Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Barno Sultonova

Ozodlik qo‘rquvning yuziga tik qaray olishdir.

«Ажойиб хаёлпараст»дан «Залолат»гача. Янги сериалларимизга хиёнатдан бошқа мавзу топилмаяптими?

«Ажойиб хаёлпараст»дан «Залолат»гача. Янги сериалларимизга хиёнатдан бошқа мавзу топилмаяптими?

Ўзбек аёл образи

Одил Ёқубовнинг «Бахт қуши» ҳикояси асосида суратга олинган «Ажойиб хаёлпараст» филмини нима учун яхши кўрамиз, ҳар сафар илк марта кўраётгандек экран қаршисига михланамиз.

Аввало, кинони эслашимиз билан севимли актёрларимиз Бахтиёр Ихтиёров ва Аида Юнусова кўз олдимизда гавдаланади. Содда, бойиб кетишни орзу қиладиган, хотинини чин дилдан севадиган Ҳасан ва мунис чеҳрали Тамила ҳақиқий ўзбек оиласидаги ўзбекча ҳаёт, ўзбекча муносабатларни ёрқин ифодалаб бергандек. Кинонинг бирон жойида безатилган шоҳона уй, шоҳона нонушта ёки кечки овқат қўйилган дастурхонни кўрмайсиз. Тамила эрига бирон марта бақириб-чақирмайди ёки қовоқ-тумшуқ қилмайди. Кинода қамчисидан қон томадиган қайнона, заҳарханда қайнсингил ҳам йўқ. Аида Юнусова бир пайтлар кўрсатув учун берган интервюсида «Филмдаги образим менга сира қийинчилик туғдирмаган, чунки Тамила менга жуда яқин, ўзимга ўхшайди, характеримизнинг умумий томонлари кўп», деганди.

Ҳа, «Ажойиб хаёлпараст» картинасидаги Тамила образи аслида бутун ўзбек аёлларининг мунис чеҳраси, андишаси, оғир-босиқлиги. Ушбу кинодаги Аида Юнусова – Тамила ўзбек қизалоқларига, қизларига, бўлғуси келинларга, қайноналарга нимани ўргатади? Сабр-қаноатни, шукр қилишни, инсон қандай бўлса шундай севишни ўргатади. Ички хотиржамлик, ички ҳаё-ибо актриса ўйнаётган рол орқали унинг юзида, юриш-туришида, ўзини тутишида акс этади. Турмуш ўртоғининг хаёлпарастлигига, пули кўп эмаслигига қарамай севади, самимий илтифот кўрсатади. Хафа бўлганда кўз ёшлари шашқатор бўлиб оқмайди, остонага ўтириб олганча тиззаларига шапатлаб йиғламайди, хафалигини синиққина жилмайиш орқали «изҳор» қилади.

Бугунчи? Кейинги пайтларда ишланаётган кинолардаги аёллар образи қандай? Ё ўта хокисор ё ўта шаллақи. Қўл белда, кўзлар катта-катта очилган, энса қотирилган. Ўзбек аёлларигагина хос бўлса керак лаб буриб, энса қотириш ҳатти-ҳаракатлари.

«Бахт қуши» ҳикоясига ёзилган мана шу сценарий, яъни «Ажойиб хаёлпараст» киноси бугунги кун режиссёрларига тақдим қилинганида бугунги актрисаларимиз, актёрларимиз бу ролларни қандай очиб беришарди? Ёки режиссёрлар томонидан қандай ўзгартиришлар киритиларди?

Аввало, Ҳасаннинг хотини Тамила эрини менсимасди, чунки у камбағал ва хаёлпараст. Бу хаёлпараст қаҳрамон барча кинодаги образлар орқали мазахланарди. Табиийки ҳатто хотини ҳам Ҳасанни тушунмасди. Хотин қўлини белига қўйганча, эрига оғзидан тупук сачратганча шундай деган бўларди: «Э, қуён-пуёнингиз билан жонга тегдингиз, сизнинг дастингиздан на бирон тузук кийим киёлдим, на бирон жойга саёҳатга боролдим», «Э бошимни оғритманг, жонга тегди шу қуёнларингиз»... Биз бугун ўзбек аёллари деганда кинода қўлини белига қўйганча ёки шоп қилганча ўғлига, турмуш ўртоғига ёки бошқаларга бақириб-чақириб жазавага тушаётган ўзбек оналарини, ўзбек қизларини, ўзбек аёлларини кўз олдимизга келтирамиз.

«Хатико» хориж филмини ҳаммамиз яхши биламиз. Бир саҳна кўринишида бош қаҳрамон кичкина кучук боласини уйига олиб келади. Кечаси билан кучук боласи аёлнинг илмий ишларини йиртиб, титиб ташлайди. Ўша жойдаги мана бу диалогга эътибор беринга, аёл кучук боласини уйига олиб келган «айбдор» эрига: «Азизим, ахир бу менинг бир неча йиллик меҳнатим, ҳаммасини йиртиб ташлабди», дея ёзғиради. Аммо ички бир маданият билан, жазавага тушмасдан турмуш ўртоғидан хафалигини билдириб қўяди. Аслида жаҳл келганда ақл кетади, лекин уни чиройли кўрсатиш ва билдириб қўйиш фақат ички маданияти гўзал инсонларгагина хос бўлса керак.

Бизнинг филмларимизда негадир жабрланган аёллар ҳақиқатга шаллақилик билан, аламзадалик билан жазавага тушиб эришмоқчи бўладилар.

Сериалларда хиёнат мавзуси

Кейинги пайтларда ўзбек сериалларини хиёнатсиз тасаввур қилиб бўлмай қолди. Гўёки сериалга хиёнат аралашмаса сериал ўз долзарблигини йўқотадигандек. Масалан, бир кинода ота ёки она хиёнаткор ва бу – табиий ҳол. Худди дунёда эркак зоти қуриб кетганидек, опа синглисининг эрига кўз олайтиради, бу эса турк сериалларининг таъсири бўлса керак. Худди дунёда қиз зоти қуриб кетганидек, дўсти дўстининг хотинига кўз олайтиради. Биринчи навбатда, хиёнаткорликни тарғиб қилувчи ушбу сериаллар бизга нима беради?

Ёки бунинг ортида миллатнинг маънавиятини ўлдиришдек атайлаб уюштирилаётган ғоя ётибдими? Бунга ким жавоб беради? Эртага бу сериаллар туфайли порнографияни очиқ-ойдин кўрсатадиган ва табиий қабул қиладиган авлод етишиб чиқмайди, деб ким кафолат беради? Афсуски мана бундай ҳар томонлама ярим яланғоч сериаллар эртанги авлодни ҳам шундай тарбиялайди.

Хусусий каналларда эфирга узатилган «Залолат» филмини олиб кўрайлик. Хотирасини йўқотган Азизнинг хотини Наргиза осонгина эрига хиёнат қилади. Эрининг дўсти билан кафема кафе, ресторанма ресторан юради. Ичкиликка берилади. Хориж кинофилмларида хиёнат лавҳаси ўзгача очиб берилади. Аёл нега хиёнат қилди. Унга меҳр етишмадими, эри томондан эътибор етишмадими, хиёнат қилган аёлнинг виждони қийналяптими, аввало, мана шу туйғуларга эътибор қаратилади. Ўзбек сериаллари ва киноларида-чи?

Аёлга эрнинг эътибори, муҳаббати қизиқмас. Киноларимизда афсуски аксарият ҳолларда аёл эри касал бўлиб қолса, эри бўш-бўёв бўлса, эрининг иши юришмай қолса, эри пул тополмаса, эри совғалар беролмаса аёл албатта хиёнат йўлига киради, яъни ҳар доимгидай моддият биринчи ўринда. Эр-хотин ўртасидаги самимий, илиқ меҳр-муҳаббат ҳар доимгидек парда ортида. Хўш, ўша кинодаги аёлнинг, эрнинг, дўстнинг хиёнати орқали жамиятдаги қайси камчилик ёки оғриқли нуқта очиб берилмоқда? Бу кимгадир ибрат бўла оладими? Яқинда хусусий каналлардан бирида қўйилган “Қадам” сериалида келинига тегажоғлик қилмоқчи бўлган қайнотани кўрсатишди. Бундай қайноталар ҳаётда йўқ демоқчи эмасмиз? Аммо бу ахлоқи бузуқ бирон қайнотанинг тузалишига, яхши томонга ўзгаришига туртки бўладими ёки мойиллиги бор, аммо ичида яшириниб юрган ёмонликни уйғотиб юборишга хизмат қиладими?

Диалоглардаги сохталиклар

Сериалларга ёзилаётган сценарийларнинг мавзуси ўта жўн. Ҳеч бири ҳаётни кузатмай ёзилганлиги билиниб туради. Ҳаётни кузатиб ёзиш учун одамлар орасида кўпроқ бўлиш керак. Айтайлик, бирор касб ҳақида филм ишланди. Касбнинг ичига кириб бориш, касбга урғу бериш бир четда қолиб ўша касбдаги инсоннинг шахсий ҳаёти, оилавий ҳаётига кўпроқ урғу берилади. Бу касбнинг машаққатлари, бу касбнинг фидойилари, касбга фидойилик қандай бўлиши керак – мана шу томонлари очилмасдан қолиб кетаверади. Энг аянчлиси, бирор кинода қаҳрамонларнинг бир-биридан ажраб турувчи характерини кўрмайсиз. Яъни, ҳамма қаҳрамонлар, аламзада, шаллақи ёки ўта хокисор. Айниқса, аёл қаҳрамонлар юз ифодасида мунислик ёки олижаноблик балқиб турмайди.

Киноларимизда жараён, воқеа-ҳодисалар, инсоннинг ички изтироблари, туйғулари деярли кўрсатилмайди. Туйғулар кўрсатилиши ўрнига кўпроқ тилда айтиб кетилади. Диалоглар ҳам жуда оддий. Мушоҳадага чорловчи диалоглар, аниқ мақсадни ифодалайдиган суҳбатларни деярли учратмайсиз.

Мана бу “Бу ҳаёт” ўзбек сериалидаги диалогга эътибор беринг.

– Опа, анави мени ҳомиладор қилиб қўйган одам уйланганакан.

– Хафа бўлма, сингилжон, бирон нима қилармиз.

 – Аямдаям шунақа бўганакан-а?

– Йўғе, онам эрга тегиб, биринчи мани, кейин сани туққан.

– Унақамасакан. Сиззи бировдан орттириб, кейин дадамга тегволиб, 7 ойликда чала туғиб қўйдим, деб юрган. Ойимиз шунақа беҳаё бўлган, опажон...

Бу диалог орқали нимани тарғиб қилишмоқда. Ўзбек қизларининг осонгина ҳомиладор бўлиб қолишини, бу оддий ҳол эканлиги кўрсатиб берилмоқда. Энг қизиғи, онасининг ўтмишдаги хатоларини қизларига етказиш ҳам жуда осон. Бу сериалда ҳамма беҳаёларча фикр билдириб ташлайверади. “Онамиз шунақа беҳаё бўлганакан”, деган фикр ортида биз ҳам шундай беҳаёликларни қилаверамиз, деган иддаони эшитгандек бўлдим.

 Яна бир кинодаги мана бу диалогга эътибор қилинг:

Тўйи бўлмоқчи бўлган, ҳатто узук тақилган қиз йигити билан тортишиб қолди:

Қиз: – Мараз, ит.

Йигит: – Ҳов сен, ўзингдан кетма...

Мана шундай қуруқ гаплардан иборат, маъни-матрасиз диалогларда на андиша, на ҳаёни кўрасиз. Кейинчалик бу сўзлашув ҳаётда ҳам давом этади.  Хориж киноларини кўриб шундай хулосага келиш мумкин: Бирор соҳа – масалан, шифокор, ўқитувчи, журналист, ўт ўчирувчи, қурувчи ёки деҳқон ҳақида кино олишлари учун сценарий ёзувчи, режиссёр ва актёрлар ҳар қандай соҳани, одамларни, характерни чуқур ўрганишади, уларнинг қалбини чуқур ҳис қилишади.

 

Кино – бу меҳнат

Афсуски, бизда ана шундай меҳнатдан қочишади. Бу шундай меҳнатки, инсонни тушуниш меҳнати. Гўзалликни ялтироқ нарсалардан қидирмаслик, аксинча, ялтироқ бўлмаган нарсалардан, яъни балчиқдан олтин ёмби топиш меҳнати. Ижодкор, аввало, ўз асарида инсоннинг гўзал қалби ҳар қандай ҳашамдан, ҳар қандай бойликдан устунлигини кўрсата олсагина муваффақиятга эришади. Қайсидир ёзувчи ёзганидек, юракдан чиққани юракка етиб боради. Юракка етиб бориш учун ҳар қандай ижодга инсон қалб билан ёндашиши керак. Қайсидир машҳур чет эллик кинорежиссёр, “Мен пул топиш учун кино ишламайман, кино ишлаш учун пул топаман”, деган экан. Мана, чет эл кино саноатининг муваффақияти нимада? Бизнинг телеканалларимизда ҳамон қайнона-келин, бой қиз ва камбағал йигит ёки аксинча камбағал қиз ва бой йигит мавзуси.

Негадир шундай кинолар кўпайган сари қайноналар жоҳил, ёшлар сабрсиз, муҳаббат ва гўзаллик сохталашиб бормоқда. Ҳа, айтганча ҳалигача бирорта ўқитувчи ёки шифокор ҳақида кино ололганимиз йўқ. Эҳтимол шунинг учун ҳам бугун ушбу касбларнинг нуфузи пасайиб кетаётгандир. Хўш, нега бизда ана шундай кинолар ишлаб чиқилмайди. Чунки ушбу соҳа мутахассисларининг кўпчилиги ўз устида ишламайдилар. Бугуннинг қаҳрамони фақат завод-фабрика қурган ёки спортда ғолиб бўлган одам эмас. Балки қалб гўзаллиги билан одамларга яхшилик улаша олган инсон аслида. Қалбсиз яратилган нарсалар эса ҳамиша усти ялтироқ, ичи қалтироқ бўлиб қолаверади. Қалбни тарбиялашнинг йўли – оддий одамлар орасида кўпроқ юриш, уларни ҳис қилиш, энг сара асарларни ўқиш ва чет элнинг ана шундай киноларини қайта-қайта кўриш орқали синчиклаб ўрганишдир. Чунки орамизда кино олишга арзийдиган қаҳрамонлар жуда кўп... Фақат уларни кузатиш, ўрганиш, ҳис қилиш даркор, бор гап шу.

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети