Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Barno Sultonova

Ozodlik qo‘rquvning yuziga tik qaray olishdir.

Баҳодир Камолов: «Ер ўзидан-ўзи ҳосил бермайди» ёхуд ичида шоир, боғбон, сиёсатчи яшаётган деҳқон

Баҳодир Камолов: «Ер ўзидан-ўзи ҳосил бермайди» ёхуд ичида шоир, боғбон, сиёсатчи яшаётган деҳқон

Деҳқондан ер ҳақида сўранг, экин ҳақида сўранг. Ёмғир ёғса ҳосилим мўл бўлади, деб қувонади деҳқон. Қуёшнинг ботишига, ойнинг туғилишига, дарахтнинг энг тепасидан барг сарғайишига қараб оладиган ҳосилини айтиб беради. Йил қурғоқчил ёки ҳосил мўл бўладими табиатдан ўрганади деҳқон башоратни. Ҳа, биз аксарият деҳқонни худди шундай биламиз ва тасаввур қиламиз. Аммо мен билган деҳқон ҳамма мавзуда суҳбатлаша олади. Яъни деҳқон, боғбон ва шоир блогер деймиз биз уни Facebookдаги дўстлари ҳазиллашиб. 46 ёшли Баҳодир Камолов Самарқанд вилояти Ургут тумани Мирзабоғлон қишлоғида туғилган. Оилали, тўрт нафар фарзанди бор.

– Суҳбатни нимадан бошлаймиз?

– Келинг, Рамазондан бошлаймиз. Қишлоқдаги Рамазон саҳарлигидан бошлаймиз. Рамазон саҳарлигида олма гуллари ҳам уйғоқ... Мен илгари ҳам баҳорда рамазон ойи келганини, ўшанда қишлоқ кўчаларини тўлдириб бойчечак айтганимизни эслайман. Ўттиз олти йилда айланиб келаркан. Эсимда 1984 йилларда рамазон ойида олма дарахти остида ифторликдан кейин рўзадорлар жамоат бўлиб намоз ўқишгани, биз болалар яширинмачоқ, қувлашмачоқ ўйнаганимиз. Ўша пайтлари рамазон ойи бошқача кутиб олинарди. Одамларнинг эътиқоди мустаҳкам эди.

Эсимни таниганимдан биламан – қишлоғимиз бозорчасида доим ҳайит сайли бўлган. 1980 йилдан бошлаб ҳайит сайлига борганман. Лекин ўша пайтлари одамлар эллик ёшдан кейин қариб салла ўраб, мункиллаб қоларди. Олтмиш ёшлилар қўлида ирғай ҳасса кўтариб юрарди. Белида каштали белбоғ, белбоғда қини бор пичоқ осиғлиқ турарди, тўйларга борса суякни шу пичоқ билан кесишарди. Ошни еб бўлиб қўлининг ёғини маҳсиларига суртарди. Боболарнинг ҳар бирининг эшаги бўларди. Ифторларга эшакда келарди. Қатор эшаклар устида хуржуни билан боғлоқлик турарди. Кўп уйларда меҳмонхоналар бўларди. Боболар йиғилиб навбати билан жамоат бўлиб намоз ўқирдилар...

Ҳайит сайли роса ажойиб бўларди. Ҳар хил ҳолвалар, рангланган тухумлар челакларда сотиларди. Нўхатшўраклар пишириларди. Қизлар чаманда гул дўппида, ўғил болалар ҳам дўппилар кийиб ҳайитга чиқиларди. Кексалар, беморлардан хабар олинарди. Шу бозор ёнида эски масжидда ҳайит намози ўқиларди. 36 йил олдин Рамазон саҳарлигида олма гуллаганини бугун яна кўриб турибман...

– Қанча ерингиз бор? Мол-ҳолингиз дегандай...

– Адирликда бир гектар лалми ерда фаолият олиб бораман. Саксон сотих токзорим бор. Юз тупдан зиёд мевали дарахтлар экканман. Йигирмата қўй-қўзи, уч бош қорамолим бор.

Бизда қурғоқчилик келса ёш экилган ниҳоллар қуриб кетиши мумкин. Сувни хоҳлаган пайти қуйишнинг иложи бўлмагани сабаб баъзи ҳолларда уч йилда ҳосил берадиган токнинг мева солишини ўн йил ҳам кутиш мумкин.

Агар йил қурғоқ келмаса, токларни совуққа олдириб қўймасам, асосан узумни майиз қилиб сотиб бир йилда эллик-олтмиш миллион атрофида даромад қиламан. Шундан йигирма миллион атрофидаги маблағни ернинг мелоаратив ҳолатини яхшилаш, токзорларни, ерни ўзлаштиришга ишлатаман.

Бугунги кунда чорва учун омухта ем, минерал ўғитлар нархи жуда ошиб кетган. «Қарамоғида» токзори бўла туриб катта яйловларни ҳам эгаллаб турган фермерлардаги яйлов ерларни маҳаллаларга бириктириш керак, яъни у ерлар умумхалқ чорва ери қилиб берилса натижали бўлади.

Чорванинг туёғини ёзиб келиш учун ҳам кенгликлар бўлиши керак. Шунақа яйлов ерлар ҳам эгалик бўлиб кетгани учун одамларнинг чорва боқишга қизиқиши паст бўлиб кетаяпти.

Бу йил баҳорги ёмғирга ишониб озроқ картошка, кўкатлар экдим. Артизан қудуқлар ҳам бор, шу сувга ишониб пиёз, ошқовоқ экаман. Токзорларга ишлов беришни бошладим. Маҳаллий озуқа бериб сув кирадиган жўякларини чопдим. Лекин токни кеч очдим бу йил. Қишки совуқ токзорларга, дарахтларга қисман бўлса ҳам таъсир қилган, ўрикларнинг гуллаши, токларнинг кўкариши суст бўлди. Яқинда ток гуллайди. Ток гулида шундай нафис бир ифор бор. Бунақа ифор на жийдагулида, на атиргулда бор.

– Аукцион орқали ерларнинг сотилиши ҳақида фикрингиз қизиқ.

– Ҳозирги кунда аукцион орқали ерлар одамларга берилмоқда. Ижобий ва салбий томонлари ҳам бор. Ер аукционга қўйилган тақдирда ҳам биринчи навбатда ерни ишлатишни билган, меҳнаткаш, боғ-токзорлари бўлса ўзи харажат қилиб ишлатиб келган деҳқонларга берилиши керак. Ер ўз-ўзидан ҳосил бермайди. Ерга ҳам меҳр бериб меҳнат қилса, харажат қилиб нимадандир кечса ҳосил беради. Шу лалми, адир ерлар халқнинг кучи билан бунёд бўлган. Боғдорчилик, токчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида ҳам ҳақиқий деҳқон ва боғбон ишчи кучи сифатида ишлайди. Масалан, ўн гектар фермер хўжалиги бор фермер ўнта ҳам ишчини ёлламай иш юритади. Ўша фермер хўжалигида боғбон ўзи экинни парвариш қилади, ҳосил учун кетадиган харажатни ҳам боғбон, яъни ишчи кўтаради. Фермер билан тоғ-боғ яратган боғбон ўртасида шартнома ҳам йўқ, яъни боғбон номига ҳосил ҳам кирим бўлмайди. Ишчи деб, фермерда на қайддан, на рўйхатдан  ўтмаган. Яъни бу боғ ҳам, фермер ҳам боқиманда. Шунинг учун яйлов, адир, лалми ерларни тугатиб негизида ҳақиқий боғ эгаларига деҳқон хўжалик қилиб бериш керак. Даромад пулини фермер қўлига бермай, ерга маҳаллий ўғит олиб бериш керак, яъни бюджетга тўғридан тўғри тўлов амалга оширилади. Ишчи ўрни ҳам кўпаяди. Деҳқон билан давлат ўртасида боқиманда ўртакаш фермер нимага керак? Президентимиз қарори билан ерларни аукцион орқали сотиш билан деҳқон хўжаликларига айлантириш қарорини ижобий баҳолайман. Очиқ ерлар бўлса бемалол тўғри келган одамга аукцион орқали сотса бўлади. Лекин боғ-токзорлар аукцион орқали ўз эгасига сотилиши керак. Боғ-токни яратган инсонлар бир умр топган пулини харажат қилиб парваришлаган. Лалми, адир ерларда боғ-ток яратиш осон эмас, унинг замирида қанча меҳнат, харажат ётади. Бу ҳам менинг шунчаки бир таклифим...

– Сув масаласи қандай бу ерларда?

– Оғриқли муаммолардан бири шуки, бизга тоғдан чашма суви келади. Баҳорда қорлар эруви пайтида сув жуда кўп бўлиб сойда оқади. Биздан пастки қишлоқ Ваткан-Қўзибек Чепда амфитеатр қурилгани сабабли ўзларининг ариғидан сувни ўтказишмайди, яъни улар бизнинг ариққа қўшилиши натижасида кўпроқ навбат кутиб туришимизга тўғри келади. Уларнинг ариғи ҳам сув кетадиган ҳолатга келтирилган, яъни улар ўзларининг ариғидан сув ҳайдаса сойдаги бекорга оқиб кетадиган сел ва қор эрув сувларидан биз ҳам вақтида фойдаланиб қолардик. Бунинг бир қанча ечимлари ҳам бор, раҳбарлар бош қўшса... Ёздаги иссиқ саратон пайти токзорлар қониб вақтида суғорилмагани боис, узумлар эллик фоиз ҳосилини ташлаб юборади. Томорқасидан ўн тонна узум олиши керак бўлган деҳқон беш тонна ҳосил олади. Ўтган йили баҳорда бир миллион сўмга икки юз тўп ток кўчати олиб эккандим. Юзтадан зиёдроғи кўкариб, қолгани қувради. Ўтган йили шу жойга экканимдан ўн туп кўчат қолганди.

Мен қурилишларда ишлаб юриб яхши қаров бўлмаган. Бу бечора токчаларга бир шланг артезан сувини орттириб олиб келиш ҳам қийин бўлганда...

Токни кўпайтириб экиб ташлайвериш керак. Вақти келганда ўзини ўзи «ишлатади». Қанча «ишлаб чиқариш» қилсак шунча иш ўрни, ўзимизга ҳам, бошқаларга ҳам шароит яратилади.

– Томорқадан одамлар унумли фойдаланяптими?

– Шу жойни – ажриқзорнинг ажриғини битталаб териб дунё пайдо бўлгандан бери биринчи экинни ўзим экканманов. Ўтган йили помидор эккандим. Бу йил картошка экиб устидан кул, маҳаллий ўғит сепиб чиқдим. Мана чопиққа келган сабабли чопиб қўйдим. Энди шу билан вақтида суғориб турсак бошқа меҳнат қилмайман, ковлаб олиб ейиш қолди, холос. Четларига ошқовоқ экиб чиқдим. Картошкани қазиб олганимдан кейин жойини ошқовоқ эгаллайди.

Бўш ер қўймасдан фойдаланиш керак. 2023 йил ҳосили учун баҳор бошқа қайтиб келмайди. Ҳамалда, амал қилади. Амалда экинларни амаллаб экиб, парвариш қилиш керак. Томорқалар бўш қолмаслиги лозим. Бозорда қанча маҳсулот кўп бўлса шунча арзончилик бўлади. Ўзимизни ўзимиз маҳсулот билан таъминласак ҳам давлат, халқ иқтисодига фойда келтирган бўламиз.

Аҳоли ҳеч бўлмаганда картошка экиб ўзини-ўзи таъминласа бозорда картошка арзон бўлишига олиб келади. «Э, мен ҳеч нарса экмайман, бозордан сотиб оламан» деса юрт, халқ учун зарар қилади. Ердан фойдаланиб ўзи маҳсулот кўкартириб, ҳосил олиш ҳам инсонга завқ беради.

– Қишлоқ одамлари сиёсатдан қанчалик хабардор, деб ўйлайсиз?

– Қишлоқ одамлари сиёсатни жуда яхши билади. Лекин улар, раҳбарларимиз оқил, муаммоларимизни ҳал қилиб беради, шу юртга бекорга раҳбар бўлмаган, халқни ўйлайди, деб фикр юритади ва сиёсат ҳақида бош қотирмайди. Сал кимдир сиёсатдан гапирса «сиёсатга аралашма, ишни қил», дейдиганлар кўп. Масалан, атрофимда деярли ҳеч ким facebookка кирмайди. Асосан кўпчилик телеграмда хабарларни ўқийди. Лекин Facebook тармоғида жуда кўп сиёсий жараёнлар яхшигина муҳокама бўлади.

Ўзим зиёли оиласида ўсганман. Отамнинг тўққизта ака-укаси бўлган, ҳаммаси олий маълумот олган. Давлат ишларида ишлаган. Биз ҳам оилада ўнта фарзанд бўлганмиз, бизнинг ёшлигимиз мустақилликнинг илк – қийин даврига тўғри келгани, кўп болали оила бўлганимиз учун ўқишга ҳужжат топширишга ҳам имкон бўлмаган. Имкон бўлганда ўз оиламизга ўралашиб сиртқи ўқиш бўлмагани сабаб ҳужжат топширмаганман. Ўтган йили сиртқигa ҳужжат топшириб юз балл олдим. Балим етмади. Бу йил яна топшираман.

Ёшлигимдан кутубхонамиз бор, ҳозир ҳам бор китоб ўқийман, баъзан қўйларимни боқиб юрганимда ёки экинларни суғорганимда.

– Ҳосилнинг мўл бўлиши об-ҳавога боғлиқми?

– Бу йил куз ва қиш ўз ўрнида яхши бўлди. Баҳорнинг боши қуруқ келди. Бодом бу йил гулламади, кўпгина атиргулларни ҳам совуқ урди. Ҳозирги ёмғир айни вақтида ёғаяпди.   

Дунёда энг яхши кўрганим сув ва сув «маҳсулотлари» ёмғир, қор, муз, шудринг, шабнам, буғ...

– Айтганча, сиз табиат ҳақида шеър, ҳикоялар ҳам ёзасиз.

– Ҳа, ёмғир ҳақида бадиа ёзганман.

«Оқшоми билан шиғалаб ёмғир ёғди. Ёмғир овози қулоғимга чалиниб турди. Энг дилбар овоз, энг нафис ифор, энг ёқимли томчи ёмғирда бор. Ёмғир ёғишини томоша қилиш, унинг остида у билан бирга мозийга сайр қилиш ҳам мароқли. Бу ёмғирлар минг йиллик, балки ўн минг йиллик ширин хотираларга гувоҳ. Ёмғир ҳар йили ёғаверади, у дунё тургунча қолаверади. Ёмғир бизни баҳорда чиққан қўзиқоринга ёки чучмомога ўхшатса керак. Пайдо бўламиз ундан завқ оламиз ва ниҳоят кетамиз.

Ёмғир ёғ,

Узоқ ёғ...

Шитирлаб ёғ,

Шивалаб ёғ.

Қулоғимга шивирлаб ёғ.

Ёмғир сасларига, намчил илиқ

бағрига сингиб кетай.

Сендан ҳосил бўлган кўлмакларга лойқа бўлиб ботиб кетай....

Қуёш чиққандан сўнг,

Пар бўлиб кўтарилиб учсам.

Баланд тоғларга чиқиб ёмғир бўлиб ёғсам, ёғаверсам, ёғаверсам.

Қиёматгача тинмай ёмғир бўлиб ёғсам.

Кўм-кўк ўтларга,

Катта-катта харсанг тошларга ёғсам.

Ирмоқ бўлсам, ариқ бўлсам....

Анҳор бўлсам, дарё бўлсам...

Тинимсиз сув бўлиб оқсам.

Оқиб кетаётиб ариққа эгилган раъногулларни кўрсам, ширин ифорларидан ҳидлаб ўтсам, ёмғир бўлиб лолалар рангида шабнам бўлсам...»

– Аёллар билан боғлиқ мавзуларда ҳам ўз қарашингиз бор....

– Кўп аёллар ўзларига суянчиқ бўладиган, бош қўядиган «елка» излайди. Оила боқиб кучли аёл бўлишдан чарчадим, деб ўйлайди.

Миллат номуси, аёл номусини асраш ҳақида биз эркаклар жиддий бош қотиришимиз керак. Қанча аёл четда ишлайди. Ҳатто дарахтни тепса аёл ёғиладиган Ҳиндистонда ҳам ўзбек аёлининг паст ишларда ишлаши, ҳатто енгилтак йўлда юриши аламли. Миллат тақдири шуми? Миллатнинг тақдирини ўйлайдиган раҳнамолар, аёллар учун юқори маошли кенг иш ўринлари яратиш керак. Аёл юрт ғурури бўлиши учун уларга шароит керак.

– Юқорида қурилишга чиққанман дедингиз, қурувчиликдан ҳам хабарингиз борми?

– Экинларимни экиб бўлгач, фақат суғориш ишлари қолганда баъзида қурилишга ҳам чиқиб тураман. Қурилишда ишлаб шуни билдимки, бекорга ҳамма чет элга чиқиб кетмаяпти. Чунки жонингни жабборга бериб ишласанг ҳам кўчадаги мардикордан бир сўм зиёд пул ололмайсан. Ейиш, ичиш ва бошқа шароитлари қамоқда ишлаб юрган маҳкумлар шароитдан ҳам ўта ёмон деб ҳисобласа бўлади. Пулингни бўлиб-бўлиб шунақа қилиб берадики, топганинг уй билан кўча ўртасида йўқ бўлиб кетади. Ҳафтасига уйга келиб яхшироқ еб-ичиб кетмасанг соғлигингни йўқотишинг аниқ. Овқатга камроқ бўлса ҳам гўшт солинглар, ёғлироқ қилинглар, деб мурожат қилиш бефойда...

Бетон қуйиш керак бўлган «опилавка» тахталари ўн йиллик, чириб кетган, асосий вақт  тахталарни тайёрлаш билан ўтиб кетади. Бир сафар қурилиш қилаётган одамга минг марта айтиб олти метрлик тўққизта тахта олиб келтирдик. Қурилиш фирмаларимиз, шу соҳага тегишли давлат ходимлари жудаям «оч», ноинсоф. Мана шу қурилиш фирмаларида ишлаётган халқ овқати, қилиниши керак бўлган шароитлар ҳисобидан яшаётгандан гўё шулар... Қурувчи тинимсиз бир ой ишласада уч ярим-тўрт миллонлар пул  топади.

Қўлига амал теккан инсон борки (ҳаммасимасдир лекин кўпи) халқни юлсам, шилсам дейди. Одамлар учун боғчалар, бинолар қурилиб шароитлар қилиняпти, лекин қураётганларга шароит йўқ.

Бир қайноғам Россияда ишлайди. Уларнинг ейиш-ичиши, уйга жўнатаётган пули билан бизникининг ўртасида ер билан осмонча фарқи бор. Яна Россияда ишлаётгани учун солиқ ҳам тўлайди. Бекорга одамлар четга кетмаяпти экан. Нимага бизнинг халқ Қирғизистон, Қозоғистон, Россияга бориб қурилишларда ишлайди-ю улар бизга келиб ишламаслигини тушунгандай бўлдим. «Иш ўринлари ярат», деяпти Президентимиз, лекин яратган иш ўрнидаги маош инсон эҳтиёжини қондирмайди. Қарангда ўша ишлаб чиқарилган маҳсулот бозорда чет элнинг шу турдаги маҳсулоти нархи қаторида сотилади. Ўша корхоналар раҳбарлари ўйлаш керак шу маошга мен ўзим ишлайманми, яшай оламанми, деб. Инсоф сари барака бўлсин.

Қурилишни бир четга қўйиб таҳлил қилайлик, масалан кино соҳаси – кейинги йигирма йилда бир яхши кино чиқмади. Ўша «Маҳаллада дув-дув гап», «Келинлар қўзғолони», «Шум бола» каби кинолар олтин мерос бўлиб қолди.

– Яна нималар ҳақида гапирган бўлардингиз?

– Юртимизда тинчлик, осойишталик бўлсин. Қушлар чуғури, ёмғирдан кейинги тоза ҳаво, кечикиб бўлса ҳам ёққан ёмғирли кунлардан сўнг табиат яна гўзаллашди. Бу йилги баҳор барчамизга хайрли ва баракотли бўлсин.

                                                                                 Барно Султонова тайёрлади

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети