Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Лутфулло Турсунов

Америкалик бизнесмен: «UZCARD» орқали бутун дунёдан харидни амалга ошириш мумкин бўлади»

Америкалик бизнесмен: «UZCARD» орқали бутун дунёдан харидни амалга ошириш мумкин бўлади»

Фото: «Xabar.uz»

Электрон тижорат бўйича эксперт, америкалик бизнесмен, «Openbucks» компанияси асосчиси ва президенти Марк Рочман бизнес оламига 16 ёшида кириб келган. Марк электрон тўловлар ва пластик карталар саноати соҳасида 19 йиллик тажрибага эга.

У «Openbucks» компаниясига 2010 йилда АҚШдаги машҳур «Кремний водийси»да асос солган. Компания  электрон тижорат соҳасида инновацион хизматлар учун дастурлар ишлаб чиқаради. Шунингдек, компания интернет тўловлари учун ҳам махсус тизимлар яратади. Бунда фойдаланувчининг кредит карточкаси унинг интернетдаги саҳифасига уланади ҳамда маҳсулотлар учун тўловларни махсус кодлар орқали амалга ошириш мумкин бўлади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда БМТТДнинг «Маъмурий ислоҳотлар ва рақамли трансформация» лойиҳаси доирасида Марк Рочман 8-16 март кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Мутахассис бир ҳафталик сафари давомида турли вазирлик ва идоралар, компаниялар, олий таълим муассасаларида бўлди. Шунингдек, Мирзо Улуғбек инновация маркази резидентларининг IТ-хизматлари экспорти жараёнларини соддалаштириш, хорижий инвестиция компаниялари ва фондларини ҳамкорликка жалб этиш бўйича амалий тавсиялар берди. Таниқли эксперт «Хаbar.uz» учун ҳам эксклюзив интервью берди.

«Openbucks» компанияси асосчиси ва президенти Марк Рочман. Фото: «Xabar.uz»

— Ўзбекистонга хуш келибсиз, жаноб Рочман. Юртимизга ташрифингиз қандай бошланди ва бундан кўзланган асосий мақсад нима?

— Раҳмат. Дастлаб, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида вазирнинг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров билан учрашдим. Бизнинг суҳбатимиз жуда фойдали ва самарали бўлди. Унда Ўзбекистондаги мавжуд имкониятлар тўғрисида гаплашдик. Мамлакатингизда ҳақиқатда катта салоҳият мавжуд. Бу салоҳиятнинг асосийси — ёшлар сонининг кўплиги бўлса, иккинчиси — ахборот технологияларига қизиқувчи ёшларнинг улуши катта эканлиги.

Ҳукумат томонидан ёшларнинг ушбу қизиқишларини рўёбга чиқариш учун ахборот технологияларига ихтисослашган бир қатор олий таълим муассасалари очилган. Хусусан, Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети ташкил қилинган ва у ерда ахборот технологияларининг замонавий тенденцияларини ўрганиш ва яхши мутахассислар бўлиб етишишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Бунга ушбу университетга борганимда гувоҳ бўлдим.

Бизнинг асосий мақсадимиз — Ўзбекистоннинг шундай иқтидорли ёшлари, малакали мутахассислари учун ахборот технологиялари соҳасидаги дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик қилишига йўл очиш, хусусан, АҚШдаги АТ-компаниялари билан алоқаларини шакллантиришга ёрдам беришдан иборат.

— «Openbucks» компанияси электрон тўловлар тизимида катта тажрибага эга. Ўзбекистонда халқаро тўлов тизимларини жорий этиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

— Биз «Алоқабанк» ва «UZCARD» тўлов тизими раҳбарлари билан учрашдик ва улар билан суҳбатимиз давомида ҳозирда Ўзбекистонда электрон тўлов тизимлари қай даражада ривожланаётгани ҳақида маълумотлар олдик. Келажакда бу йўналиш жуда катта тезлик билан олдинга силжиши кераклигига ишонч ҳосил қилдик. Яқин вақтларда «Visa» ҳамда «Mastercard» каби халқаро тўлов тизимлари ҳам ўзларининг тўлиқ имкониятлари билан Ўзбекистон бозорига кириб келади, деган умиддамиз.

Бизда, Америкада халқаро миқёсда электрон тўловларни амалга ошириш имконини берадиган «PayPal» компанияси бор, худди шунга ўхшаган Ўзбекистондаги компаниялар вакиллари билан кўришдик. Уларнинг ҳаммасида истиқболли режалар бор. Яқинда Марказий банк вакиллари билан ҳам учрашиб, бу йўналишда суҳбатлашамиз. Электрон тўловларни амалга ошириш технологиясини ривожлантириш, йирик халқаро тўлов тизимларини Ўзбекистонда жорий қилиш масаласида қўлимиздан келганича кўмак беришга тайёрмиз.

Келажакда халқаро тўлов тизимлари киритилганидан сўнг, электрон тижоратни амалга оширишга кўмаклашиш учун биз ўзимизнинг платформамизни тақдим этишимиз мумкин. Бу платформада тўловларни «UZCARD» карталари орқали амалга оширишни жорий қиламиз. Бу тизим нафақат Ўзбекистон фуқароларига интернет орқали дунёнинг турли онлайн дўконларидан маҳсулотлар харид қилиш, хизматлардан фойдаланиши учун, шу билан бирга, келажакда туристлар Ўзбекистонга келганларида ўзларининг шахсий карточкалари орқали бу ерда исталган дўкондан нарса сотиб олиши ёки хизматлар ҳақини тўлашлари учун хизмат қилади.

— Таҳлил қилиб кўрилдими, бу режаларни амалга оширишда қандай муаммолар ёки тўсиқлар юзага келиши мумкин?

— Авваламбор, Ўзбекистондаги мавжуд шароитлар ва муаммоларнинг бошқа мамлакатлардагидан унчалик катта тафовути йўқ. Аксинча, мамлакатингизда ажойиб имкониятлар бор. Масалан, электрон тижорат тизимини ёки интернет билан боғлиқ бўлган тўлов тизимларини жорий этиш учун Ғарб мамлакатларида катта тўсиқлар бор. Чунки у ерда кредит карточкалари тизимлари анча ривожланиб кетган ва бу нарса ўрнашиб қолган.

Ўзбекистонда эса худди оппоқ қоғозга ёзгандек, янги технологияларни жорий қилиш ва уни йўналтириш имкони мавжуд. Шунинг учун мамлакатда катта салоҳият бор деб ўйлайман. Бу ўзгаришларни янаям тезроқ амалга ошириш учун катта тажрибага эга «Mastercard», «American Express» каби халқаро компанияларни жалб қилиш керак. Албатта, бундай йирик ташкилотлар Ўзбекистонга кичик бозор деб қараши мумкин, лекин аҳоли сонига ва уларнинг асосий қисми ёшлардан иборат эканига қарайдиган бўлсак, бу мамлакатда электрон тижорат тизими тез орада ривожланишидан далолат беради.

Ушбу йўналишларда фаолият олиб борадиган тадбиркорлар билан учрашганимизда, улар аниқ стратегияларга эга эканига ишончимиз комил бўлди ва бу тез орада ўз натижасини кўрсатади, деб ўйлайман.

Фото: «Xabar.uz»

— Мирзо Улуғбек инновация маркази тажрибасига қандай баҳо берасиз?

— Авваламбор, Мирзо Улуғбек инновация маркази каби тажрибаларни бошқа мамлакатларда бориб кўрмаганман. Лекин, ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, бизнинг «Openbucks» компаниямиз АҚШдаги машҳур «Кремний водийси»да ташкил этилган ва Мирзо Улуғбек инновация маркази тутадиган ёндашувларда худди «Кремний водийси» тутган йўлга ўхшашликлар жуда кўплигини кўрдим. Бу, қувонарли албатта.

Ахборот технологиялари йўналишидаги янги компанияларни ташкил этишда ва улар фаолиятини жадаллаштиришда компаниялар ва уларнинг ходимларига солиқ имтиёзлари, логистика, ишлаш жойи ва инфратузилма нуқтаи назаридан қулай шароитлар яратилиши мақсад қилинган экан ушбу марказда. Бу жуда тўғри йўл. Чунки бундай ёндашув орқали юқори натижаларга эришса бўлади.

Худди «Кремний водийси»да ўша ҳудудга бориб ишлаш шарт бўлмагани каби, бу ерда ҳам шундай тажриба қўлланилган. Инновация марказининг ғояси унинг бир ҳудуддалигида эмас, мутахассислар дунёқарашида, ишга бўлган муносабатида шаклланган бўлиши керак. Ва албатта, уларга шароит яратиб берадиган ҳукумат ёки йирик компаниялар ёндашувида ҳам шу нарса акс этган бўлиши лозим. Шундагина бу кутилган натижаларни беради.

Ҳозир бу борада жиддий ишланаётгани гувоҳи бўлиб турибман. Бунинг натижаси сифатида, мана, менинг ўзим ҳам ўша «Кремний водийси»дан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун бу ерга келиб турибман. Бундай ҳамкорликни келажакда ҳам давом эттиришга тайёрман, АҚШнинг йирик компаниялари Ўзбекистон билан алоқаларни йўлга қўйишига кўмаклашиш ниятидаман.

— «Openbucks» компанияси Ўзбекистонда ваколатхона ёки офис очишни режалаштирганми?

— Бевосита бир нечта йўналишлар бўйича ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз. Айнан электрон тўловлар бўйича айтадиган бўлсам, биз Америкадан ўз ходимларимизни олиб келиб янгидан нималарнидир ихтиро қилишимизга ҳечам ҳожат йўқ. Чунки Ўзбекистонда тадбиркорлар бу йўналишга эътибор қаратиб, етарли малака тўплашган. Тизимнинг турли йўналишларини жорий қилиш бўйича салмоқли ишларни бажаришган. Шу сабаб бу йўналишдаги ишларимизни улар билан ҳамкорликда амалга оширишга қарор қиляпмиз.

Келажакда бошқа йўналишлар, хусусан, дастурий маҳсулотлар яратишда бу ердаги ёш мутахассислар билан иш олиб борамиз. Балки Ўзбекистонда ўзимизнинг кичик офисимизни очармиз ёки тадқиқот ва ривожланишга оид марказимизни ташкил қилишимиз мумкин. Бироқ ҳали бу борада қатъий бир тўхтамга келганимиз йўқ. Шунга қарамасдан, бир қатор аниқ хулосаларимиз бор.

Умуман олганда, ҳозирги АТ-технологиялар ривожланган шароитда мутахассисларни бир жойга тўплаб ишлатиш шарт эмас. Масофадан туриб ҳам бемалол вазифаларни бажариш мумкин.

— 2017 йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга қилган давлат ташрифи вақтида Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети ва АҚШнинг «Openbucks» корпорацияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди.

—  Ҳа, компаниямиз Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети билан аввалроқ ҳамкорликни йўлга қўйган. Жумладан, томонларнинг «Silicon Valley Talks» (Кремний водийси суҳбатлари) қўшма лойиҳаси бўйича қатор ишларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Унга кўра, ҳар ойда ёки ҳар чоракда «Кремний водийси»да жойлашган номдор АТ-компанияларининг тажрибали мутахассислари ИНҲА университетига олиб келиниб, талабалар билан суҳбатлар, маърузалар ташкил қилинади.

Келган мутахассислар ўзлари олиб бораётган энг сўнгги тадқиқотлари, тажрибалари, тавсиялари билан ўртоқлашишади.

Шунингдек, айрим ечимини кутаётган топшириқлар асосида талабалар ўртасида танловлар ташкил қилишимиз мумкин. Хуллас, университет билан шу каби бир қатор қизиқарли лойиҳаларни амалга оширамиз.

— Ўзбекистонга ташриф сизда қандай таассурот қолдирди?

— Албатта, бир қатор фойдали келишувларга эришдик. Ажойиб мутахассислар билан танишдим, ҳамкорлар орттирдим, иқтидорли ёшлар билан суҳбатлашдим. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳам катта эканига гувоҳ бўлдим. Ўзим ташриф давомида қисқа муддат Самарқандда бўлдим ва бу тарихий шаҳар менда жуда катта таассурот қолдирди. Келгусида фақат сайёҳ сифатида Ўзбекистонга келишни ва бошқа тарихий шаҳарларини ҳам кўздан кечиришни мақсад қилиб қўйдим.

— «Хаbar» нашри учун махсус интервью беришга розилик берганингиз учун ташаккур билдирамиз ва кўпсонли ўқувчиларимиз номидан фаолиятингизда муваффақиятлар тилаб қоламиз.

— Раҳмат.

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети