«Ичкари»да навбат кутаётган муаммолар: вазир Абдуқодир Тошқуловга очиқ мактуб
Олий ва ўрта махсус таълими вазири Абдуқодир Тошқуловнинг лавозимга тайинланганига кўп бўлмади. Кўпчилик янги вазирни соҳани ўзгартира оладиган бир куч сифатида кўрса, бошқалар ўзгариш кутмаслигини изоҳлади, яна кимдир кузатувчи мақомида қолди.
Вазир келгач, унинг икки чиқиши омма эътиборини тортди. Биринчиси — хорижий меҳмонлар олдига талаба қизларнинг гул кўтариб чиқиш одати ҳақида бўлса, иккинчиси — бир қаватда истиқомат қилувчи талаба ўғил-қизлар масаласи бўлди.
Четдан кузатувчи одамда савол туғилади: шу муаммоларни айтиш учун вазир алмашиши керакмиди ёки булар вазир даражасига чиқиши ва муносабат билдирилиши лозим эдими?
Бу билан юқоридагиларни ўта арзимас ёки кераксиз масалалар демоқчи эмасман. Ўзбек жамиятида таълим ва тарбия бир олиб борилиши ҳаммага аён.
Аммо Ўзбекистонда коррупциялашган ва танқидлар гирдобидаги тизимни жонлантириш учун фундаментал ислоҳотлар қилиш керакки, юқоридаги муаммолар унинг олдида ҳеч нарса эмас.
Собиқ талаба сифатида уларни айримларига тўхталиб ўтмоқчиман.
Биринчиси, профессор ва ўқитувчилар масаласи. Том маънода, бугун ОТМларда кадрлар масаласида «янги қон» керак. Ўқитувчилар таркибини жиддий кўриб чиқишни кун тартибига қўйиш лозим. Талабалик пайтимизда дарсни қўл учида ўтадиган айрим устозларнинг маърузасида аудиториянинг ярми ҳам тўлмасди. Қаттиққўллик ёки «баҳо сиёсати» билан ушлаб турарди кўпчилик ўқитувчилар. Айримлар сессияда «ёмон кунлар келиши» билан қўрқитарди (балки ҳозир ҳам давом этаётгандир бу ҳолатлар).
Иккинчиси, форма масаласи. Бир қарашда ҳамманинг тартибли кийиниши ва тафовутлар камлиги яхши, аммо йиллар давомида форма масаласи ўзбек жамиятида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқдаки, тизимдаги бошқа муаммоларга «сакраб ўта олмай» қоляпмиз. Кийиниш масаласида талабаларга бироз эркинлик бериш мақбул ечим деб ўйлайман.
«Учинчи семестр» муаммоси: эндиликда икки семестрда баҳо ололмаган талабалар қўшимча пул тўлаб «учинчи семестр»да қарзларини ёпади дея хабар берилди. Хўш, тўлов-контракт пайдарпай ошиб бораётган, вилоят марказлари ва пойтахтда қийин ижтимоий шароитларда яшовчи, ишга жойлашиш ва ижарада синовдан ўтаётган талабага «ҳимматми» бу? Мазкур жараённи шунчаки бепул қилиш учун танқидлар тўлқини керакми?
Ва шунингдек, «ижтимоий дискриминация» гирдобида қолаётган жабрдийда қатлам – талабалар ҳақ-ҳуқуқлари масаласи. Маълумки, барча ОТМларда талабаларни турар жой билан таъминлашга шароит йўқ. Шунақа пайтда талабалар яна бир айирмачиликка дуч келади – кўплаб ижарачилар уларни ижарага қўйишни истамайди. Бу биттагина ҳолат, холос. Ишга олишда, иш шароити яратишда ва бошқаларда ҳам талабаларни ажратиш ҳоллари кузатилади. Шундай ҳолатда вазирлик жамиятдаги ёш, аммо келажаги бор қатламни ҳимояловчи тадбир ўйлаб чиқса зарар қилмасди.
Ўз бошимдан ўтган яна бир фактор ҳақида гапирмоқчиман: журналистика факультетида ўқиб юрганимизда ойлаб телевидениега амалиёт рухсатномаси ололмаган тенгдошларимни кўрганман. Умуман олганда, амалиёт деганда кўп ҳолларда қўл учида тўлдириладиган бир неча варақ қоғоз кўз ўнгимизга келади. Амалиёт бюрократиялашган, талаба учун бошоғриқ яна бир муаммо эмас, унинг келажак касби учун дебоча бўлиши керак эмасми? Талабанинг амалиёти ва иш ўрганиши ҳақида, керак бўлса, энг юқори даражада жон куйдириш муҳим деб ўйлайман.
Зеро, талаба назарияни булбулдек сайраб, ишга келганда нўноқлашса бундан кимга фойда?
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter