Қизми бу, малакми бу? (ичакузди ҳангома)
Ишхонамизга янги келган ходимани кўрдиму жойимда таққа қотдим. Қани энди бир қадам ҳам силжий олсам! Шунақанги чиройлики, оғзимнинг сувини зўрға ушлаб қолдим. Нафақат мен, балки ҳар қандай эркак ҳам уни кўрганида анграйиб қолиши муқаррар, агар ростдан ҳам эркак бўлса!
Кўзлари… билмадим, бу кўзми ёки уммон тубидаги дурмикан? Оҳ, шу кўзларнинг ичига кириб кетсанг-да! Киприкларини айтмайсизми, шу қадар қайрилма ва қуюқки, агар жажжи одамга айланиб, устига чиқиб сакраганингизда ҳам улар синмайди. Икки ёноғи қизғиш, силлиқлигидан эса дунёга донғи кетган «Барби» қўғирчоқлари ҳам ҳасад қилса керак.
Қисқаси, қиз эмас, товус, чиройли товус! Ҳалиги, «қизми бу, кийикми бу», деб куйлайдиган жингалаксоч йигит кўрганида ҳам извошини ташлаб, югуриб келарди бу қизнинг олдига. Шу қадар гўзал! «Одам бўлмаса керак, — дедим ичимда, — одам бунчалик чиройли бўлиши мумкин эмас. Товус, товус».
У шундоқ ёнимдан ўтиб кетганида сочларининг енгил силкиниб, пайдо бўлган эпкинидан оёқларимнинг тагигача титроқ кирди. «До-о-д», — деб юборгим келди.
Мен эс-ҳушимни йиғиб олгунимча у қабулхонадан чиқиб кетди. Ўзимга келишим қийин бўлди. Атак-чечак қилиб юришни ўрганаётган боладек зўрға одимлаб ортидан чиқдим. Сўнг уни тополмай, кафедрага қайтдим.
— Ҳа, нега ранги-қутинг ўчган? — деди мени кўриб ҳайрон бўлган Жалил.
Мен гапиролмадим ва қўрқиб кетдим: «соқов бўлиб қолган бўлсам-а?!» Жалил яна нималар деди, қулоғимга кирмади. Икки ҳушим ўша паривашда эди.
Уйда кечаси билан тўлғаниб чиқдим. Унинг шундоққина ёнимдан ўтиб кетгани «секинлаштирувчи кадрлар» орқали намоён бўлаверди. Кўзимни очсам ҳам шу тасвир, юмсам ҳам! Шу боис тушим билан ўнгим айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Фақат эрталаб…
Кўзларимни бир зум очдим-у чўчиб тушдим: шундоқ ёнимда пишиллаганча бир ажина ётарди. Тўғри, одам ўз хотинини ажина дейиши яхши эмас, аммо, гапнинг дангали, ишхонадаги паривашнинг олдида мана бу хотин ажина бўлмай нима?!.
Институтга қанчалик шошилиб бормайин, вақт имиллаб ўтарди. Гўё мен югуряпману, ер шари ўз ўқи атрофида секингина айланаётгандек. Паривашни тезроқ кўриб, гурс-гурс ураётган кўксимни босиб қўймасам, бу юрагим тўртта клапанини узиб, оғзимдан чиқиб кетади-ёв бунақада.
Қабулхонага етай деганимда у ердан Жалил гандираклаб чиқди-да, менга «даранг» этиб урилди.
— Сен уни кўрдингми, воҳ, кўрдингми? — деди у менга. — «Чиқма, Қайс, оҳим бирла, ёнмоқдадир саҳро бугун…»
Демак, Жалилнинг ҳам кўзи тушибди паривашга. Мен унга парво қилмай, қабулхона эшигини очмоқчи эдим, кафедра мудирини кўриб, ноилож ортимга қайтдим. Жалилнинг оғзи тинмас, нималардир деб рашкимни қўзғарди. Қўлим умуман юмушга бормади. Иш столим устига мук тушиб ётдим. Жалил ҳам бошқача бўлиб қолган: гоҳ тиржаяди, гоҳ хомуш бўлиб қолади.
Паривашни кечга яқин кўрдим. Янада чиройли бўлиб кетибди. Исмини ҳам билиб олдим: жисмига монанд Малак! Бир марта журъат қилиб сўз қотдим. Тилим зўрға айланиб, соат неча бўлганини сўраган эдим, у шундоқ ҳам йирик кўзларини катта-катта очиб кулиб юборди. Вой-ей, овози шу қадар жаранглики, энг хушрўй булбул Чайковский симфониясини жўшқин ноталарда чаляпти, дейсиз. Малак йўлига равона бўлганига қарамай, чиройли кулгуси қулоқларим остида садо бериб тураверди.
Мен дардимни кимга айтай, анови овсар Жалилгами? Ахир, у ҳам ўзини йўқотиб қўйиб, йўлида учраганга тўқнашиб юрибди. Оғзидан сигарет тушмайдиган кафедра мудиригами? Кўзойнаги устидан ғалати қарайди-ю «аризани ёзинг», дейди, вассалом. Яна ким бор? Ҳа, доцент Маъдиев! Йўқ, тўғри келмайди. Оғзи бўш, етти маҳаллага, э, еттита кафедрага достон қилади.
Уйга кириб борганимда ажина мени ҳайрон бўлиб қарши олди:
— Ҳа, нима бўлди? Тинчликми?
Қани эди, мана шу ажинанинг ўрнига мени Малак кутиб олса! Ишга ҳам бормасдим. Эртадан-кечгача гулрухсорига тикилиб ўтираверардим-ўтираверардим-ўтира...
— Сиздан сўраяпман, ҳой? Нима бало, ичдингизми? — терговни давом эттирди хотиним.
Йўқ, ичмаганман. Ичсам, йиғлаб юборсам керак. Қолаверса, ўзимни дадил тутиб, ҳаммасини манови ажинага айтиб беришим мумкин, ичсам. Кейин кўринг томошани!
— Ҳеч гап йўқ, — дедим зўрға, сўнг журъат қилиб сўрадим: — Майлими, нафас олсам?
— Нима?! Ҳали мен сизга нафас олдирмай қўйдимми?
Қизиқ-а, бу хотин — ўз қилмишини тан олмайди. Ахир, уйланганимдан буён кислород нималигини билмайман-ку! Фақат карбонат-ангидрид!
Болаларим олдимга югуриб келишди. Нечта эди ўзи булар?.. Ҳаммасини бир-бир қучоқлар эканман, ўпкам тўлиб кетди. Хотинимнинг эса оғзи тинмасди. Қани, иложи бўлса-ю, «противогаз» топиб, бошига кийдириб қўйсам!
— Сиз бирортасини топгансиз! — сўнгги тахмини ва атакасини ишга солди у.
— Малак! — бу сўз беихтиёр оғзимдан чиқиб кетди-ю, хотиним ҳам шартта гапдан тўхтади. Негадир болаларим ҳам нимадир рўй бергандек қотиб қолишган эди. Мен зудлик билан вазиятни ўнгламасам бўлмасди.
— Ўн еттинчи асрда шундай шоира ўтган экан, — дедим киприк қоқмай. — Унинг ижодини тадқиқ қиляпман. Бутун эс-хаёлим шу ишда. Агар тадқиқотим яхши амалга ошса, жуда кўп пул оламан.
Хотиним охирги жумлаларимни эшитиб, юзи мулойим тортди. Қанча пул олишим мумкинлигини сўради. Оғзимга келган миқдорни айтиб юбордим. Унинг кўзлари катталашиб кетди, аммо Малакникидан йирик ва чарос эмас бу ажинанинг кўзлари!
Кейин ўйланиб сўради:
— Малак, дедингизми? Шундай курсдош қиз бўларди, бирга ўқиганмиз.
Ичимда яниб қўйдим: «Бирга ўқиганмиш! Малак келиб-келиб сен билан бирга ўқирмиди?..»
Бу кеча ҳам минг азобда ўтди. Малак ҳақида ўйлайвериб, қарийб жинни бўлаёздим. Эрталабгача ухламадим ҳисоби.
Ишга боргач, Жалилдан эшитган биринчи гапим шу бўлди:
— Мен ажрашяпман, Нозим.
— Нега? — деб сўрадим юрагим така-пука бўлиб.
— Характеримиз тўғри келмади.
«Характерингдан ўргилдим. Бевафо! Малакни кўриб, фикринг ўзгариб қолган-ку, сенинг! Гулдай хотинингни ташлаб кетишга қандай кўзинг қияди, номард?»
— Нега индамайсан, Нозим?
— Сен йўлимга тўғаноқ бўлма, — деган сўз оғзимдан чиқиб кетди.
— Нима? — у анграйиб қаради. — Йўлингга? Тўғаноқ?
Мен ўзимни ўнглаб олдим:
— Тўлғоқ, демоқчи эдим. Хотинингни тўлғоқ тутса, нима қиласан? Бешинчи болангни кутаётгандинг, шекилли?
— Ҳа-я! — Жалилнинг эсига тушди-да, бир зумда бечоравашга айланиб, ўйланиб қолди…
Хуллас, бир ҳафта мобайнида Жалил иккимиз бир-биримизга билдирмай, Малакнинг ишқида жизғанак бўлиб юрдик. Бир ҳафта, деганим, шу кунларда унинг таваллуд куни эканлиги ҳақида эшитиб қолдим. Шунчалик қувондимки…
Бораман, осмон гуп этиб узилиб тушсаям, Малакнинг туғилган кунига бораман.
Бир амаллаб унинг қаерда яшашини билиб олдим.
Кейин хотинимдан яшириб юрган пулимга дўконлардан совға излаб, роса тентирадим. Қайси совғани олмоқчи бўлсам, Малак афтини буриштирадигандек туюлаверди. Ниҳоят, иси бутун ер юзига тараладиган атир харид қилдим. Ўзи миттигина-ю нархи осмонча! Катта қилиб «упаковка» қилдирдим. Кейин гулдаста сотиб олдим.
Кечга яқин Малак турадиган ижара уйнинг рўпарасида турганча аввал бироз «репетиция» қилдим. Энди қадам ташлайман, деганимда Жалил пайдо бўлса, денг! Униям қўлида гулдаста, қандайдир ўрам.
— Аммамнинг туғилган куни эди, — деди у кўзларини мендан олиб қочиб. — Шу атрофда яшайди.
— Зўр-ку! Сенинг амманг билан менинг холам бир кунда туғилганини қара-я! — деб ўзимни қувонгандек кўрсатдим.
Иккаламиз икки томонга кетдик, орқамизга қараб-қараб. Аблаҳ, Жалил! Сенга пишириб қўйибдими бу ерда? Малакни биринчи бўлиб мен кўрганман-ку, ахир! Шундай экан, нима қиласан орага суқилиб?!. Майли, аввал сен кира қол, шармандангни чиқариб ҳайдаб солса, биласан!..
Шу мақсадда тўққиз-ўнта домни бамайлихотир айланиб, қайтиб келсам, Жалил кўринмайди. Малакнинг олдидамикан? Йўқ, у аллақачон ҳайдаб юборган, тўртта боласи бор кўзи қийшиқни бошига урадими?..
Мен учинчи қаватга кўтарилар эканман, эшикка қулоғимни қўйдим. Ичкарида магнитофон қўйилган, ундан шўх тарона тараларди. Малак Жалил билан рақс тушаётган бўлса-я! Шартта эшик қўнғироғини босдим. Бироздан сўнг эшик очилди-ю, кўзлари чарос Малак пайдо бўлди… Пайдо бўлди-ю юрагим аввал оёғим тубига тушиб, кейин бошимга чиқиб кетди.
— Мен… мен… мен… — дедим фақат.
— Вой, бунча чиройли, — Малак кулимсираб қўлимдан гулни олди ва мени ичкарига таклиф қилди.
Хавотирланиб ичкарига қадам ташлар эканман, тўкин дастурхон атрофида ҳеч ким йўқлигидан қувониб кетдим. Демак, анови хумпар Жалил киришга журъат қилолмай, уйига кетиб қолган.
— Бир ўзимман, — деди Малак қизариб. — Ҳали бу шаҳарда яқинларим йўқ-да!
«О, Малак, Малак! Мен шу ерда туриб нега, яқинларим йўқ, дейсиз-а? Мана, мен-ку энг яқин одамингиз!»
Қўлимдаги атир солинган қутини унга узатар эканман, кетган пулимга ачиниб қўйдим, албатта.
Ҳозир ўтираман-у дилимдаги гапларни тўкиб соламан. Агар шартта-шартта гапирмасам, азбаройи тутилганимдан кулгига қолишим мумкин.
Худди шундай қилдим. Гапни сал узоқдан бошладим. Тахминан Алишер Навоий давридан. Севги-муҳаббат, Лайли ва Мажнун, хуллас, роса тобини келтирдим. Ўзимизнинг асрга етиб келиб, энди муддаога ўтмоқчи эдим, эшик қўнғироғи жиринглаб қолди.
Малакка савол аломати билан қарадим. У елкасини қисди. Мен жентльменларга хос ўрнимдан турдим-у, эшикка яқинлашиб, аввал кўзчасидан қарадим. Қарадим-у капалагим учиб кетди: ташқарида пўрим кийинган кафедрамиз мудири турарди. Бу домла шунақангки инжиқ, мижғовки, агар мени бу уйда кўрса, кейин минг баҳона топиб бўлса-да, ишдан бўшатиб юборади. Хотинимга айтишдан ҳам тоймайди. Бабник!
— Малак, мен яширинмасам бўлмайди, — дедим қалтираб. — Бу домлага тезгина жавоб бериб юборсангиз, суҳбатимизни кейин давом эттирардик. ХХI аср муҳаббати…
Малак ҳам шошиб қолди. Диваннинг тагини кўрсатди, аммо у ерга мен сиғмадим. Эшик қўнғироғи қайта жиринглагач, мен ўзимни шкаф ичига урдим. Қоп-қоронғуда қандайдир мулойим нарсанинг устига ўтириб олдим-у, дамимни ичимга ютдим. Кафедра мудирининг уйга киргани, нималардир дегани эшитиларкан, тагимдаги нарса қимирлаб қолди.
— Қорнимдан туш, — деган Жалилнинг овози келди қоронғилик қаъридан.
Вой, номард-ей, шу ерда экан-да! Тушиб бўпман.
— Туш, дедим, — инқиллади Жалил, — бўлмаса, ҳамма жойни сасситиб юбораман.
— Бақирма, кафедра мудири эшитади, — дедиму секин қорнидан тушдим. — Сенга бало бормиди бу ерда?
Жалилнинг енгил нафас олгани эшитилди. Бироздан кейин сўради:
— Нима қиляпсан, Нозим?
Кулгим қистади.
— Трамвай кутяпман, — дедим бир латифани эслаб.
Қанча ўтирдик, билмайман, оёқларим акашак бўлиб кетди. Бир пайт шкаф эшиги очилиб, кафедра мудири ҳам ўзини ичкарига урди. Мен шошганимдан бошимга қандайдир юбкани ўраб олдим. Бақалоқ мудир нақ тиззамга жойлашиб ўтирса, денг! Мен-ку чидардим-а, аммо Жалил ўзини боса олмай, пиқир-пиқир кула бошласа бўладими!
— Ким бор бу ерда? — сўради кафедра мудири паст овозда. — Ким бор, деб сўраяпман.
— Биз аспирантлармиз, — деди Жалил пичирлаб.
Мен овозимни ўзгартириб, унинг хатосини тўғирлаган бўлдим:
— Биз бошқа институтданмиз.
Кафедра мудиримиз талмовсираб қолди:
— А… бу… ноқулай бўлди-ку... ҳм-м…
— Декан келиб қолдими, дейман? — ҳиринглади Жалил.
— Нима?.. Йўк, Маъдиев деган бир ғийбатчи… Сизлар қаердан биласизлар? — деди кафедра мудири.
— Бошимиздан ўтган-да, домла, — жавоб берди дўриллаб Жалил. — Агар… Агар бу уйга декан, проректор ҳам келадиган бўлса, билмадим, ҳолимиз нима кечади?
— Сизлар қайси институтдан? — яна вайсади кафедра мудири.
Мен ҳозиржавоблик билан оғзимга келганини айтдим:
— Агроқурилишдан… Малак олдин ўша ерда ишлаган.
— Ҳм-м, — ўйланиб қолди у. — Сизларда Исмоилов ишларди, кафедра мудири эди. Ҳозир қаерда у?
Мендан олдин Жалил боплаб жавоб берди:
— Исмоилов бошқа шкафда ўтирибди, домла.
Жалилни туртиб қўйдим. Яна жимлик чўкди. Мен кафедра мудирини қандай қилиб қўйнимдан турғазишни билмасдим. Қолаверса, ундан тамакининг бадбўй иси келиб, кўнглим айниб бошлаган эди. Бу доцент Маъдиев қачон кетаркан-а?
Ўйланиб ўтириб, пинакка кетибман. Кеча тонггача мудраб чиққанман, ахир! Қанча ухладим, билмайман, Жалилнинг дўқ урганидан уйғониб кетдим.
— Домла кетди, — деди у. — Тур-ей! Тезроқ йўқолайлик, ректор келиб қолмасин тағин.
Оёқларимиз увишиб қолгани учун иккимиз ҳам шкафдан нақ ўрмалаб чиқдик. Малак бизга қараб кулиб юборди. Шу топда у кўзимга балодай кўринди…
Энди қаддимизни ростлаган эдик, яна эшик қўнғироғи жиринглаб қолди. Жалил билан бир-биримизга қараб йиғлаб юбораёздик.
Малак эшик томонга юрди. Мен уни тўхтатиб, Жалилга имо қилдим. Эшик кўзчасидан қараган Жалил кўзлари ола-кула бўлиб менга қаради:
— Ёпирай, хотининг! Яна иккита аёл!
— Нима? — дедим ростакамига қўрқиб. — Қанақа хотиним? — шу онда бугун унинг менга қўнғироқ қилиб, нималардир деганини элас-элас эсладим. Ҳушим ўзимда эмасди-да!
— Вуй, — эсига тушди Малакнинг, — боя телефон қилишувди, қаердан эшитишибди, деб ҳайрон бўлувдим. Ўтираверинг, ҳеч нима дейишмайди. Ахир, бирга ишлаймиз-ку!
Жалил кўнгилларга алағда солди:
— Э, сиз бунинг хотинини билмайсиз. Мушукдан ҳам рашк қилади. Нозим, бўл, яна шкафга кирамиз.
— Йўқ, у мени ҳидимдан билади, яхшиси, деразадан сакраймиз, — дедим мен Жалилни судраб.
— Эсинг жойидами? Учинчи қаватдан-а!
— Унда ўзинг биласан, — шундай дедим-у, деразадан ирғидим. Аллақандай илгак кийимимдан илиб қолишини қаердан билай! Хуллас, нимадир тариллаб кетди-ю, гурс этиб ўтлоққа қуладим. Ғира-ширада юқорига қарасам, шимим дераза илгагида қолиб кетган. Мен фиғон чекишга улгурмай, Жалил ҳам гурс этиб ёнимга тушди. Унинг кўйлаги юқорида илиниб қолган эди.
— Боя яхшилаб қарамаган эканман, — деди у сўкиниб. — Мениям хотиним келибди. Во-о-й, белим!
Инқиллаб зўрға ўрнимиздан турдик. Ҳар ҳолда хавф ортда қолган эди. Аммо мен шимсиз, Жалил кўйлаксиз… қандай кетамиз? Энг ёмони, шу пайт учинчи қават деразасига илиниб қолган шимимнинг чўнтагидаги телефоним жиринглаб қолса бўладими! Чиқиш қўнғироғига нақ хотинимнинг овози ёзилган: «дадаси, телефонингизни олинг, дадаси-и-и-и…» Ўзиям варанглаб чиқади-да овози!
— Қочдик, — бақирди Жалил, — нима бўлса бўлди, ошна, кўргилик!
Катта кўчага чиққанимизда ҳам телефонимнинг овози эшитилиб турарди. Жалил ҳар қанча таскин бермасин, мен довдираб қолган эдим. Хотиним ростдан ҳам рашкчи, умуман, рашкчи бўлмаганида ҳам дугонасининг деразасига эрининг шими илиниб турса, ҳар қандай хотин ҳам жиғибийрон бўлади. Аввало, у Малакни қиймалаб бошлагандир.
Не кўргиликларга гирифторман-у, йўлда бизни милиция ходимлари тўхтатса, денг! Мен тақдирга тан берганча безрайиб туравердим, Жалил роса тавалло қилди. Фойдаси бўлмади, бизни бўлимга олиб бориб, баённома тузишди. Яхшиям, бир таниш чиқиб қолиб, ишни бизнинг фойдамизга ҳал қилиб берди.
Шу кеча режа бўйича аввал Жалилнинг укасиникига бордик, у менга шимини берди. Кейин менинг уйимга йўл олдик.
— Шошманг, келин, — деди Жалил ўқлов кўтариб чиққан хотинимга. — Нозимнинг аҳволи чатоқ.
Мен бу пайтда жўрттага оғзимни очганча ҳар ёққа аланглайвердим.
— Хўш, нима бўлди, айтинг-чи? — деди хотиним қўлини белига тираб.
— Аввал сиз айтинг, бизнинг ходимани йўқлаб борибсиз?
— Ҳа, ўша Малак ҳозир шифохонада – туғилган кунини давом эттиряпти. Эримга нима бўпти, гапиринг.
Жалил сўзамоллик қилди:
— Эрингиз хотирасини буткул йўқотиб қўйган. Ўша уйга адашиб бориб қолибди.
— Қаранг-а! — қулочини ёйди хотиним, сўнг менга яқинлашди. — Ҳой, эржон, бошқа баҳона тополмадингизми?
Мен мутлақо жиддий оҳангда ундан сўрадим:
— Сиз кимсиз, опа?
— Ана, кўрдингизми? — гапни илиб кетди Жалил. — Ҳеч кимни танимаяпти бу. Кўп ишлашнинг оқибати бу. Остропамятерапия, дейилади. Яъни, мия фалажланиб, хотира маълум вақтга ўчади. Менга ўша ходимамиз телефон қилди, борсам, бу деразадан ташлайман, деб турган экан, улгуролмадим. Агар эрингизнинг ҳозирги аҳволида бўлмағур саволлар берилаверса, у буткул жинни бўлиб қолиши мумкин. Хотираси жойига тушганида эса, сизга айтган лойиҳасидан кўп пул беради.
Хайриятки, хотиним рашкчи бўлса-да, шунга яраша соддагина. Яна ишонди. Ана шу ишонгани учун ҳам кўзимга бошқача бўлиб кетди. Ўзимнинг паривашим!
— Яхши қиз, майлими, сиз билан танишсам? — дедим суюлиб кетиб.
Жалил пичирлаб қўйди:
— Ҳой, ошириб юборяпсан… Бўпти, мен кетдим, ҳали хотинимга нима дейман, ҳайронман, — шундай деб у кетди.
Хотиним анқайиб қолган эди. Мен унинг қўлларидан астойдил ушладим:
— Намунча қўлларингиз мулойим?
— Энди… билмасам… — шундай деб хотиним эри-и-и-и-б кетди.
Мен Малакни кўз олдимга келтириб, ачиниб қўйдим: у-бу жойи дока билан боғланиб ётгандир бечора! Чиройлининг жазоси шу бўлади. Қолаверса, зўрдан зўр чиқади, хотинимга ўхшаб. Эр бермоқ – жон бермоқ. Қайси хотиннинг ўз жонини бергиси келарди?
Яна бир гап: чиройлини севган эркакка ҳам қийин, ёлғондакам хотирасидан айрилади-да, менга ўхшаб хотинининг қўлларини сила-а-а-б ўтиради. Тўғрими, нима дедингиз?..
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter