«Ичан қалъа»дагилар: «Лойсувоқ уйларда яшашимизга ҳайрон қолишади…»

Хива ҳақида жуда кўп маълумотлар мавжуд. Тарихчи олимлар, журналист-мутахассислар ҳамда сайёҳлар доимо у ҳақда яна ва яна янги нималарнидир айтгиси келади. Осмон остидаги бу очиқ музейга бир ташриф буюрган одам эса яна қайтгиси келади.
Энди, технология ривожланган даврда мана шу тарихий обидалар, кўчалар орасида умри ўтаётган одамларни тасаввур қилинг. Гап у ерда тирикчилик қилаётган аҳоли ҳақида эмас, балки Ичан қалъанинг ичида умргузаронлик қилаётган одамлар ҳақида. Тарихий обидаларга, иморатларга қўшилиб кетган лой сувоқли уйлар ҳам 100 йиллик тарихга эга. Бугун бу лойсувоқли уйларнинг баъзилари меҳмонхона, баъзиларида эса одамлар яшайди.
– Болалигим мана шу қалъалар, миноралар орасида ўтди, – дейди 65 ёшли онахон Муҳаббат Жуманиёзова. – Мен яшаётган маҳалла «Заргарлар» деб аталади. Замонавий уйларда яшаётган қариндош, танишлар бизнинг уйларимизни кўриб шу лойсувоқ уйларда яшайсизларми, деб ҳайрон қолишади. Бу уйларнинг ичини таъмирлашимиз мумкин, аммо ташқарисига тегиниш мумкинмас. Ахир бу бизнинг тарих. Шундай кўчага чиқишингиз билан бир ёнда мадрасалар, бир ёнда масжид. Бу бошқа дунё. Бу дунёни кўриш учун хорижликлар қанча йўл босиб келишади. Қани, меҳмон, сиз хоннинг юртидасиз, бир кеча қўноғим бўлинг…
Мен онахон олдидан узоқлашаман. Икки қаватли уй олдида ёшгина келин дўконда савдо қиляпти. Бу қандай бино деган саволимга уйимиз, қайнотамнинг отасидан қолган уй, деб жавоб берди.
«Биз бу ерни меҳмонхона қилолмаймиз, чунки ўзимиз кўпчиликмиз, менинг тўрт фарзандим, қайнопам, турмуш ўртоғим турамиз. Тарихий жой бўлгани билан канализация, сув яхши, бир ёнда «Ясовулбоши», нарироқда «Калта минор»…
Транспорт шовқини йўқ, кўча жуда қайнаган, лекин Ичан қалъа шундай барпо этилганки, ҳамма жойида елвизак, бу бинолар учун ҳам фойдали», – дейди ўзини Нилуфар деб таништирган келинчак.
Мен қалъанинг деярли сайёҳлар назаридан четда қолган, лекин улар учун меҳмонхона қилиб берилган пастак бир асрлик тарихга эга уйлари оралаб сайр қилишда давом этаман. Қалъанинг марказидаги каби савдо-сотиқ авжида бўлмаса ҳам бу ерда хорижликларнинг миллий матоларимизга қизиқишига гувоҳи бўласиз. Мана бу икки хорижлик инглиз тилида рўмолларни савдолашади: бирови «wife» (хотин) деса, наригиси «mother» (она) дейди. Демак, улар аёли ва хотинига совға қидиряпти. Сал нарироқда ёшроқ эркак турмуш ўртоғи учун бизнинг тилда абая деб аталадиган кийимни танлаяпти.
Пештоқига «Дўст Аълам мадрасаси. 1882 йил ёдгорлиги», деб ёзилган бинога кираверишда болғанинг тақ-туқи эътиборимни тортади: тарих қандай яратилгани, устунлар, пештоқилар, келилар, аравалар 100 йил олдин қандай ясалганини бугунги технология асрида ҳам гувоҳи бўлиб беихтиёр ўтмишга қайтасиз.
– Мана бу устунларнинг ёши 100 йилдан ошган, ёнидагилари эса шуларнинг янги нусхаси, - дейди ҳунарманд Бозорбой Салаев. – Чет элликлар менинг ҳар бир нақшни қандай ўяётганимни кўриб уларда аллақачон қўл меҳнати унутилганини айтишади.
– Мана бу устун пойдеворига қандай маҳкамланган, ҳозир мана темирда маҳкамланаётган экан, – дейман мен қизиқсиниб.
– Авваллари бу пойдеворга устун жойлаштирилишидан олдин коваги туя жуни билан тўлдирилган, сабаби туя жуни пишиқ ва ейилиб кетмаган, кейин устунни қурт-қумурсқалар емаслиги учун ҳам туя жунидан фойдаланишган. Устун билан пойдеворни улайдиган қисмига ҳашам учун мис, бронза ишлатилган…
Ҳозир бу устунларни меҳмонхоналар учун ясаб берамиз, аммо сайёҳларга мана бу жуда эски ишлар қизиқ. Яна юз йиллардан кейин биз ясаётган устунлар, тархлар, ручка соладиган идишлар худди шундай тарихнинг ноёб ашёларига айланади.
Ҳунарманд билан хайрлашиб қалъа девори томонга ўтаман. «Ичан қалъа девори давлат муҳофазасига олинган», деб ёзилган ёзувни лойли ёмғир суви хиралаштирган, қачонлардир табиат ўз ишини қилишини, асрлар ўтгач, нурашини ўйлаб ҳомуш тортасан киши. Қоронғу қалъа ва темир панжара ортида қандай ўтмиш яширинган экан-а…
Йўл йўлакай бир-бирини такрорламайдиган 213 та устуни бор масжидга кираман. Устунларнинг баъзилари ёрилган, қорайган, нақшлари хиралашган, ҳеч нарса абадий эмас деган ўй ўтади кўнглимдан. Мана бу тўда-тўда бўлиб юрган болалар аслида энг бахтли авлод, қандай ўтмиш билан юз келиб турганларини англаб етсалар, албатта.
Анор гулли либосларда лапар айтиб рақс тушаётган ансамблни мириқиб томоша қилаётганлар, қўшилиб рақс тушаётганларни учратасиз. Шу аснода бир чеккада ўтириб, қизларнинг либосларидаги нақшларни чизаётган хорижлик сайёҳ аёл эътиборимни тортди. Менимча, илмий иш қилмоқчи ёки китоб ёзмоқчи. Балки «одамлар янгилик излаб космосга чиқаётган бир пайтда», ер юзида яна бир бошқача дунё, сайёра ичида яна бир сайёра ҳам борлигини ўйлаётгандир.
Хива эса ҳали ҳамон мени ҳайратлантиришда давом этмоқда. Бу ҳайрат ва хотиралар бу ерга келган мендек ҳар бир сайёҳни бир умрга тарк этмаса керак.
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter