Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Анвар Намозов

Русларнинг киноси ва ўзбекнинг ҳаёти

Русларнинг киноси ва ўзбекнинг ҳаёти

Кеча девордаги яна бир санъат асари ўчириб ташланди. У ўзига хос бир рамзий сурат, ҳақиқатнинг ўзгача инъикоси эди. Афсуски, нарх-навога боғлиқ бўлгани боис, умри жуда қисқа бўлди.

Юмшоқ оромкурсида ўтириб, буйруқ бериш ҳеч гап эмас. «Ановини ўчир!» – тамом-вассалом!

Бизда қачон ҳақиқатни тан олишни ўрганишади? Қачон «шунчаки санъат»ни қадрлашади? Наҳотки унинг ортидаги ҳақиқатдан қўрқишса? Қачон мард бўлиб тан беришади? Ўз ишига, жойига номуносиблар истеъфо берадими ўзи? Ёки илдизи янада томир отиб, шу креслода қариб-чириб кетгунича ўтираверадими?

Бундан сал олдин, аниқроғи, шу йил 4 сентябрь куни UzAuto Motors компаниясининг монополиясига бағишланган – машина сотиб олишга дахлдор узундан-узун навбат акс этган расм ҳам ўчирилган эди. Нега? Нима учун? Ахир ўша тасвирда ҳам ёлғон йўқ эди-ку? Ҳақиқат эди-ку? Наҳотки бу каби расмлар кимларнида тинчини бузса? Майли, кўча рассоми Абдураҳмоннинг меҳнатини қадрлашмас экан, ҳеч бўлмаса унинг ғояси, ташаббусига тан беришсин! «Боплабди, эзибди», дейишсин!

Русларнинг «Ўрдак кўлидаги воқеа» киноси бор. Ўзбек тилига дубляж қилинган, бир неча марта кўрсатилган, ҳозир ҳам намойиш этиб турилади. Унда кимёвий заводдан чиқаётган чиқинди кўлни ифлослантираётгани, атроф-муҳитга, экологияга катта зарар етказаётгани очиб берилган. Табиатнинг оддий ошуфтаси, чинакам жонкуяри бир махлуқнинг макетини ясаб, сув сатҳида кўриниш бериб юради. Натижада бу «жонивор» суратга муҳрланиб қолади.

Чинакам шов-шув кўтарилади, матбуот бонг уради. Жамоатчилик, «юқори»нинг эътибори кўлга қаратилади. Бундан чўчиб кетган завод раҳбарияти махлуқни йўқ қилмоқчи бўлади. Завод раҳбари сув сатҳига чиққан махлуқни нақ пулемётдан отиш учун нишонга олади ҳам. Аммо... тепкини босмайди. Ўринбосарининг ҳар қанча ундашига қарамай, махлуқни ўлдирмайди. «Ёқимтойгина экан», – дейди астойдил тан бериб.

Бағрикенгликни қаранг! Мардонаворликни қаранг!..

Биз-чи, ҳали-ҳануз ҳақиқий аҳволни хаспўшлашга ҳаракат қиламиз. Бўёқ кўтариб, деворга югурамиз. Тезроқ чаплаб ташлаш, ўчириш керак! Миясига ёқилғи дастагини тираган одам расмига бало борми? Ахир русларнинг киноси бошқа, ўзбекнинг ҳаёти бошқа! Бизда шунақа бўлса борми, махлуқни аллақачон йўқ қилиб, ўша кўлни ҳам қуритиб, заводни эса талон-торож қилиб юборишарди.

Ана шунақа! Хуллас, ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди. У чиройли қилиб ўчириб ташланади, холос!

Нима дедингиз?

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети