфланмоқда. Ҳатто ер юзининг фаровонлик нуқтаси бўлган Америкада ҳам тўй дегани яқин дўстлар даврасида битта димланган курка билан ўтиб кетса-ю, бизда шунча дабдаба.
Қани энди тўй ўтказишда манманлик ва риёкорликдан бироз чекиниб, меъёр ва мўътадилликни танласак. Тўйни «одамлар нима деса десин» тарзида ўтказиб, тежалган пулга келин чеварлик қилса, куёв ҳеч бўлмаса бирор ҳунар билан шуғулланса, чорва боқса; оила даромади ошиб, болалар ота бағрида улғаярди. Тўйда нимадир кам бўлса ҳам, энг муҳими, оила бағри тўкис бўлсин. Оила кемтик бўлиб, дарз кетса, унда кўринг — одамлар нима дейди...
Шуҳрат Нормуродов
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter