«Нуқта» — тиниш белгиси ёки яна турк сериаллари ҳақида
Журналист сифатида битта «нуқта» — тиниш белгисида хато ўтказсам, ўқувчининг саводсиз бўлиб қолишига ҳисса қўшаяпсан, дея танбеҳ беришади.
Бир пайтлар Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани билан Сирдарёнинг Янгиер шаҳарчасини алмаштириб ёзганимда ҳали чиқмаган, навбатчи томонидан ушлаб қолинган хато учун мажлисда барчанинг олдида бошим эгилиб изза қилинганман.
Агар бепарда — яъни, масаланда, «улар қўл ушлашиб кетаётганди», деган жумлани мақоламга қўшсам, тўртта одам ўша заҳоти қайчилайди — бўлим мудири, адабий котиб, муҳаррир ўринбосари ва ниҳоят муҳаррир. Узоққа бормайлик, яқинда блогерлардан бири мактаб формаси ҳақида ўз мулоҳазаларини ижтимоий тармоқларда қолдирганди, дарров таъқиб остига олинди. Бизнинг хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Ҳар бир гапимизни ўйлаб гапиришимиз, ўйлаб ёзишимиз шарт. Яъни, халқнинг маънавиятига дахл қиладиган, саводига путур етказадиган нимаики бўлса, аввало ўзимиз ўшаларга қарши курашишимиз керак. Бизнинг нашр (Ўзбекистонда чоп этиладиган бир газета ҳақида сўз бормоқда) нари борса беш минг инсоннинг қўлига етиб боради. Аммо 33 млн. аҳолини қамраб олган, аудиторияси катта бўлган телевидениенинг ғиж-ғиж хатосидан нега кўз юмишяпти?
Савод, қўйилаётган кўрсатувлар савияси ҳақида гапирмоқчи эмасман. Аммо нега ҳамма канални турк сериаллари босиб кетди? Азалдан саллани олиб кел деса, каллани олиб келамиз — турклар билан яхши ҳамкорлик дегани, уларнинг ўзида бериш ман қилинган сериаллар бутун бошли телевидениемизни эгаллаб олсин дегани эмас-ку!
Масалан, бир оилада ота ҳам, она ҳам хиёнаткор, уларнинг уйланган ўғли ёки қизи ҳам оиласига хиёнат қилади. Ва бу — табиий ҳол. Худди дунёда эркак зоти қуриб кетганидек, опа синглисининг эрига кўз олайтирган. Худди дунёда қиз зоти қуриб кетганидек, йигит ўгай онасининг қизини севиб қолган. У ўгай она ҳам эрига хиёнат қилиб, йигитнинг отасига тегиб олган, оқибатда йигитнинг онаси отасини ташлаб кетган, аслида ўгай сингил бир пайтлар ота онасига хиёнат қилганининг меваси — туғишган сингил! Биринчи навбатда, хиёнаткорликни тарғиб қилувчи турк сериаллари бизга нима беради? Уларнинг «анъана»ларига нисбатан меҳрми? Меҳримиз ошаётгандирки, қизларимиз бугун турк йигитига турмушга фахр билан чиқиб кетяпти.
Туркларнинг кинодаги ҳаёти нафақат онгимизга, балки хонадонларимизга кириб келмоқда. Ёшлар кинолар орқали бошқа миллатнинг туриш-турмушини ўрганишади, тарихига қизиқа бошлайди. Мен бошқа халқларнинг тилини, урф-одатини, тарихини ўрганишга қарши эмасман. Ўрганиш бошқа, меҳр қўйиш бошқа... қолаверса, бундай сериаллар орқали эмас. Яна сериалки, қизнинг онаси билан теппа-тенг айтишиши, ўғилнинг ота билан ёқа бўғиб қолиши, кийимларини-ку айтманг. Ҳавасимиз зўрлигидан Туркиянинг кўйлагини киймасак, тўйга боролмайдиган бўлиб қолдик. Сарполаримизда албатта туркларнинг либоси, ҳатто галстук, пайпоқ, совунгача. Ўйлаб кўрмаяпмиз: улар сериаллар орқали иқтисодини — кийимларига ҳавас уйғотиб, экспортни ривожлантиряпти. Булар орқали кўп нарсани йўқотяпмиз. Чўнтагимиздаги пулимизни ўзга давлатнинг маҳсулоти учун ўн баравар қимматига сарфлаяпмиз. Улар эса бизга ўхшаганларнинг пули орқасидан бойишмоқда. Ачинарлиси, эвазига оладиган бадалимиз нафақат моддий йўқотиш, балки МАЪНАВИЙ таназзулга юз тутяпмиз. Қани бизларда ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган кийимларни кийиб сериаллар олсак ва иқтисодимизга ана шундай ҳисса қўшсак, арзончилик бўлармиди?!.
Қайси каналга олсанг, қайси каналнинг дастурини кўрсанг, турк сериали. Баъзида дастурга қараб ҳар бир канал келишиб олгандек, кетма-кетликда қўйиладиган «Гуллар изтироби», «Эртуғрул», «Муҳташам юз йил», «Аёл» каби сериаллар оқими тўхтамаётганидан ҳайратга тушасан. Яна бордир, билмайман, чунки кўрмайман, асабим бузилади. Энг ачинарлиси, «Ёшлар» каналининг қатордан қуруқ қолмаётгани.
Американинг жангари, уруш саҳналарига бой бўлса-да, барибир инсонийликни, ғурурни, қаҳрамонликни тарғиб этадиган киноларига чидаш мумкин. Ўзимизнинг кўнгилни тўлдирар даражада ишланмаган бўлса-да, миллий менталитетни сақлаб қолишга ҳаракат қилган сериалларга чидаш мумкин, қаҳрамонларининг кўзидан ҳеч ёши тинмайдиган ва шу билан бирга урф-одатлари бизга яқинроқ бўлган корейс сериалларига чидаш мумкин, аммо уларнинг ўзлари ҳам кўришни ман қилган, ўзларининг ҳаётидан, турмушидан узоқ бўлган турк сериалларига чидаб бўлмайди.
Бу сериалларни тарғиб қилаётган, қўйишга рухсат бераётганларни изза қиладиган бирор киши борми? Ёки билиб туриб атайлаб қилинаётган душманликми бу? Битта нуқта — тиниш белгисида хато қилгани учун журналист таъна маломатга қолиб турган бир пайтда, тарбиясизликка ўргатувчи «нуқтаю вергули» йўқ бундай киноларнинг тобора кўп қўйилаётганига қаршиман. Масалан, божхона маълумотларига кўра, палон порнографик фильм дисклари ушлаб қолинди, деган хабарларга кўзимиз тушади. Аммо нега телевидениеда берилаётган порнографик киноларнинг дебочаси сифатида ишланган сериалларни назорат қилмайди ҳеч ким. Ёки бунинг ортида миллатнинг маънавиятини ўлдиришдек атайлаб уюштирилаётган ғоя ётибдими? Бунга ким ЖАВОБ БЕРАДИ? Эртага бу сериаллар туфайли порнографияни очиқ ойдин кўрсатадиган ва табиий қабул қиладиган авлод етишиб чиқмайди, деб ким кафолат беради? Мана бундай ҳар томонлама ярим яланғоч сериаллар эртанги авлодни ҳам шундай тарбиялайди.
Йўлдош Аъзамовнинг «Ойдин саҳифа», «Одамлар ташвишида», «Ота насиҳати», «Фурқат», «Пароль «Регина» меҳмонхонси», Али Ҳамроевнинг «Қизилқум», «Фавқулодда комиссар», «Еттинчи ўқ», «Водиллик келин», Равил Ботировнинг «26-отилмасин», «Сени кутамиз йигит», Учқун Назаровнинг «Сурайё», «Шиддат», «Алангали соҳил», Шуҳрат Аббосовнинг «Тошкент нон шаҳри», «Муҳаббат драмаси», «Отамдан қолган далалар», Зоҳид Собитовнинг «Стадионда учрашамиз», «Икки жангчи ҳақида қисса», «Фарзандлар», «Генерал Раҳимов» каби кинолар нега қўйилмайди? Ёки «Бой ила хизматчи» киносининг нимаси ёмон? Ахир, қўшхотинлик ва унинг фожиалари ҳалиям ҳаётимизда давом этяпти. «Тошкент нон шаҳри» фильми-чи? Бугун ҳамма нарса пул билан ўлчанаётган замонда мана шундай иссиқ меҳрли киноларни кўрсак бўлмайдими?!
Ўзбек халқининг тарихий ва замонавий ҳаёти саҳифаларини миллий руҳда очишга қаратилган бундай киноларнинг қайсидир жиҳатлари бугунги кун мафкурасига тўғри келмайди, дея таъқиблашади, аммо четдан кириб келаётган фильмлар, сериаллар бугунги кун мафкурамизга тўғри келадими? Юқорида санаб ўтилган кинолар намойишига тақриз ёзган, жон-жаҳди билан курашаётганлар, нега бўлмағур кинолар намойишини тўхтатиш учун икки оёғини этикка тиқиб курашмайди. Бундан муддао нима? Ўлиб бораётган маънавиятни бутунлай йўққа чиқаришми?
Тарихнинг баъзи саҳифалари ёпиқлигича қолган ва бундан бехабар ўтаётган ёш авлод бугунги кунимиз тарихга айланганида, ўз тарихини мана шундай сериаллар орқали яратадими? Ахир юқорида санаб ўтилган ўз фильмларимиз нафақат савия, балки актёрлар ижродаги маҳоратлари билан ҳам одамни ўзига тортади. Бугунги қўйилаётган сериаллардан кўра, уларнинг фойдаси кўпроқ эмасми? Энг бўлмаганда актёрлар уларнинг маҳоратидан сабоқ олиб киноларда яхши рол ўйнармиди? Масалан, Олим Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Ғани Аъзамов, Наби Раҳимов, Сора Эшонтўраева, Лутфихоним Саримсоқовалар ижро этган роллар ҳалигача ёдимиздан чиқмайди. Афсуски, кино оламига кириб келаётган кўпгина ёш актёрларимиз мана шундай киноларнинг четда қолаётгани оқибатида етук, миллатимиз фахри бўлган актёрларни, уларнинг ижро маҳоратларини ҳам унутиб қўйишмоқда. Телеканалларимизда ўша фильмлар қайта-қайта қўйилаверса, турк сериалларига тобора ўрганиб бораётган онгимиз уларга ҳам кўникармиди? Ва бу кўникиш бизга фойда келтирса келтирадики, зарар келтирмайди. Аммо турк сериалларига тобора кўникиш, воқеа-ҳодисаларини табиий қабул қилиш ва оқибатда ҳаётимизни ўшанга мослаштиришга ҳаракат миллат маънавиятини таназзулига олиб келади.
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter