Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Ulug‘bek Oripov

Ba’zan sukut haqiqatdan afzal bo‘lishi mumkin.

«Обод қишлоқ»да «дам еб ётган» қурилишлар: бефарқлик ва масъулиятсизлик қачонгача давом этади?

«Обод қишлоқ»да «дам еб ётган» қурилишлар: бефарқлик ва масъулиятсизлик қачонгача давом этади?

Фото:«Xabar.uz»

Муаммо

Узоқ Қашқадарёнинг Китоб туманида Катта Тўпчоқ қишлоғи бор. Серманзара, ерлари унумдор, аҳолиси меҳнатсевар гўша. 2019 йилда ҳудуд «Обод қишлоқ» дастурига тушганини эшитиб аҳоли севинди: ниҳоят бизда ҳам йўллар равон, бинолар кўркам ва чиройли бўлади!...

Хуллас, қурилишлар бошланди. Қишлоқнинг марказий кўчаси асфалт қилингани, ичимлик суви тармоғини яхшилаш ишлари бошлангани умид учқунларини янада алангалатди.

Ўша кунларда аҳоли орасида бир хабар тарқалди: «эски врачлик пункти бузилиб, ўрнида МФЙ биноси қуриларкан, ҚВП бошқа жойга кўчаркан!»

Худди шундай бўлди.

Афсуски, бугун бу ўзгаришларни кўриш учун қишлоққа борсангиз кўнглингиз хижил бўлади: Тузуккина ҚВП биноси бузилиб, ўрнида чоғроққина ғиштли бино кўтарилган. Энг ёмони 2019 йилдаёқ тўхтаб қолган қурилиш, шу аҳволда бир ярим йилдан бери «чалажон» ётибди. Бино атрофидаги ҳолат (суратларга қаранг) «снос» кетаётган маҳаллаларни эслатади. Қишда тизза бўйи лойга ботсангиз, ёзда чангга беланасиз, боз устига атрофдаги манзара ҳам сизни хурсанд қилмайди...

Қишлоқ марказининг ҳолати бугун шундай.

Бир неча минг аҳолига хизмат кўрсатиши лозим бўлган кичик шифохонанинг эски қишлоқ идорасидаги учта хоначага қамалиб қўйилиши, ностандарт муҳит ва янги шифохона биносининг битмаётгани ҳам бир мақолага арзигулик муаммо...

Шифокор қадри

Тўпчоқ врачлик пункти янги 2021 йилдаги фаолиятни мослашмаган, собиқ иттифоқ вақтида қурилган бинонининг бир бурчагида бошлади. Бир жойимиз оғриса, дарров шифокорлар кўзимизга кўринади, югургилаб қоламиз. Аммо уларга шароит яратишга келганда...

Эски бино бузилаётганда, шифокорларга ажойиб ва қулай шифохона қуриб берилиши бўйича ваъдалар берилди. Аммо бугун янги бинода ҳам ишлар айтарли даражада зўр эмас. Қурилиш-ку битган, аммо бинони тайёр ҳолатга келтириш ва бошқа зарурий ишлар депсиниб қолмоқда.

Хуллас, ўз биносидан «қувилган» шифокорлар бугун ноқулай муҳитда ишлаб, ўзгаришларни кутишмоқда.

Врачлик пунктини ишга тушириш ўлда-жўлда бўлиб қолмоқда. 

«Журналистсан-ку... ёзолмайсанми?»

Қишлоққа борганимда оддий одамлар шундай дея дашном беришди. Ростда, сўнгги йилларда ОАВнинг чиқишларига одамлар бефарқ эмас, журналист, блогерман деганга умид кўзини тикишмоқда. Натижада, кичик мурожаат тайёрлаб туман ҳокимлиги билан боғландим. Ёлғон бўлмасин, туман ҳокимлиги ахборот хизмати вакили Қаҳрамон Оқилов «лаббай» деб жавоб берди.

Аммо...

Ҳокимлик расмийлари  калаванинг учи туманда эмас, вилоят маркази - Қарши шаҳрида дейишди, қурилиш корхонаси эса Сардобадаги талофотларга қарши курашиш билан банд эканини айтишди, холос.

Ечим вилоят раҳбарияти қўлидами?

Куни кеча Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг қисқа муддатли таътилга чиққани ҳақида хабар берилди. Вилоят раҳбари таътилдан қайтганда, ушбу кичик (аммо қишлоқ учун муҳим) муаммога эътибор қаратса аъло бўларди. Зеро, Катта Тўпчоқ, туман  марказидан атиги 10-15 километр узоқликдаги, йирик қишлоқлардан бири. Бу ерда ислоҳот ва тараққиёт нафаси сезилиб туриши керак.

Улкан тоғлар бағридаги олис аҳоли масканларига боришни канда қилмаётган вилоят ҳокими Китоб шаҳридан кўпам олис бўлмаган қишлоқ аҳолиси дардига қулоқ солади деган умиддамиз.

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети