Беллашув давом этмоқда: «Алпомиш»дан «Рустамхон»гача

Мана уч кундирки Хивада IV «Бахшичилик санъати» халқаро фестивали бўлиб ўтаяпти. Бахшиларнинг ҳар бир куйи ва ижроси нафақат миллатдошларимизни, балки хорижлик томошабинлар қалбини забт этмоқда. Бахши куйлаётган жой борки, хорижлик сайёҳлар ҳайрат билан кузатаётганини кўришингиз мумкин.
Италиялик меҳмон Лелло Забнинг фикрича, бахшиларнинг айтимларни томоқ билан куйлаши – бу жуда ҳам ажойиб ва ҳайратланарли санъат тури. «Овознинг ғайритабиийлиги ва томоқ билан куйлаш, мен учун ҳақиқий мўъжиза, гарчи сўзларини тушунмасамда, сеҳрланиб сира узоқлашгим келмаяпти», – дейди у.
Сурхондарёлик «Шуҳрат» медали соҳиби Раҳим ака тингловчиларга овозни қандай созлашни, торни қандай ушлашни ва куйлашни эринмай ўргатади. Сайёҳлар ҳам Раҳим акага жўр бўлади, миннатдорлик билдириш истагида қўлини қаттиқ қисиб қўяди. Бу фестивал, нафақат турли мамлакатлардан келган одамларга маданиятларни, урф-одатларни таништиради, балки бахшичилик санъатига меҳрни тарғиб этишга ёрдам беради.
Кечки салқин тушиши билан беллашув бошланди. Илк саҳнага чиққан Сурхондарёлик Жовли Тангиров айтимни Гўрўғлининг ўғли Авазхонга дуодан бошланди. Бу дуо-айтим бахшиларнинг барчасига билдирилган эзгу тилакдек янграйди, гўёки барчани бирлаштираётгандек.
Кейин эса Эрон Республикасидан келган «Аранг» мусиқий гуруҳи эрон оҳангларини ижро этди. Ундан кейин, Тожикистонлик бахши Абдураҳмон Ҳасанов «Алпомиш» достонини куйлади. Оҳанглар бир-бирига уланади, Хиванинг тарихий обидаларини томоша қилаётган ёш болалардан тортиб кексаларгача, хорижлик сайёҳлар саҳна томон ошиқади.
«Алпомиш», «Рустамхон», «Хирмондали», «Ошиқ Маҳмуд» каби миллий маданиятимизнинг ўлмас дурдоналари ҳам бугунги беллашувни янада жозибали қилади. Мана Япония миллий мусиқа гуруҳи ижро этаётган «Японияга мусиқий саёҳат» кўз ўнгимизда кунчиқар мамлакатни гавдалантирди...
Танлов давом этмоқда, тор, турли чолғулар, доиранинг уйғун овозлари атрофга садо тарқатади, бахшиларнинг бир-бирига қарата айтаётган айтимлари барчани сеҳрлайди. Қирқдан ортиқ мамлакат санъаткорлари қатнашаётган ушбу фестивал ҳали узоқ давом этади, куй-куйга, сўз-сўзга, оҳанг-оҳангга уланади.
Бахшичилик санъати садолари мана шундай авлоддан авлодга бойиб, тўлиб-тўлишиб ўтиб бораверади.
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter