Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Ulug‘bek Oripov

Ba’zan sukut haqiqatdan afzal bo‘lishi mumkin.

«Калтак методи» эскирди, бизга янгилик керак

«Калтак методи» эскирди, бизга янгилик керак

Фото:«Deccanchronicle.com»

Ижтимоий тармоқларда ва айрим ОАВларда «ўқитувчи ўқувчини калтаклади ва вазифасидан маҳрум бўлди», «фалон мактабда ўқитувчининг зарбига чидай олмаган бола касалхонада ётибди» қабилидаги хабарлар кўпайиб кетди. Либерал қатлам ривожланган давлатлардаги ўқитувчи-ўқувчи муносабатини намуна сифатида кўрсатиб, ўрнак олишга чақирса, катта авлод: «Бизнинг давримизда ўқитувчилар болаларни билакдек таёқ билан саваларди, зириллаб турардик», дея педагогларнинг ёнини олди. Хўш, кимгадир арзимасдек кўринган ўқитувчи-ўқувчи ўртасидаги зиддият таълимдаги қандай муаммолардан дарак беради?

1. Ўқувчиларда таълим олишга нисбатан маъсулиятнинг камлиги. Бунда ҳамма юк мактабга тушади. (Одамларда боламни мактаб билимли қилиб беришга мажбур деган тушунча мавжуд) Тизимдаги энг катта муаммо айнан шу деб ўйлайман. Ўқувчилар келажакда ўзларининг муваффақиятларини тасаввур қилиб, унга интилиб эмас, ота-онанинг қистови ёки ўқитувчининг тазйиқи остида ўқийдилар. «Арзоннинг шўрваси татимас» деганларидек, 11 йиллик умумий ўрта таълим қадри ҳам ўқувчилар олдида ҳаминқадар. Кўпчилик ўқув даврини 11 йил мактабга қатнаш ва бир амаллаб битириб кетиш дея ўйлайди. Ўз-ўзидан таълимни менсимаслик ва лоқайдлик педагог билан ўртада муаммони келтириб чиқаради.

2. Дарсни назорат қилишда болаларнинг диққатини ўзига жалб эта олмаган педагог «таёқ методи»ни қўллайди. Чунки болага физиологик таъсир ўтказиб, уни бўйсундириб олиш осон, деган тушунча бор. Қизиқарли дарс ўтадиган, ўз устида ишлаган, энг муҳими, ўз предмети болалар учун муҳимлигини уқтира олган педагог куч ишлатишига ҳожат қолмайди.

3.Дарс ўтиш услуби ва дастур бўйича ўқитувчини эркинлаштириш маъқул. Бугун ўқувчиларни ўзига оҳанрабодек тортаётган репититорлар ва хусусий ўқув марказларида дарс ўтиш тартиби эркин ва самарали. Шу сабабли ўқувчи эътибори учун курашда умумтаълим мактаблари уларга «мағлуб бўлмоқда».

Демак,  муаммони бартараф этиш учун биринчи навбатда:

а) ўқувчи кўз ўнгида таълимнинг қадрини ошириш керак;

б) унинг таълим олиши учун фақат ўқитувчи эмас, ота-она ҳам жон куйдирмоғи лозим (кўпгина ота-оналар ўзлари фарзанд таълимига вақт ва маблағни кам ажратиб, якундаги муваффақиятсизликда ўқитувчиларни айблайдилар);

д) аҳли илмнинг жамиятдаги мавқеини ўқувчилар кўз ўнгида ошириш зарур.  Яхши ўқишни режа қилган бола келажакдаги прототипини тасаввур қила олиши жуда муҳим.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бирининг пости эътиборимни тортди: «Ўзбекистонда ўнта боладан тўққизтаси ҳарбий, прокурор, милиция, ёки спортчи бўлишни орзу қилади. Чунки оиласини таъминлаш, катта маош олиш, эл-юрт олдида бошини тик кўтариб юриш учун шу касблардан фахрлиси бўлмаса керак.

Илм-фан-чи? Буни фақат романтик болакайларгина орзу қилиши мумкин. Масалан, кимёгар ёки физик бўлишни орзу қилган бола университетдаги шу факультетни битирса, мактаб ёки институтда ўқитувчи ёки бирор бир заводда оддий ходим бўлади. Чунки ишлаш, кашфиёт қилиш учун унда лаборатория йўқ. Ёзган илмий иши қоғозда қолиб кетади. Йиллар ўтиб уни шогирдига беради, у эса бири-иккита ҳарфини ўзгартириб қайта ёқлайди.

Ёшларни қўллаш учун кредит ажратиляпти: ҳаммаси тадбиркорлик учун. Биронта илмий ғоя учун ажратиладиган кредит йўқ. Фақат келажаги йўқ бизнес ғоялар учун.

Тадбиркорлик яхши, аммо яратувчанлик ва кашфиёт ҳам давлат ривожланишининг муҳим омили ҳисобланади. Фақат мол ва товуғимиз, томорқамизга ишонмай калламизга ҳам ишонишимиз керак».

Шу гапларнинг ўзиёқ мактабларимиздаги бугунги ҳолат ҳақида тасаввур уйғотади.

Яна бир муаммо: мактабларимизда барча болалар стандартлашишга мажбурланади, яъни бир хиллик талаб этилади. Аълочига ҳам, ўртамиёна ўқийдиганга ҳам бир хил стандарт қўйилади. Таълимда оқсаётганларга далда (мотивация) бериш, улар билан ишлаш даражаси жуда паст.

Фото:«Bigthink.com»

Шунингдек, яна битта омил: ўзбек мактабларида ўртача бир синфда 30 ёки шунга яқин ўқувчи ўқийди. Бир соатлик дарс эса 45 дақиқадан иборат. Ўқитувчи ҳар бир болага бир дақиқадан вақт ажратса, янги мавзу ва бошқа ташкилий ишларга 15 дақиқа вақт қоларкан. Шуни инобатга олган ҳолда, дарс соатлари давомийлигини 50-60 дақиқагача узайтиришни таклиф этган бўлардим.

Таълим тизими бўйича жаҳонда етакчи Финландияда ўқувчиларнинг мактабда дарслар оралиғида ҳордиқ чиқариши масаласига алоҳида эътибор берилар ва бу муддат 15-20 дақиқадан кам бўлмас экан. Бу ўқувчига дарсдан сўнг чалғиш, мияни тиниқлаштириш имконини беради.

Хуллас, жамиятда қайси мавзу трендга чиқиб-тушмасин, таълим мавзуси ҳар доим муҳим бўлиб қолаверади. Бу соҳада жиддий ислоҳотлар бўлмас экан, бошқа муаммолар ҳам бўй кўрсатаверади.

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети