Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Barno Sultonova

Ozodlik qo‘rquvning yuziga tik qaray olishdir.

Бизга ҳам «Митхун»лар керак!

Бизга ҳам «Митхун»лар керак!

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Бир пайтлар «Диско раққоси» деган ҳинд бадиий фильми бўларди. Ўша пайтлари бу фильмни кўрмаган одам бўлмаса керак. Кинода бир саҳна кўриниши бор. Маҳаллада яшайдиган одамларнинг уйини бузиш учун 2-3 нафар зўровон мажбурлик билан ашёларини кўчага улоқтираётганларга аҳоли дод-вой қиладию, аммо бас келолмайди. Шунда шу маҳаллада ёшлигида яшаган машҳур қўшиқчи Жимми (Митхун Чакраборти) якка ўзи бир неча зўровонга бас келиб, уларни маҳалладан қувиб солади. Кинода ихчамгина йигитнинг бир неча барваста эркакларга бас келиши мантиқсиздек туюлади ва кулгингни қистайди. Аммо ана шу эртакмонанд саҳна кўринишига ишонгинг келиб кетади. Шу билан бирга уларга бас келган йигитнинг қилган ишидан завқинг жўшади. Алламзамонлар Ҳиндистонда ҳам ана шундай уй бузилишларидан халқ зада бўлган ва Митхун Чакрабортидек қаҳрамон орқали бу жараён очиб берилгани бежиз эмаслигини ўйлайсан.

Куни кеча «Faсebook» тармоғида блогер Дима Қаюм — Дилшод Болтабоевнинг Риштон бозори бузилиши ҳақидаги постини ўқиб қолдим:

«Бундай чиройли бозор водийда саноқли. Риштон туман деҳқон бозори йиллар давомида 6 марта бузилди...

Бу сафар ҳам бузилади дейишмоқда ва тадбиркорларни «Пахта пункт» деб аталадиган бозорга кўчирмоқда... лекин у жойда шароит йўқ, гўшт ва озиқ-овқатлар айнийди, чанг...

Бузилишига қарши эмас, лекин кеча огоҳлантириб бугун бузамиз дейишганига тадбиркорлар шок ҳолатда... ўзи яқиндагина бузамиз деб тиклашган эди..

Аввал янгисини қуриб кейин эскисини бузмайдими? (ўзи янги)

Тадбиркорларни ҳуқуқини ҳимоя қилиш ташкилоти борми?

Дарвозалар берк! Бозор ичига халқ дарвоза тагидан кирмоқда...»

Бузилишга тушган Риштон бозори.

Ўйлайсанда, нимага туппа-тузук бозорни бузиб қайта қуришади. Бунинг ортида бирор манфаат яширинган эмасми? «Бозорга тегма, мозорга тегма» деган ҳикматли гаплар аллақачон бизнинг юртимизда ўз қийматини йўқотгандек гўё.

«Faсebook»нинг «Халқ билан мулоқот» гуруҳида куни кеча яна бир хабар видео ёзув билан жамоатчиликнинг баҳс-мунозарасига сабаб бўлди.

Бу хабарда айтилишича, М.Улуғбек тумани Паркент кўчасини Бош прокурор, Тошкент ҳокими топшириғига бўйсунмасдан Мурод Билдинг ташкилоти номидан Дониёр исмли йигит томонидан ҳовлилар бузиб ташланмоқда экан. Ва бу хабарга хорижда фаолият юритаётган ҳамкасбимиз Ибрат Сафо мана бу тарзда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган: «Бу ҳақиқатдан ҳам Мурад Билдингнинг одамими, йўқми, билмадиму, лекин бутун Ўзбекистон учун охирги икки йилда одатий ҳолга айланган саҳна. Бузамиз деб келади, қўлида на ҳужжати бор, на биров билан гаплашишни билади. Туришини қара қорнини дўппайтириб, телефонини титкилаб. Ҳақиқий шпана. Сан кимсан бировнинг уйига бостириб келиб ва уй документини сўраб? Дарвоқе, бу шармандаликлар аллақачон хориж матбуотигаям ёйилди, айниқса Тошкентдаги бундай арбитрар бузилишлар ҳақида мақолалар, бутун бошли тергов ва илмий ишлар ёзиляпти. Бу дунёга очиламан деяётган давлат имиджи учун жуда ёмон...»

«Қушнинг ҳам уяси бузилмасин», деган гапларнинг эскиргани ҳам анча бўлган кўринади.

Бугун Ўзбекистонда уйи бузилаётган одамларнинг норозилигини эшитиш оддий ҳолга айланди. «Озодлик» радиоси бирор пост қўйса, доимо Хосият исмли аёл мавзуга тўғри келадими йўқми 500 туп дарахти бор боғи бузилгани ҳақидаги «нола»сини изоҳ қилиб қўяди. «Озодлик» ни ўқийдиганлар зора менинг ҳам дардимни эшитармикан деган илинжда. Бугун Ўзбекистонда бу масалада халқнинг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳеч кимни ташвишга солаётгани йўқ. Японияда бир инсоннинг боғини бузиб янги идора қурмоқчи бўлганда боғбон судда ютиб чиқади, унинг нафақат боғи сақланиб қолади, ҳатто боғдаги дарахтларга зарар етказилмаслиги учун боғнинг тепасидан самолёт ҳам учиб ўтмайди, балки айланиб ўтади.

«Диско раққоси» киносидаги Митхун Чакрабортининг бир ўзи бир неча одамга бас келгани, бузғунчиларни маҳалласидан қувиб солганига унчалик ҳам ишонгинг келмайди, кулгули туюлади, аммо биздаги бугунги жараённи кузата туриб, Митхуннинг ишига ишонмай туриб қаҳрамонлигига завқинг келади. Бизга бугун ўз билак кучи билан эмас, қонун билан ноқонуний бузилишларга чек қўядиган Митхунлар керак...

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети