Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Ноқонуний ишдан бўшатилган Гулзуҳра бир йилдан сўнг ўз ўрнига тикланди

Ноқонуний ишдан бўшатилган Гулзуҳра бир йилдан сўнг ўз ўрнига тикланди

Фейсбукда, Гулзуҳранинг саҳифасида шундай пост пайдо бўлди: «Алҳамдулиллаҳ, қайтдим ишга. Халқни хизматини қилиб дуоларини олиш учун қўлимдан келганча ҳаракат қиламан. Шу пайтгача ёнимда турган барчага раҳмат. Роббимни паноҳида бўлайлик. Сизлар учун доим хизматдаман. Ҳурмат билан Гулзуҳра Сайдуллаева. Ҳудудий электр корхонаси Самарқанд филиали умумий масалалар бўйича директор ўринбосари». 

Гулзуҳра «Xabar.uz» ўқувчиларига «Чарчаб кетдим, опа...» – Гулзуҳра нормал ҳаётга қачон қайтади?» мақоласи орқали яхши таниш. Мақола ўтган йили ноябрнинг сўнгги кунларида эълон қилинган эди.

Мақола суд материаллари асосида тайёрланган. Унда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳри судининг ҳал қилувчи қарорида даъвогарнинг ишдан ноҳақ кетказилгани етарлича асослаб берилганига қарамай Гулзуҳра ишга тикланиши чўзилаётгани  мулоҳаза қилинганди. Гулзуҳра 2023 йилнинг июль ойида асосланмаган айбловлар билан ишдан бўшатилган бўлса, суд қарори октябрь ойида чиққан.

Суд қароридан:

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Самарқанд ҳудудий филиалининг 2023 йил 27 июль кунидаги 97-сонли буйруғи бекор қилинсин.

Сайдуллаева Гулзуҳра Эшматовна «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Самарқанд ҳудудий филиали директорининг умумий масалалар бўйича ўринбосари вазифасига тиклансин...»

Далил-исботларни рад қилиш имкони йўқлигидан аппеляция ва кассация тартибида ишни кўриш бўйича ариза тушмаган.

Сайдуллаева эса куни кеча, 2024 йил, август ойининг сўнгги ўн кунлигида ўз вазифасига тикланди.

Бир йилдан ортиқроқ вақт ўзининг ҳақ эканлигини исботлаш, руҳий, моддий қийинчиликларни енгиш Гулзуҳрага осон кечдими? Ўтган вақт ичида неча маротаба яна суд остонасида бўлди?

Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин, синмайди. Гулзуҳранинг қувончига шерик бўлган фейсбукдаги дўстлари орасида бу нақлни ишлатганлар кам эмас.

Корхона касаба уюшмаси қўмитаси унга айбловни хулқ бўйича кўрсатиб, шунда ҳам айнан қайси ножўя хатти-ҳаракатлар учун унга интизомий жазо чораси қўлланганини асосламай, ишдан бўшатишга рухсат берганди.

«Xabar.uz» корхона касаба уюшмалари йиғилиши баённомасини кўтариб, йиғилишда Гулзуҳранинг ижтимоий тармоқларда вазиятни бор-борича ёзгани муҳокама қилинганини аниқлаган эди. Шу сабаб, қувонч кунида Гулзуҳра билан тўғридан-тўғри таассуротларини сўрашдан тийилдик, уни яна бир ноқулайликка қолдиришимиз мумкинлигидан андиша қилдик. Лекин, пост остидаги изоҳлардан кўз юмиб бўлмасди. Табриклаб, эзгу тилаклар билдирилган изоҳлар орасида, аёлнинг иродасини, курашувчанлигини олқишлаган, ҳатто, уни шу куйга солганларга, ижрони чўзганларга аччиқ-тизиқ фикрларини қўшиб ёзганлари ҳам учрайди.

Тошпўлат Раҳматуллаев: «Яшанг! Охиригача бу латтачайнар амалдорлар билан курашиб, ғолиб бўлганингиз билан табриклайман!»

Пўлат Мардиев: «Табриклайман. Лекин, эҳтиёт бўлинг!».

Гулзуҳра Сайдуллаева жами бир йилу икки ой ишдан узоқда бўлди. Ноҳақ ишдан бўшатилган ходим табиийки, ишламаган вақти учун ҳам маошини олаверади. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ходимларининг маоши эса кичик эмас (кўп ҳолатда айнан шу нарса, ходимнинг ўрнини кимдир эгаллаш ёки шу ўринни кимгадир олиб бериш иштиёқини пайдо қилади). Бундан ташқари, маънавий зарар, почта харажати, давлат божи, видеоалоқа ва фалон-фалонлар учун маблағ давлат хазинасидан совурилади.

Маълумотларга кўра, Гулзуҳра каби ишдан ноҳақ бўшатилиб, қандайдир вақтдан сўнг тикланганлар сони мамлакат бўйича, бошқа ташкилотларда ҳам кам эмас. Бу ҳолатларни мониторинг қилиш, жами харажатларни ноҳақ бўшатишга сабаб бўлганлар чўнтагидан ундириш вақти келмадимикан?

«Xabar.uz» жамоаси Гулзуҳрани ҳақиқат йўлидаги ғалабаси билан табриклайди. Яна, изоҳлардан бирида айтилган гапни такрорлайди ҳам: эҳтиёт бўлинг!

                                                                                                     Мустаҳкам Тангриёрова

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети