Болалар энди бизга ўхшаб пахта термайди
«Эшматов, сен 38 сўм 15 тийин ишладинг, Тошматов сен 18 сўм...»
Ўқитувчи бир-бир фамилиямизни айтиб қанча ҳақ олишимиз кераклигини айтади. Бизга уч ойлик соғинчу фироқларимиз, уч ойлик азобу уқубатларимиз учун бериладиган арзимаган чақа муҳим эмас эди. Аслида ўша пайтлари бизга тўланган ҳақ арзийдиган ёки арзимайдиган пул эканлигининг ҳам фарқига бормаганмиз. Биз, ва ниҳоят, уч ойлик танаффусдан сўнг мактабга қайтганимиздан хурсанд эдик. Йўқ, ёзги таътилдаги уч ой эмас, бу пахта терими давридаги уч ойлик узилиш эди.
Ҳар доим кузнинг мана шундай бир қадар ёмғирли ва изғирин кунларида мактаб даврим эсга тушади. Мана шу пайтлари пахта далаларида юрганларимизни ўйлайман. Ҳозир эсласам болалик, ўсмирлик хотираларидек туюлади. Аммо ўша лаҳзаларни ҳис қиладиган бўлсам, ҳар куни кир этакларни ва лой этик, калишларни судраб пахта далаларида пахта излаб кезганларимиз, кун санаганларимиз азоб бўлган экан. Ўшанда камида уч ойга кетардик, ундан ташқари, ёз ойларида чопиққа, узумга, кейин эса пахта теримига. Подбор (пахтанинг энг охирги чиқиндидан иборат мавсуми)дан ясаган оқ эмас, жигарранг хирмонларимиз тоғ қадар бўлса бўлардики, уйга кетишимиз тезлашмасди. Уйни шу қадар соғинганимиздан уйга борсак қандай ширинликлар пиширишни, қайси овқатларни соғинганимизни ҳангома қилардик. У кунлар эртакка ўхшайди. Бу нафақат мактаб ўқувчилари, ҳатто талабалар учун ҳам жорий қилинган қонун эди, яқин-яқингача.
Ниҳоят 2017 йилдан Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига буткул барҳам берилди. Буни халқаро экспертлар ҳам тасдиқлашди, маълумот ўрнида «Cotton Campaign» халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига нисбатан бойкот бекор қилингани расман эълон қилинди. Неча йилдан бери амал қилган бойкот мамлакатимизда 2021 йилги пахта терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмагани муносабати билан бекор қилинди.
Пахтага ўқувчилар, талабалар ёки бошқа корхонаю ташкилотлари ходимлари мажбур чиқарилмаса-да режалар бажарилар экан-ку.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда сентябрь ойининг бошларидан бутун мамлакат бўйлаб босқичма-босқич пахта терими бошланди. Бу йилги мавсум учун республикамиз вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 21379 та терим отрядлари шакллантирилиб, уларга 1 959 702 нафар теримчилар бириктирилган.
Бу дегани 1 та отрядда ўртача 90-100 нафар теримчи тўғри келганини англатади. Теримчилар кимлар эди? Улар пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари ишчилари, маҳаллий аҳоли ва мавсумий ишчилар, бошқа ҳудудлардан жалб қилинган теримчилар эди. Улар орасида болалар йўқ, 18 ёшдан ошган, муқим иш билан банд бўлмаган, вақтинча ишсиз жисмоний шахслар белгиланган ҳақ эвазига ишлашди. Бўларканку, йўл-йўриғини топса, кўнгилдагидек ҳақ бериб одамларни ўз хоҳиши билан ишлашга жалб қилса. Бугунги кунда интернет ва ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзулардан бири бўлган мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қандай эришилди? Аввало, мазкур йўналишда Халқаро меҳнат ташкилоти билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилди, ушбу ташкилотнинг жами 14 та, шундан 8 та асосий конвенцияси, шунингдек, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашишга доир конвенцияси ратификация қилинди.
Биргина Халқаро меҳнат ташкилотининг «Мажбурий меҳнат тўғрисида»ги 29-сонли Конвенциясининг 2014 йилда тасдиқланган қўшимча Баённомасининг 2-моддасида аъзо давлатлар томонидан бажарилиши лозим бўлган 2 та энг муҳим чора-тадбир белгиланган, яъни заиф ҳамда ҳимояга муҳтож аҳоли қисмини мажбурий меҳнат қурбонларига айланишини олдини олиш мақсадида тушунчалар бериш, иш берувчиларни мажбурий меҳнат иштирокчилари бўлмаслигини олдини олиш. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмасликка эришишимизга жавобгарлик нормаларининг қатъийлиги ҳам муҳим рол ўйнади. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 7-моддасига асосан, мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан, меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади. Вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 491-моддаси билан маъмурий ҳамда Жиноят кодексининг 1481-моддаси билан жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси билан Маъмурий ҳамда Жиноят кодексининг 1482-моддаси билан жиноий жавобгарликка сабаб бўлади...
Ҳа шунақа қонуний ҳужжатлар орқали эришилди бу ғалабага.
Мажбурий меҳнатга барҳам берилгани оқибатида эса ер ўз эгаларига қайтарилди. Энди аввалгидек меҳнатни деҳқону, болалар қилиб ҳузурини бошқалар кўра олмайди. Ернинг эгаси жон жаҳди билан ишлаб ҳузуриниям ўзи кўради ва шу билан бирга эҳтиёжманд аҳолини мавсумий иш билан таъминлайди, меҳнатига яраша ҳақ тўлай олади. Бу қўшимча даромад дегани, муҳими ҳеч ким тазйиқ остида мажбуран ишлатилмайди. Ишлаган ҳам ишлатган ҳам рағбат ва ҳузур олади меҳнатининг орқасидан...
Нимагадир мана шундай кузнинг изғиринли, бир оз қуёшли, ёмғирли кунларида пахта далалари ёдимга тушади. Гарчи чаноқларда пахта қолмаса-да қўлларимиз тилиниб, кўсак арчиганларимиз, шудринг инган ҳўл пахталарни совқатган бармоқларимизни «куҳ-куҳ»лаганча ситиб олганларимиз ёдимга тушади. Қулоғимга ўқитувчимнинг овози чалинади:
«Сен пахта теримида яхши қатнашолмаганинг, кўп касал бўлиб пахтани яхши теролмаганинг учун 13 сўм қарзсан».
Қизиқ бизнинг пахта далаларида ўтган ўқувчилик даврларимиз, болалиги пахта далаларида ўтган аждодларимиз учун ўша давр, саноқсиз кузларнинг қанча қарзи қолди экан-а?
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter