Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

1941 йил экспедицияси қолдирган жумбоқлар: Темур тобутига райҳон элементлари қаердан келиб қолган, энг қиммат экспонат нега ҳеч кимга кўрсатилмайди?

1941 йил экспедицияси қолдирган жумбоқлар: Темур тобутига райҳон элементлари қаердан келиб қолган, энг қиммат экспонат нега ҳеч кимга кўрсатилмайди?

Фото: «Xabar.uz»

(Иккинчи мақола. Биринчи мақолани бу ердан ўқинг)

Темурийлар хилхонаси очилишида олиб қолинган буюмлардан айримлари музейларимизда сақланади. Улар ҳақида бугунгача айтилмаган, лекин айтилиши керак, шарт бўлган гаплар бор...  

«ТОБУТ ҚОҒОЗ ХАЛТАДА ОЛИБ КЕЛИНГАН ЭДИ...»

Амир Темур тобутда дафн этилгани сабаби ҳақида аниқ бир гап ёзиб қолдирилмаган. Майит шариат қоидалари асосида  кафанланиб, юзи Маккага қаратиб қўйилган бўлган. 71 ёшли Амир Темур Ўтрорда, урушга кетган жойида дарддан оламдан ўтган. Уни Самарқандгача яширинча олиб келиб дафн этиб бўлгандан сўнг, аза очишган. Темур тобути одатдаги тобутлардан фарқ қиладиган жиҳати: бурчакларида тўртта оёқчаси бор, у тобут зах ерга тегиб туришидан асраган.

Амир Темур дафн этилган тобут. Фото: «Xabar.uz»

Афтидан, мўмиёланган майитни тобутда кўмишдан мақсад уни захдан асраш бўлган. Лекин, афсуски тобутнинг қопқоғию, устидаги тобутпўшгача лойқаланиб зарар кўриши ариқдан қочган сув тобутдан анча баландлаганидан далолатдир. (Вақт ўтиб, бу сувнинг бир қисми буғланиб, бир қисми ерга сингиб кетган).

Ҳозирда Амир Темурнинг тобути Самарқанддаги Ўзбекистон маданияти тарихи Давлат музейида экспозицияга қўйилган. Истаган инсон тобутни яқиндан кўриши мумкин. Шу тобут бир вақтлар парчаланган ҳолда, қоғоз халтада археология институтига олиб келинганини тасаввур қиласизми?

Ўзбекистон Фанлар Академияси археолгоя институти Самарқандда 1970 йилда иш бошлаган. Даргоҳда ўтган давр мобайнида не-не ғаройиб воқеаларга гувоҳ бўлишмаган? Тарихий тобут бу ерга икки марта олиб келинган. Эскпонатни бевосита тиклаган олимлардан бири Шариф Илҳомов ҳозирда Тошкентда яшайди. У тарихчи ҳам, археолог ҳам эмас, балки кимёгар реставратор. Саксонлардан ошган Шариф ота ҳақида «Ёдгорликларни кимёвий усуллар билан таъмирлаш ва консервациялаш соҳаси асосчиларидан бири» деб айтишади. Шариф Илҳомов институтда кимё лабароторияси очилган кезлардаги хотира билан ўртоқлашади:

«Бобурийларга бағишланган халқаро анжуман ўтадиган бўлди. Мудрика Ҳасанова деган музей директори бор эди. У анжуман олдидан тобутни музей залига қўйишини айтиб тобутни келтирди. Чанг босиб, деярли кўмир бўлиб қолган. Реставрация қилмадик, озгина ишлов бердик – фақат тозаладик. Айрим жойлари қийшайиб, ўзгарган. Энди борми деса бор дейдилар, кўрсатадиган бойлигимиз эди. Лекин қопқоғи йўқ эди».

Шариф Илҳомов. 

Шундай килиб нодир эскпонат номдор яхудий Абрамов уйида жойлашган музейга қўйилган. Кейин, 70-йиллар ўрталарида Регистон ёнбошида янги, ҳашаматли музей битгач, бошқа ашёлар қатори тобут ҳам янги бинога кўчириладиган бўлган.

«Бор нарсани гапираман, ўша тобутни икки киши кўтарган, қўлдан тушиб кетган. Дабдаласи чиқиб кетган. Крап мешок дейдику ана шунақага, қоғоз халтага солиб олиб келган. Мудрика Ҳасановна «Нима қиламан?» деб йиғлаяпти...», — хотирлайди суҳбатдошимиз.

Шариф ота таниқли тарихчи Абдуғани Абдураззоқов бошчилигида ишга киришганларини эслайди: «Биринчи қилган ишимиз – қопдагиларни оҳиста столга ёйдик...»

Реставрация жараёни узоқ давом этган экан. Остидаги тахта умуман майда-майда бўлиб кетгани учун уни фанерга йиғишга мажбур бўлишган экан: «Қандай бўлса ўша ҳолатда териб, остидан фанерни ёпиштириб қўйдик. Уст қисмидаги тўрт томон тахталари эса оригинал».

Мутахассиснинг айтишича, экспонатнинг аслият қисмига ҳам ишлов берилган. Аввало қийшайишларни текислаш учун ҳар бир қисм алоҳида буғга, махсус шароитдаги буғга тутилган, кейин устига зарар келтирмайдиган миқдорда юк бостириб қўйилган. Емирилган, ўйилган жойлари эса ацетон, мум ва канепол аралашмасига тобут қириндиси қориштирилиб, ана шу қоришма билан тўлдирилган.

Шариф Илҳомов кимёвий таҳлил натижасига эътибор қаратади: 1-хулоса: тобут арча дарахтидан ясалган. (1941 йил таҳлилида ҳам бу маълумот бор). 2-хулоса: қипиқда райҳон ўсимлиги элементлари аниқланган.

«Ўзим ўргандим. Химикман. И-е, райҳон нимага чиқади дедим», — Шариф ота бунгача ўрганган ва бевосита қазиш экспедициясида иштирок этган бошқа вилоятдаги қабрлардан ҳам райҳон чиққанини таъкидлайди. — «Попда Амир Темурдан анча аввалроқ қўйилган майит қабрини очганимизда ҳамма ёғи райҳон эди. Райҳон ҳидида антисептик хусусият бор. Ундан унча-бунча бактериялар, чивинлар қочади. Шунда унинг ириши, сасиши секинлашади».

Суҳбатдошимиз Темурнинг Ўтрорда вафот этганини эслатди. Кейин Навоийнинг «Гулоб ила юву, гул баргидин кафан қилғин» деган сатрини ёдга олар экан, гулоб фақат шароб маъносини бермаслигини уқтирди. «Темур райҳон сувига ювилганми ёки ёнига райҳон қўйилиб, қабрни сув босганда гул элементлари тахтага сингиб кетганми буниси маълум эмас». Шариф ота Темур қабри очилганда атрофни қоплаган хушбўй ҳидни кимёвий таҳлилда чиққан райҳон элементи билан боғлайди. 

Эслатма: Самарқанд шаҳрида ҳозирда ҳам кафан ичига райҳон қўйилади.

Таҳлилда тобут тахтаси таркибида кўплаб туз ҳам борлиги маълум бўлган. Бу қабрга кирган сув тузларими ёки мўмиёлашда қўлланилган тузми – аниқлашнинг имкони бўлмади.

ЭНГ ҚИММАТ ВА ЭНГ ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА...

Тарихчи Амриддин Бердимуродов «Темурнинг қабридаги ягона қимматбаҳо буюм – бу унинг тобути устида ёпилган, олтин ёзувлар битилган чойшабдир» деб ёзади. Бу билан хилхонада жуда кўп олтин-олмослар яширинган деган фикр нотўғри экани таъкидланади.

Ноёб тобутпўш бўлаклари. Фото: «Xabar.uz»

«Экспедиция кундалиги»дан: «тобут устига қорамтир-кўкиш рангли газлама ёпилган эди. Газлама ипакдан майин қилиб тўқилган бўлиб, унинг ўртароғида олтин иплар билан арабча имлодаги ёзувлар бор. Бу ёзувлар балки Қуръон оятлари бўлиши мумкин, лекин газлама бутун сақланмаганлиги ёзувларнинг маъносини аниқлаш имконини бермади...» 

Агар мақбара атрофида ариқ қазилмаганда, ана шу ариқдан сув босишига йўл қўйилмаганда, мато чиримас эди. Газлама сув босиши таъсирида бир қисми йўққа чиқиб қолибгина қолмай, тобут қопқоғига ёпишиб ҳам қолган.

Мустақиллигимиз бизга кўплаб умидлар берди. 1993 йилда тарихчи олим, фидойи инсон Икромиддин Сирожиддинов ярим асрдан буён ертўлаларда қолган тобутпўшни ёруғликка чиқариш таклифи билан чиқди. Тарихчи Ўзбекистон халқлари маданияти Давлат музейида ишлаган вақтидаги воқеани ҳикоя қилади.

Икромиддин Сирожиддинов бугунда Мирзо Улуғбек обсерваториясида фаолият олиб боради.

«Амир Темурнинг тобути Самарқандда, қопқоғи эса Тошкентда эди. Қопқоқ устида тобутпўши ёпишиб қолганини билардим. Мутахассис чақиртириб, улар чиройли ажратилса, ёпинчиқнинг ўзи алоҳида экспонат бўларди. Ўша пайтлар музейимиз бош директори Нўъмон Маҳмудов эди. Қўш экспонатни олиб келиш истагимни қувватлади. Самарқанд шаҳар ҳокими Азиз Носировга хат билан чиқдим, фикрим маъқулланди...», дейди Икромиддин ака.

Маълум бўлишича, хат ижро учун Шликов деган ҳоким ўринбосарга ўтказилган. Бир автобус ажратиб берадиган бўлишган. Аниқроғи, Самарқанд – Тошкент йўналишида қатнайдиган автобусни маълум вақт рейсидан ажратиб, Темур тобути қопқоғи ва тобутпўшни олиб келиш Икромиддин аканинг ўзига топширилган.

«Автобусда Тошкентга жўнадик. Пойтахтда йўловчиларни тушириб автобус рейсдан ажратиб олинди, музейга йўл олдик. Музейдагилар «бермаймиз» деб туриб олишди. Юқори «инстанция»ларга қўнғироқ қилдик. Улар Ойбек музейи директорига айтишди. Ниҳоят, осориатиқани автобуснинг орқасига ортиб автотураргоҳга қайтдик. Яна йўловчи олинди. Энг ноёб экспонат лиқ тўла жамоат транспортида олиб келинган эди...», эслайди тарихчи.

Ана шундай тарзда олиб келинган осори атиқа ярим асрлик эътиборсизликдан сўнг-да, мустақиллигимизнинг 30 йилида ҳам реставрация қилинмагани, эл назарига чиқарилмагани, ўрганилмагани, ертўлада – турган ерида емирилаётгани алам қилади. 

Мавзу ўрганилаётган пайтда антрополог олим Самариддин Мустафоқулов Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош директори вазифасида ишлаётган эди. (Яқинда, узоқ йиллар ишлаган «Афросиёб» музейи директорлигига, севимли жамоасига қайтган). Самариддин ака, айниқса, янги лавозимда, тобутпўш сақланиб турган бинода иш бошлаганда, эскпонатни тиклаш хаёлини банд қилиб қўйганини хотирлайди: «Бу ерда мато сақланиб қолмаган. Фақат нозик кумуш ва тилло иплардан тикилган жойи озроқ сақланган. Мато кигиздан бўлган, чириб бўлган, куялар еб ташлаган. «Шу нарсани таъмирласак» деб Франциядан, Испаниядан сайёҳ сифатида келган мутахассисларга таклиф берганмиз. Эрмитаждан ҳам келишганди. Қизиқиб кўришди, грант асосида реставрация қилишларини айтишди». 

Антрополог олим Самариддин Мустафоқулов.

Маълум қилишларича, грант бўйича ҳужжат тайёрланган, лекин натижа бўлмаган. Самариддин ака, мато бўйича мутахассис, Қозоғистонда яшайдиган Надежда Крупага ҳам маслаҳат солганини айтди. Ишнинг биринчи босқичи, опанинг келиб-кетиши, кимёвий восита ва ҳоказолар учун 100 миллион сўм керак бўлган, аммо шу пул топилмаган. Бу 2015-2016 йилларнинг гапи.

Амриддин Бердимуродов эса ўн йиллар олдинги воқеаларни ёдга олдилар: «Буни французлар тикламоқчи бўлди. Бориб кўрмоқчи бўлди, кўрсатмади булар. Ундай деди, бундай деди, хуллас, кўрсатишмади. Кейин япониялик бир қиз келди, бизда аспирантурада ўқиди, мен унга илмий раҳбар эдим. У Ўзбекистондаги газламалар тарихи билан қизиқди. У ҳам газлама-ку, тобутпўш бўлса ҳам. Япон қизни ҳам қўймадилар. Кейин мен биттасига «Сен нима қилаяпсан?» десам, «Э-э, аҳволи хароб, кўриниши хароб, улар расмга олса, гап эшитамиз» деб ана шундай ахмоқгарчилик билан қўйишмади». 

Дарвоқе, музей хазинасида сақланаётган қопқоқ ва тобутпўш журналист сифатида менга ҳам кўрсатилмади. 

Икки табақали қопқоқ устидаги мато аслида нима эди, қаерда тайёрланган деб сўрайдиганлар кам эмас. 

Амир Темур қабри очилган кунларда бу борада турли фикрлар билдирилган. Шишикнинг тахминига кўра, Амир Темурнинг тобути устига ёпилган газлама балки қандайдир авлиёнинг қабри устидан олиб келингандир. Экспедиция раҳбари, Қори Ниёзий журналистлар саволларига «бу газлама соҳибқироннинг жанговар байроғи бўлиши мумкин» деб жавоб берган. Бироқ, аксар олимларимиз мато Каъбапўш бўлаги бўлиши эҳтимоли катта деб ҳисоблашади. Зотан, ҳозирда ҳам Каъбанинг устидаги улкан мато ҳар йили алмаштирилади, йиғиштириб олингани бўлаклари улашилади. (Масалан, Ислом Каримовга инъом этилган Каъбапўш бўлаги ҳозирда Имом Бухорий музей мажмуасида сақланади). Шариф Илҳомов экспонат ҳақида «шу тарзда келиб қолганми ёки ўзимизда тўқилган матоларданми, ана шуни аниқлаш керак» дейди.

Темурнинг қиёфаси қанчалик аслига ўхшаган?

Экспедиция илмга, тарихга, жамиятга нима берди? Экспедиция Темурийлар хилхонаси бунгача ҳеч қачон очилмаганини аниқлади. Майитлардан икки нафари (Муҳаммад Султон ҳам) негадир тобутда дафн этилгани аён бўлди. Очилган 5 та қабрдаги шахснинг тириклигидаги жисмоний ҳолати ўрганилди. Улуғбекнинг боши танасидан жудо қилингани рост эканини кўрсатди. Хусусан, Темурнинг оқсоқлиги ва ўнг қўлини бука олмаслиги рост эканлигини исботлади. Шундай бўлса ҳам 70 ёшдан ошган ҳукмдор бақувват, 50 ёшли кишининг жисмоний ҳолатида экани маълум бўлди. Лекин буларнинг ҳаммаси қабрни очиш даражасида муҳим эдими?

Суяклар ўрганилиб, шу асосда Темур ва яқинлари қиёфасини яратиш эскпедициянинг бош мақсадларидан бири бўлгани сир эмас. Хўш, қиёфалар замондошлари ёзиб қолдирган таърифларга қанчалик ўхшаш?

Ҳужжатларда ёзилишича, «1941 йил 9 декабрида Тошкент шаҳрида М. Герасимов томонидан яратилган Темур, Шоҳруҳ ва Улуғбекнинг суратлари муҳокамаси ўтказилиб қабул қилиш мақсадида нуфузли комиссиянинг йиғилиши ўтказилган». Йиғилиш протоколини синчиклаб ўқиб чиқсангиз, аксарият Герасимовни бош чаноққа қараб қиёфа яратишда беназир мутахассис, деб айтган. Фақат бир иштирокчи эътироз билдирган. 

«Мусаввир Татевосьян – Темур ва Шоҳруҳ ўртасида катта фарқ бор деган фикрга қўшилиш қийин. Шунга қарамай турли ҳолатларда шундай таассурот қолади. Афсуски, бу суратлар бадиий эмас, ҳужжатлидир. Шоҳруҳнинг салласига ва Темурнинг соқолидаги ҳар хилликка ўзгартириш киритиш керак... Темурнинг қулоғини ҳам бошқача яратиш керак, ҳозирги ҳолатда унинг қулоғи бировникига ўхшаб қолган»

Тарихчи олим Амриддин Бердимуродов. Фото: xabar.uz

Амир Темур шахсини унинг замондоши бўлган, шахсан кўрган, кузатган тарихчилар ёзиб қолдирган манбалар орқали ўрганиб келган Амриддин Бердимуродов йиғилиш ҳақида шундай дейди: «Бирор киши сўзга чиқиб: «Эй оғайнилар! Герасимов томонидан яратилган Амир Темурнинг қиёфаси, у билан юзма-юз гаплашиб, сўнгра ёзиб қолдирган таърифларига сира ҳам ўхшамайди-ку» дея олмади. Негаки, бу йиғилиш уруш айни қизиган, сталинизм қатағони ҳали ҳам давом этаётган пайтда бўлаётган эди. Кўпчилик тарихчилар томонидан «қонхўр», «ёвуз» деб таъриф берилган Амир Темур ҳақида ижобий фикр айтиш, муқаррар ўлим эканлигини мажлисдагилар яхши билар эдилар».

Герасимов яратган Темур бюсти сурати.

Амриддин Бердимуродов Герасимовнинг қиёфа яратиш усулини яроқсиз дея олмаслигини ҳам таъкидлайди. «Темурнинг қиёфасини аслига ўхшатиб, Сталиннинг қаҳрига учраб-нетиб ўтирмаслик учун, ўз олдига иложи борича ҳазрат соҳибқироннинг кўринишини қаҳрли, ёвуз қилиб яратиш мақсадини қўйган бўлса керак» – таъкидлайди олим.

Сўнгсўз ўрнида

Шукр, бугун Амир Темур буюк саркарда ва адолатли подшоҳ бўлган деб баралла айта оламиз. Унинг даврида давлатчилик, шаҳарсозлик, маданият ривожланганини бутун дунё тан олаяпти. Шаҳарларимизда Темурнинг улкан ҳайкаллари пойига ҳар куни гуллар қўйиляпти. Юзлаб объектларга Амир Темур номи берилган. Балки энди тобутпўшга ҳам эътибор берилар. Ўтган даврларга Темур шахсига бўлган адолатсиз муносабатни айтишимиз эса ўзлигимизни англашимиз, хатолар такрорланмаслиги учун эди, албатта. Лекин Самарқандда, Темурийлар даври қўриқхона-ҳудуди тарихий муҳити емирилиб бораяпти... Кейинги мақола ана шу мавзуда, кузатиб боринг.

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети