Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Barno Sultonova

Ozodlik qo‘rquvning yuziga tik qaray olishdir.

Тиббиёт. Чироқчи. Осмон узоқ, ер қаттиқми?

Тиббиёт. Чироқчи. Осмон узоқ, ер қаттиқми?

Фото:«Justdial.com»

Кун-кунаро янгилик. Айниқса, тиббиёт соҳасида:  тизимида ислоҳотлар жадал суръатлар билан давом этмоқда. Келтирилаётган энг сўнгги русумдаги тиббиёт анжомлари, инвентарлар...  Ҳали хорижда тажриба алмаштириб келаётган ўзимизнинг шифокорлар, ҳали хорижликларнинг юртимизга ташрифи...  Хуллас, ақл шошгудек.

Аммо таҳририятга келаётган айрим шикоятлар билан танишиб  ўйлайсиз-ки, ҳали қиладиган хўп ва кўп ишлар қалашиб ётибди...  

Қашқадарёнинг Чироқчи «Меҳнатобод» МТПга қарашли 17328  аҳолига хизмат кўрсатадиган 60-оилавий поликлиника ва тез тиббий ёрдам шахобчаси  ҳудуднинг энг чекка қишлоғи Дурсун қишлоғида жойлашган.  Яъни, бу тиббиёт шахобчаси фақат 3352  аҳолига хизмат кўрсатади холос, боиси қолган аҳоли яшайдиган  Хўжақўрғон, Борунжи, Қаҳрамон, Бўйрачи, Микоб, Даш Қаҳрамон қишлоқлари  Дурсундан 35 км узоқликда жойлашган. Поликлинкаси йўқ ушбу бешта қишлоқда 87 нафар ногирон, 11 нафар афғон уруши қатнашчиси, 6 нафар ёлғиз қаровчиси йўқ киши, 1 нафар «чернобилчи», 10 нафар «ётиб қолган» оғир беморлар бор. Энди айтинг, 35 км узоқ бўлган поликлиника буларга қандай хизмат кўрсатади? Уйма-уй юрадиган патронаж ҳамширалар улар ҳолидан ҳар куни қандай хабар олади? Тан олинг, бунинг имкон йўқ. Яъни, ушбу бешта қишлоқ аҳолисига, қоғозда билмадик, бироқ амалда тиббий хизмат умуман кўрсатилмайди. Савол туғилади: нима учун бу оилавий поликлиника барча  қишлоқ аҳоли учун қулайроқ  Хўжақўрғон ёки Қаҳрамон ҳудудида жойлашмаган? Қишлоқлар ораси узоқлигини ҳисобга оладиган бўлсак, балки ҳар бир қишлоқ учун ҚВП қуриш керакдир. Бу вазият юзасидан «Қаҳрамон» МФЙ ва «Соҳил» МФЙ раислари, маҳалла оқсоқол фаоллари томонидан Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмоновга, Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Турсуновга мурожаат қилинган. Бироқ вазият қанчалар аянчли бўлмасин, масалага панжа орасидан қараб келинмоқда. Халқ сайлаб қўйган, аҳоли ишонган депутатлар-чи? Нега улар ҳам бефарқ? Айни мана шундай ҳолатлар, мана шундай вазиятлар депутатлар назаридан четда қолмаслиги, доимо назоратда бўлиши керак эмасми?

Болалар ва оналар ўлими камайгани, аҳоли соғлиғи назоратда эканлиги ҳақидаги статистикалар билан танишсангиз, юртимизда тиббиёт соҳаси ривожланиб кетибди-да, деган ўйга борасиз. Аммо сифатли тиббий хизмат кўрсатиш у ёқда турсин, оилавий поликлинаси йўқ ҳудудлар ҳам борлиги ҳақидаги маълумотлар эса ўйлантириб қўяди: қайси замонда яшаяпмиз?

Оддийгина кўричак сабаб одам ҳаётдан кўз юмиши учун сониялар етарли. Энди тасаввур қилинг ана шу вазиятга тушган бемор аҳволини.  Мутасадди раҳбарлар ушбу қишлоқлар аҳолиси ўрнига ўз жигарларини, фарзандларини қўйиб кўришсин-да. Айтайлик, иситмадан оташ бўлиб ёнаётган неварасини. Тез ёрдам чақирай деса, йўл узоқ. Болажоннинг аҳволини кўз олдингизга келтиришингиз билан ваҳимага тушасиз. Чироқчи туманидаги оналарнинг фарзандлари касал бўлиб қолгандаги чорасиз ҳолатини тасаввур қиляпсизми? Афсус уларнинг қўлидан бундай пайтда нима ҳам келарди? Осмон йироқ ер қаттиқ...

Ҳалигача сифатли тиббий хизмат кўрсатиш у ёқда турсин, оилавий шифохонага ёлчимаётган ҳудудлар бор экан, ислоҳотлар ҳақида оғиз кўпиртиришга а-анча эртамикан?

Телевидение орқали намойиш этилаётган тиббиёт соҳасидаги «жаннатдан хабарлар» билан қачонгача аҳолини соғлиғини мустаҳкамлаймиз, гўдаклар ва оналар ўлими сонини камайтирамиз?! Қачонгача ҳолва дея оғзимизни чучитамиз...

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети