Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Ulug‘bek Oripov

Ba’zan sukut haqiqatdan afzal bo‘lishi mumkin.

«Ҳақиқий демократия» қаерда?

«Ҳақиқий демократия» қаерда?

Фото: «Bigthink.com»

«Ўтмишда эркинлик номи остида кўп улуғ ишлар қилинган, лекин айнан уни рўкач қилиб қанча гуноҳлар ҳам содир этилган. Одам хаёлига келтирганида юраги дукиллаб уриб кетадиган шу калом билан қанчадан қанча жиноят-у, нодонликлар, эҳтирос, алдов, сўқирликлар ўзини безади ва безамоқда»

В.Винделбанд, немис файласуфи

2015 йили бутун «Кўҳна қитъа»нинг «инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари» норвегиялик бир жиноятчини ҳимоя қилиб чиқишди. Унинг исм-фамилияси Андреас Брейвик. Эътибор беринг, у нима учун қамалган: болалар лагерида 77 нафар болани отиб ташлаган. Бундан ташқари яна бир қатор терактларни амалга оширган. Ҳайвонларга хос бўлган бу ишлари учун жаноб Брейвикни 22 йилга қамашган...

Норвегия инсон ҳуқуқлари энг юқори даражада ҳимоя қилинадиган мамлакатлардан бири ҳисоблангани учун у ердаги қамоқхоналар ҳам унча-мунча меҳмонхонадан қолишмайдиган ҳолатда. Брейвик учун нақ учта хона ажратилган: бири ётоқ, бири спортзал, бири офис. У қамоқхонадаги шароитлардан нолиб Норвегия ҳукуматини судга берди. Келтирилган сабабларни қаранг: «Қаҳвани вақтида келтиришмаяпти», «Деразадан жуда хунук манзара кўринади», «Қўшни хоналардаги шовқин хаёлимни жамлашга халақит беряпти»… Бу майнавозчиликдан бошқа ҳеч нарса эмас. Мамлакатнинг 77 нафар фарзандини отиб ташлаган одамни яхши шароитда сақлашнинг ўзи даҳшат. Яна у бемалол интернетдан фойдаланади. Хоҳлаган ишини қилади, мамлакатни судга беради. Шундай разилни бутун Европа оммавий ахборот воситалари ҳимоя қилиш пайида. Буни инсон ҳуқуқларининг ҳимояси дейиш мумкинми? Йўқ, бу — инсоннинг топталиши. Бундан ташқари, Брейвик ашаддий миллатчи ва инсонийликка салбий  назар билан қарайдиган шахс. Сиз ва биз «эркин ва демократик» дея ишонадиган Европа нашрлари уни қаттиқ ҳимоя қилмоқда. Хўш, адолат қаерда қолди? Ушбу нашрлар эркинлик эмас, пропаганда қуролига айланиб қолмадими?

Бугун кўпчилик «эркинлик» деган сўзга қаттиқ ёпишиб олди. Тўғри, эркинлик барча учун қадрли сўз. Аммо унинг баъзи «кўриниш»лари минг йиллар давомида инсоният тамаддунини мўътадил ўзанда ушлаб турган анаъаналарни емирмаяптими?

Торонто (Канада)да 1967 йили бир воқеа рўй берди. Кўчага жуда калта ва очиқ кийиниб чиққан икки аёлга ҳамма ажабланиб қарарди. Айнан мана шундан сўнг ғарбликлар узун кўйлаклардан воз кечишди ва ҳалиги икки аёл ўзига хос «кийиниш (кийинмаслик) одатини бошлаб беришди» (Ш.Тўлаганов изоҳи). Бугунги ёшлар эса шу икковининг бир аҳмоқона хатти-ҳаракатини юксак тараққиёт намунаси дея ўзлаштиришди ва жаҳонда миллий ва одатий кийинувчилар тобора камайиб бормоқда.

Назаримда, эркинликни бошқача маънода тушунадиганларга унинг асл моҳиятини тушунтирмоқ керак. Масалан, кимдир ғарб услубида кийиниш ва ғарбча бошқа одатларни ўргандими, бу унинг эркинликни йўқотганидир. Ёзувчи Ўткир Ҳошимов айтганидек «Ғарб ўз маҳсулотларини ёйишга, ўз қарашларини сингдиришга жуда уста». Кунчиқардан кунботишгача уларнинг нашрлари, маҳсулотлари, кинолари, санъати машҳур. Аммо биз уларни юз фоиз аслича қабул қила олмаймиз.

Жорий йилнинг 8 июль куни Лондонда бир воқеа содир бўлди: бир жинслилар никоҳи тарафдорлари шаҳарнинг марказий кўчаларини тўлдириб намойишга чиқишди (дунёнинг ишларини қаранг, уларга қаршилар бир неча ўнтадан ошмади!). Европа ва Америкада бундай намойишлар одатий ҳол. (Ҳатто, АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама Олий Суд мазкур никоҳ қонунийлаштирилганини эълон қиларкан, «Facebook»даги саҳифасига сурбетлик билан «Севги ғалаба қозонди» (Love just won) деб ёзганди).

Лондондаги намойишни мен «YouTube»дан кузатдим. Оддий камерага муҳрланган дилни хира қилувчи тасвир бир мудҳиш ҳақиқатни ошкор қилаёзди: «ўз жинсига мойиллар» тарафдорлари жуда кўп ва улар асосан ёшлар, уларга оила қадр-қиймати сариқ чақа. Уларга қарши эса бир тўп қариялар жамоаси. Улар эса анаъанавий никоҳ (traditional marriage) тарафдорлари. Демак…

Бесоқолбозликнинг мудҳиш рамзларига бурканган ёшлар ўзларини инсофга чақирмоқчи бўлган, Инжилдан уларга оиланинг муқаддаслиги ҳақида оятларни ўқиб бераётган ёши улуғ кишини калака қилишди, ҳақоратлашди. Менинг бу қаёққа кетаётганини ўзи билмайдиган оломондан жаҳлим чиқмади, уларга ачиндим, чунки улар шу жирканч ва дўзахий йўлни эркинлик, демократия чўққиси деб атайдилар.

АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида бўлиб ўтган намойиш манзаралари ундан-да оғриқлироқ: ўзини бутун дунёни бошқаришга даъвогар қилиб кўрсатадиган давлат фуқаролари ақлдан озган, чамаси: ота ўғилни, қиз онасини бир жинслилар никоҳи қонунийлаштирилгани билан табрикламоқда. Худди мислсиз бахтга эришгандек ҳамма мамнун, табриклар ва қувончлар чексиз…Ўртага чиқиб «ҳай барака топгур, ота-онанг, аждодларинг қандай яшаганди? Сен қандай туғилгандинг ва шу йўлни танласанг, бу  юртни кимга ташлаб кетасан» дея оладиган кас йўқ…

Абдурауф Фитрат «Шарқ сиёсати» рисоласида «Оврўпонинг бизга берадиган нарсалари белгилидир: сафоҳат, ахлоқсизлик, қимор ва шаробхўрлик. Бутун башарият ҳаётига, маишатига, ишига раҳна солувчи шароб дўконлари юртимизда шу Оврўпо бойлари ҳиммати ила қурилди. Ажабо улар бу ишни билиб қилдиларми, билмай қилдиларми? Албатта жўрттага билиб қилдилар, турли фоҳишахоналар, майхоналар очиб, бизнинг ахлоқимизни бузмоқ, бизнинг соғлиғимизни хароб этмак ва уруғимизни қурутуб, бизни ишдан чиқармоқ ва ўз қўллариға муҳтож қилиб қўймоқдир» деб ёзганди. Бу сўзлар бугун ҳам долзарб. Фақат сохта эркинлик аввало бугун Ғарбнинг ўзини ҳалок этмоқда.

Бугунги ёшларга айтар сўзим: эркинликни севинг, аммо сохта эркинликка алданиб қолманг! Баъзан минг йиллар давомида шаклланган қадриятлар ҳар қандай янгиликдан устун туради. Бу ҳаёт қонунияти, уни бугунги воқелик тасдиқлаб турибди.

 

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети