Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Нурбек Алимов

Оз нарсани қурбон қилган одам, оз нарсага эришади. Кўп нарсани хоҳлаган одам эса кўпроқ нарсадан воз кечиши кераклигини билади.

Ҳокимлар ва бўлажак депутатлик сайловлари

Ҳокимлар ва бўлажак депутатлик сайловлари

Фото: law-lider.ru

Менга шу соҳага алоқадор инсоннинг ёзишича, бу йилги сайловларни демократик очиқ ошкора ўтишидан умид йўқ. Ҳозирдан ҳокимлар (вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари) депутатликка фақат ўзи танлаган одамларини қўйишга ҳаракатни бошлашган.

Сайлов кодексининг янги таҳририга биноан энди ҳокимлар шаҳар, туман, вилоят Кенгашларига раҳбарлик қила олишмайди (эски тартиб бўйича улар депутат сифатида сайланиб, Кенгашларга априори раҳбарлик қилишар эди).

Энди агар депутатлар ҳокимликдан мустақил бўлиб, уларни назорат қилишса, ҳокимларнинг уларга тиши ўтмай қолишидан қўрқишмоқда, шунга тайёргарлик, дейди суҳбатдош.

Ҳозир сайловларга номзодларни ҳокимият назоратидаги ташкилий бўлим кўриб чиқмоқда. Масалан, Фарғона вилоят ҳокими Олий Мажлисга ҳеч кимни қўймаяпти. Ишонсангиз, туманлардан биридан номзоди илгари сурилган партия сиёсий кенгашида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаётган номзодни ҳам 2-3 марта инкор қилибди. Номзодликка асосан вилоят ҳокимига содиқ одамлар, ёки жиноий ўтмиши бор, бошқариш осон кишилар қабул қилиняпти. Хуллас, Тошкентни билмадим, вилоятларда яна эски вазият. Сиёсий кенгашнинг ҳам тиши ўтмаяпти, қоида бўйича сиёсий кенгаш тақдим қилгани билан, вилоят ташкилий бўлими тасдиқлаши лозим экан.

Бу фактлар, яъни ташкилий бўлимдан қайтарилаётгани, партия сиёсий кенгаши доирасидаги аниқ ва тарқатилмаган маълумот. Партия имкон қадар келишишга мажбур экан, дея фикрини якунлайди суҳбатдош.

Ўзбекистонда бир ёзилмаган қоида бор, туман, шаҳар ва вилоятлардаги ҳар бир ташкилот ҳокимиятга бўйсунади. Энг қизиғи, бешта сиёсий партиянинг ҳаммаси норасмий равишда ҳокимликларга бўйсуниб, уни айтганини қилиб ишлайди. 

Эх. Мен бўлса, энди ҳокимларни ҳам сайлаш пайти келмадимикин деб юрибман. Аввал сиёсий партияларни уларнинг чангалидан қутқариш керак эканку. Сиёсий партияларни ҳокимлар қарамлигига сабаб эса оддий: уларга қўйилаётган аъзолик бадаллари, обуна каби ишларни уларни рухсатисиз бажара олишмайди, чунки партияларда 50 фоизи «ўлик» аъзолар. Қолгани ўзи партиядалигини ҳам билмайдиган бюджет ташкилотлари ишчиларидан ташкил топган. Шунинг учун ҳокимиятнинг қош қовоғига қараб ўтиришади.

Энди қаранг, сиёсий партияларга, яъни мустақил сиёсий кучга эга бўлиб, эртага депутатларини сайлаб, қонунлар чиқарадиган шу ташкилотларни устидан, ўша қонунлар ижросини бажарувчи ижро ҳокимияти бошлиқ бўлиб олган. Бу худдики супермаркетдаги сотувчи, ўша супермаркет директорини ота онасига нима иш қилишни буюраётгандай гап. Шу даражада абсурд тизимни кўрганмисиз?

Ҳурматли ҳокимбувалар, шундоқ ҳам ишингиз кўп, шу партияларни ўз ҳолига қўйиб, сайловларни демократик руҳда, ҳақиқий шу ишга лойиқ одамларни сайлаб ўтказайлик. Шундоқ ҳам халқ депутатларини танимайди, эртанги фуқаролик жамияти қуришимизга озгина ҳиссангизни қўшинг.

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети