Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Ўзбекистонда польяклар қабристони, энг қиммат тил, оқ кийикни қувлаётган шер – Регистон ансамбли гидлар бўлими бошлиғи Аслиддин Сафаров билан суҳбат (2-қисм)

Ўзбекистонда польяклар қабристони, энг қиммат тил, оқ кийикни қувлаётган шер – Регистон ансамбли гидлар бўлими бошлиғи Аслиддин Сафаров билан суҳбат (2-қисм)

Фото: «Xabar.uz»

1-қисм:  Давлат раҳбарлари салобати, тиллақошли онахон, ош излаган меҳмонлар – Регистон ансамбли гидлар бўлими бошлиғи Аслиддин Сафаров билан суҳбат


– Суҳбатимизнинг аввалги қисмида Японияга таклифни рад қилганингизни айтдингиз. Хўп, бу 15 йил аввалги гап эди. Лекин, бугун одамларимиз хорижга талпиниши кучайгандек. Фикрингиз ўзгармадими? 

Кўпчилик шунча туристлар билан ишлайсан, шунақа катта меҳмонларни олиб юрасан, бирортасига қўшилиб олиб, кетвормайсанми дейди.

– Демак, саволим ўринли экан-да.

Ҳар кунлик харажат учун пулингиз етса, уйингиз, ишингиз бўлса, болаларингиз ўқиса, ундан ортиғини сўраш Оллоҳга ҳам хуш келмайди. Шу жойида Польшадаги воқеа ёдга тушди.

2019 йилнинг ёзи, ҳали панмемия ҳақида гап йўқ эди, Польшадан сайёҳлар гуруҳи келишди. Одатдагича экскурциядан ташқари, Шахрисабзда польяклар қабристонига ҳам олиб бордим. У ерда 256 нафар польяк аскари қабри бор. Тарихи билан роса қизиқишди. Сўнг Самарқандга қайтиб ўзбек гастрономияси кўргазмасини ташкил қилдик. Шу орада ўзим чиройли қилиб самарқандча ош дамлаб бердим. Вақти соати келганда хайрлашдик. Янги гуруҳлар келаверганида эскилари, табиийки, секин-секин унутила боради.

Қарангки, 2021 йилда Польшага илмий конференцияда иштирок этиш учун бордик. Шунда фейсбукда бу ҳақда маълумот қолдирдим. Ўша 2019 йилда мен гидлик қилган гуруҳдагилар хабарни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлашди. Кейин, меҳмонга таклиф қилишди. Буларнинг меҳмондорчилиги қанақа бўлар экан, деб, очиғи, қизиқдим. Бордим.

Гуруҳда 14 нафар сайёҳ бор эди, шундан 4 нафари тўпланди. Иззат-икромни ўрнига қўйишди. Кечга яқин Самарқанддаги ошни соғинишди, «ўша ошни шу ерда қилишнинг иложи борми?» дея илтимос қилишди. Ман эса эриндим-да, «биздаги маҳсулотлар бу ерда йўқ-да, бўлса дамлаб берардим» деб қутулмоқчи бўлдим. Лекин, гипермаркетдан қўй гўшти ҳам, ошбоп гуруч ҳам, сазби ҳам топилди. Жуда чиройли, хуштаъм ош чиқди. Кетишга чоғланаётган вақтимда Пётр дегани «эртага хотинимнинг туғилган куни, эртага ҳам ўзбек паловини пишириб берасанми?» деб қолди. Ўйладимки, ўзимизда тўй-базмларда чет элдан артист олиб келса, анча гап бўлади-ку, Ўзбекистондан ошпаз келиб ош пиширди деган гап керакмикан, деб хурсанд ҳам бўлдим. Эртасига энди каттароқ ош дамланди. Ҳаммага ёқди. Охирида янада қизиқ таклиф бўлди. Асосий бизнеси логистика, 500 дан ортиқ юк машинасини бошқариш бўлган, бунинг устига бир нечта ресторанлари ҳам бўлган Пётр ака доимий ишга таклиф қилди. Ўзбек палови ошпазлиги! Ресторанлари асосан «доставка»да ишларкан. 10-15 кило ош дамласам, 3 минг доллар маош беришини айтди. Мен ундан кўпроқ айтса ҳам қололмасдим. Узримни айтиб қайтдим.

– Айтганларингиз кимгадир баланпарвоз гаплар бўлиб туюлар. Келинг, саволни бошқача қўяйлик. Биринчи маошингизни эслайсизми?

– Иш бошлаганимда Регистон мустақил дирекцияси билан бевосита шартнома тузилди. Ҳозир ҳам худди шундай қилинади. Шартномага кўра, бир ойда 18 минг сўм тушуришимиз керак эди. Яъни, биз давлатга 18 минг сўм туширсак, унинг 40 фоизи ўзимизга маош бўлиб келади. Талабаман, шартномада ўқиганман, оладиган баҳонгизга қараб стипендия берилади. «Тўрт»да ўқирдим ва стипендиям 7 минг сўм эди. Хуллас, шартнома пулини тўлашга, ўзимнинг харажатларимни қоплашга маошим етар ва стипендиямни ғамлашни ҳам ўргана бошлаган эдим. У вақтлар турфирма, турагентликлар бунчалик ривожланмаган эди, ҳафтада икки марта – шанба, якшанба экскурция бўларди. Ички сайёҳлик бўйича маҳаллий сайёҳ гуруҳларини шаҳар бўйлаб саёҳат қилдириб тушунтириб борардик.

– Бугунги кунда экскурцияга қандай стандартлар асосида пул тўланади?

– Ҳозирда Сиз олиб борадиган экскурциянгиз, статусингизга қараб, ҳар хил фирмалар Сизга турлича нарх таклиф қилади.

– Хорижга бориб, оддий муҳожир сифатида ишлаётганлар орасида ўқитувчилар, врачлар, борингки, журналистларни ҳам учратдик. Бироқ, гидлардан оддий меҳнат муҳожири чиққани ҳақида эшитмадик.

– Яширишнинг кераги йўқ, бир ҳафтада 7 кун бўлса, шундан 4 кунида гидга экскурция берилади дейлик. Россиядаги муҳожирнинг ўртача маошини малакали гид ҳам топиши мумкин. Яна шуни ҳам айтиш керак, бу мавсумдаги ҳолат. Мавсум тугаши билан гид иши ҳам сусаяди.

Муҳожирлар ҳақида яхши эслатдингиз. Бизда аксинча жараён кузатилаяпти. Маълум мамлакатнинг тили, урф-одати, минталитетини яқиндан ўрганиб қайтган ҳамюртларимиз айнан шу юрт сайёҳларига хизмат қила бошлашган. Масалан, Малазияда, Индонезияда ишлагангина эмас, ўқиётган талабалар ҳам таътилларида, ўша давлатлардан келган сайёҳлар билан эркин гаплашиб, саёҳат ўтказадилар. Бир опамиз 4 йил Туркияда ишлаган эканлар, ёзув, ўқувларини ҳам яхши биларканлар. Турк тилида тиниқ гапирадилар. Ҳозирда шуларни экскурсоводликка тайёрлаяпмиз.

– Гид қайси тилда иш олиб боришига қараб нарх белгиланмайдими?

– Бунақа стандартлар ҳозирги кунда кузатилгани йўқ. Лекин, айрим ҳолатлар бундан мустасно. Масалан, Хитой тилида иш олиб борадиган гидларимиз хизмати сал қимматроқ баҳоланади. Негаки, хитой тиллиларимиз камчилик.  

– Ўзингизнинг Регистонга ишга келишингиз қанақа бўлган?

– 3-курсда эдик, Самарқанд давлат музей қўриқхона қошида гид эскскурсоводлар курси ташкил этилди. Ана шу олти ойлик курсда ўқиганмиз. Қурбон Ҳасанов деган устозимиз Регистонда илмий ходим эдилар, кейин директор бўлдилар. Самарқандда музей соҳасида бутун умрларини сарф қилган етук шахс эдилар. Имтиҳонни Қурбон Ҳасанов ўтказган. Мен эса икки марта йиқилганман. Шундан сўнг чақиртирдилар. «Бу касбнинг нонини ейиш учун кучли билимга эга бўлишинг керак. Ўз устинга кўпроқ ишлашингни хоҳлайман», дедилар. Икки ойча уларнинг қўлларида юрдим. Шунда билдимки, гидлик ёдлаб олган матнни айтиб бериш эмас экан. Сен шундай гапирки, овозинг бўғзингдан эмас, ундан пастроқдан, юракдан чиқсин! Тингловчинг ўзини тарих қатига тушиб қолгандек ҳис қилсин! Ўрни келганда Самарқанд афсоналари, ўзига хос урф-одатлари борасида тўхталганда, ҳикоянгга жон киришини ўшанда ўрганганман.

 – Қурбон Ҳасанов аллома эдилар. Шогирдлардан ҳам илмни талаб қилганлар. Лекин, бугунда гид бўлиб етишиш унчалик қийин эмасдек туюлаверади. Юқорида гиднинг топиш-тутиши ҳақида сўраганларим, аслида даромадли соҳага номуносиб кадрларнинг суқилиб киришидан хавотирларим билан боғлиқ эди.

– Очиғини айтсам, ҳозир гидлар сафидан ўрин олиш қийин эмас. Лекин, бу қай даражадаги гид бўлишингга ҳам боғлиқ. Дейлик, инглиз ёки рус тилини рисоладагидек ўрганган. Лекин, тарихий жойларимиз, тарихий шахслар, ўша даврдаги сиёсий-иқтисодй жараён, маданият, урф-одатлар  ҳақида етарлича билмайди. Билганларини ҳам чалкаштирадиганлар, бир даргоҳга боғлиқ рақамлар ёки исмларни бошқа манзил билан боғлаб айтадиганлар бор. Бу энг катта хато! Ачинарли, энг оғриқли нуқтамиз. Бундайлар кўп эмас. Аммо, афсуски бор.

Улар ҳам қандайдир курсни битирган, сертификат берилган. Бизнинг гидлар бўлимимизда 12 киши ишлайди ва бу Регистондаги  экскурцияни фақат шулар олиб боради дегани эмас. Бизнинг гидларимиз бошқа объектларда ҳам ишлагани каби, Самарқанддан бўлсин, бошқа ҳудудлардан бўлсин гуруҳи билан келган йўлбошловчи экскурция ўтказаверади. Гоҳида ишни тақсимлаб бериб, даргоҳни айланаман. Тунов куни биттаси Улуғбек мадрасасини мактаб деб таърифлаяпти. Ваҳоланки, Улуғбек мадрасаси ўзига хос буюк университет бўлган. Ўнлаб давлатлардан келиб шу ерда таълим олишган. 100 нафар толиби илмга 90 олиму уламо сабоқ берган.

Умуман олганда, бизда гидлар «Ипак йўли» Туризм ва маданий мерос халқаро университетида, Самарқанд Давлат чет тиллар институтида ва қатор нодавлат ўқув марказларида тайёрланади. Шунингдек, Тошкентда Туризмни ривожлантириш илмий тадқиқот институтида таълим олган мутахассислар ҳам бор. Билимли, фаросатли гидларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Нима бўлганда ҳам вақт-вақти билан гидлар аттестациядан ўтказилиши керакмикан деб ўйланиб қоламан.

– Дейлик, аттестациядан кимдир ўтмади. Лекин, бунгача ҳам у неча сайёҳнинг ҳафсаласини пир қилган бўлиб чиқади-да.

– Самарқандга келадиган сайёҳларнинг ҳаммаси ҳам моддий жиҳатдан таъминланган, бой-бадавлат инсонлар дейиш хато бўлади. Сайёҳлар орасида неча йиллар йиғиниб, Самарқандни бир кўрсам деб орзу қилганлар бор. Масалан, икки йил тежаб-тергаб Самарқандга келган сайёҳ, бир умр тарихдан узоқда бўлган, маданияти-маънавияти, ўтган улуғлармизни тилга олишга арзимайдиган гидга тушиб қолса... Табиийки, сайёҳ сафаридан кўнгли тўлмай қайтади.

– Гид учун билимдан ташқари яна нималар муҳим?

Технологиялар асрида яшаяпмиз. Сайёҳ уйида ўтириб ҳам, масалан, Регистон ёки Шоҳи Зинда ҳақида гид айтадиганидан-да кўпроқ маълумот олиши, видеолари ва суратларини томоша қилиши мумкин. Бугунда гиднинг асосий вазифаси сайёҳга тарихимизни ҳис эттириш, ўзини ўша даврда бўлгандек тасаввур қилишига ёрдам бериш. Шу мақсадда чин дилдан ишлайдиган гид фақат тарихчи эмас, актёр ҳам, психолог ҳам бўлади.

Гиднинг ташқи кўринишига эътибор берилади. Унинг юзида самимийлик  бўлиши керак. Ўзининг ташвиши борми, танасида оғриғи борми, сайёҳ буни сезмаслиги муҳим. Эътиборни жалб қилмайдиган, меъёрдаги ва қулай кийимда бўлиши зарур. Ўзини тутиши, нутқида ҳам гап кўп. Шунингдек, ҳар бир мижозига мумкин қадар эътиборли бўлиши, унинг ахборотни қабул қилишини ҳис қилиб туриши керак. 

– Касбингизга ҳавас қилаётган ёшларга маслаҳатингиз?

– Ўзлари устида кўпроқ ишлашса. «Мен тилни биламан, тарихни ўқиганман» деган одам адашади. Психология, маданият-маънавият, ташқи кўриниш, кийиниш маданияти, юриш-туриш одоби деган нарсалар бор соҳамизда. Аксарият ёшларга гидлик енгил йўл билан пул топиш бўлиб кўринади. Лекин, бу энг инжиқ касблардан бири. Туристларимизнинг асосий қисми ёши улуғ, пенсия ёшидаги кишилар. Битта группа 20-25 кишидан иборат бўлса, бир группа билан 10 кунлаб Ўзбекистон бўйлаб саёҳатда бирга бўлиш мумкин. Кекса инсонлар билан ҳар қандай ҳолат бўлишига доим тайёр бўлиш керак. Дейлик, тушликка ресторанга кирганда, уларнинг ҳар бири диди, соғлиғидан келиб чиқиб таом танлашга ёрдам беришга тўғри келади. Ёки, масалан, ёзда қовун-тарвузни маза қилиб еб бўлгандан сўнг ичбуруғ бўлиб қолса, гуруҳда махсус шифокор бирга юрмайди. Гид керак бўлса, йўлбошчи, энага, кимнингдир инжиқлигини кўтарадиган дўст ҳам бўлиши керак.

– Регистонда сайёҳлар кўпроқ нима ҳақида савол берадилар?

– Белгиланган интервалга кўра экскурция ўтказилганда, масалан, Шердор мадрасаси нега шундай аталишини сўрашади. Сайёҳлардан синчковлари икир-чикирлари билан қизиқишади. Шер оҳуни қувлаб бораяпти. Бу шунчаки манзарами? Нега айнан шер? Мадрасани қурдирган Баҳодир Ялангтўшнинг туғилган буржи билан боғлиқ ишора бу. Нега кийик оқ? Новдалар нимани англатади? Рости, бундай саволлар беришса хурсанд бўламан. 

– Бир жойда қарийб 20 йил ишлаш зерикарли эмасми?

Мен ишимни яхши кўраман. Ҳар куни айни манзилларда бўлсак ҳам, бир кунимиз бошқасига сира ўхшамаслиги билан ҳаётимиз қизиқ. Сайёҳларинг Самарқанддаги ёруғ хотиралари орасида сен ҳам бўлишинг жуда ёқимли.

Маълумот учун: Самарқанд вилоятига 2023 йилда 2 млн 150 минг. нафардан ортиқ (2022 йилда 1 млн 204 минг) хорижий сайёҳ келган. Туристик хизматлар экспорти 405,9 млн. АҚШ долларини ташкил этган. Туристларнинг ўртача қолиш муддати 2,7 кунга тўғри келган. Бу ўтган йилнинг мос даври (1,5 кун)га нисбатан 1,8 бараварга ортиқдир.

Маҳаллий сайёҳлар оқими эса 2023 йилда 4 млн. 500 минг нафардан ортиқ деб белгиланган.

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети