Обид Асомов: «Бизда мультфильм ўгай боладек, никоҳсиз туғилган гўдакдек бўлган!»
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, сўз устаси Обид Асомовнинг «Мультипликацион фильмлар студияси» давлат унитар корхонасига директор лавозимига тайинлангани ҳақида хабар берган эдик. Хўш, у янги ишни нимадан бошлади? Шу ҳақда сўрадик.
— Нолдан бошладим. Нолдан! Мультипликация соҳаси болалигимиздан ҳаммамизга таниш, бу биринчидан. Иккинчидан, хабарингиз бўлса, мен рассомчиликда анча йил давомида ўқиганман, ўзига яраша билимим бор. Албатта, ҳар бир инсон каби мен ҳам ўзбек бўлганим учун миллатимнинг санъатини кўтаришга астойдил ҳаракат қиламан. Мультфильм ҳам ўзбек санъатининг бир қирраси. Менинг асосий фикрим шундай: бола бошидан дейишади, шундай экан, энг аввалдан тарбиялаш керак. Эсингизда бўлса, бир киши Ибн Синога «мен боламни тарбияламоқчиман, тарбияни қачон бошлаш керак?» деган. У киши «болангиз неча ёшда?» деб сўраган. «Эндигина тўққиз ой бўлди» деган. Шунда Ибн сино «сиз тўққиз ой кечикибсиз» деган экан.
Бугун болаларимиз миллий руҳда тарбиялансин деб кўп айтилади, лекин болалар телевизорда нима кўраяпти, бир ўйлаб кўрайлик. «Болажон» каналини қаранг, эрталабдан Франция, Америка мультфильмлари, нари борса, «Тачки-мачки», бир балолар, ҳатто «Чўчқа Перпер» деган мультфильмлар... Мусулмонмиз биз. Булар бола тарбиясига яхши таъсир қилади, деб ўйлайсизми? Бола бошидан бузилаяпти, америкача, французча мультфильмларни кўраяпти. Бу мультфильмлар ўзининг одатини тарғиб қилади, қаҳрамонлар кучук, мушук, ит, эшак бўлса ҳам овқатланиш тарзи, муомала тарзи уларники. Французча ҳаётни тарғиб қилади ёки Америка трансформерлари жаҳолат, зўравонликни тарғиб этади. Уни кўрган бола ўзбек бўлиб вояга етмайди, «Ўткан кунлар» деган китобни ўқимайди. Шундай экан, биз болажонларимизни аввал бошидан ўзбекча тарбиялашимиз, трансформерлардан қайтаришимиз учун ҳеч бўлмаса шу мультфильмлар даражасида мультфильмлар яратишимиз зарур. Агар қўлимиздан келса, уларникидан ҳам зўр тайёрлашимиз керакки, боланинг ўзи бизнинг мультфильмларни кўрсин, ноутбугига кўчириб олсин.
— Фикрингиз тўғри, аммо шу ўринда бир мулоҳазамизни ҳам айтиб ўтсак: болаларимиз чет эл ҳаётини ҳам таниши керак-ку?
— Йўқ, мен умуман танимасин демоқчи эмасман. Акс ҳолда ташқи дунёдан ажралиб қоламиз. Масалан, мен Ҳиндистонга жуда кўп борганман. Уларнинг ғалати бир одати бор. Ҳиндлар қайси мамлакатнинг киноси бўлса, ўзининг миллатига кўп кўрсатмайди, яъни қайси машҳур фильм чиққан бўлса, ҳиндча талқинини суратга олади. «Рэмбо», «Рокки» дейсизми! Ҳатто Роберт де Ниро ўйнаган «Бир куни Америкада» фильмининг ҳиндча талқини бор. Фақат «Титаник»ни суратга олишмади, пуллари етмади, шекилли (кулади). Мақсад нима? Мақсад — «биз ҳиндмиз, зўр кино бўлсаям ҳиндчасини суратга ол». Сценарийни сотиб олиб, миллий руҳда суратга олиш — бу ҳам тарбиянинг бир усули.
Мен мультфильмга бош қўшганим, бу ишга рози бўлганимдан мақсад — ваҳоланки, кўпчилик ҳайрон бўлди, Обид қизиқчи бўлса, мультфильм қаерда-ю Обид қаерда дейишди — ўзбек миллий мультфильмини кўтариш. Ҳозир яна бир муаммо: мультфильм-ку ишланаяпти, роса кўп турибди, лекин Ўзбекистон телевидениеси бирортаям ўзбек мультфильмини кўрсатмайди. Савол: нима учун?
— Йўқ, кўрсатишга кўрсатади, аммо кам.
— Жуда кам. Жудаям кам.
— Хўп, сиз мультипликация раҳбари сифатида айтинг: эфирни фақат ўзбек мультфильмлари билан тўлдира оласизми?
— Мен фақат бизнинг мультфильмлар берилсин деётганим йўқ. Бир кунда миллий мультфильмларимиз деб ёзилсину йигирма дақиқа қўйилсин.
— Йигирма дақиқа кам.
— Бошланишига шу етади. Йигирма дақиқада тўрт-бешта мультфильмимизни кўрсатади. Бу ёқда, багажда захирада мультфильмлар жуда кўп, тиқилиб ётибди. Мисол учун, мен ўзим йигирмадан ортиқ, ўттизтача мультфильмга овоз берганман. Гап бунда эмас, бошқа ёқда. Давлат бизга пул бераяпти, каттагина сумма ажратаяпти. Биз давлатнинг буюртмасини бажараяпмиз, мультфильмни чизиб бераяпмиз. Давлат биздан тайёр маҳсулотни олаяпти. Ана шу ерга келганда узилиш! Уёғига маҳсулот нима бўлаяпти — худога аён. Аслида бу маҳсулот ишлатилиши керак, давлатнинг пулини едик, у кўрсатилиши, телевизорда тарғиб қилиниши керак. 2021 йилга бориб 50 та муьтфильм қилиб берасан деяпти давлат. Бу жуда катта буюртма. Ҳозир бешта, илгари иккита бўлган. Бу йил 15 тага чиқади. Катта гап, давлат пулни аямаяпти. Мультфильм ичида муаммо сероб.
Биз учун алоҳида бино қурилмоқда, «Ўзбекфильм»дан ажралиб чиқдик. Ҳаммаси яхши, катта миқдорда пул ажратилди. Ҳозир мультфильмни чизадиган болалар етишмаяпти. Театр институтида Маузер акамиз мультипликация факультетини очди. Бизга чизадиган зўр қўллар керак. Бундан ташқари, болаларбоп, тарбиявий аҳамиятга эга, ўзбекчиликни тарғиб қиладиган яхши, қизиқарли сценарийлар керак.
Дунёда мультипликациянинг мавқеи баланд, шунчаки бизда мультфильмни ташлаб қўйишган. Шу кунгача умуман аҳамият берилмаган. Билсангиз, мактабда расм дарсини ҳеч ким менсимасди. Худди шунга ўхшаб мультфильм ўгай бола бўлган-да, никоҳсиз туғилган гўдакдай бўлиб турган! Мана энди катта эътибор берилди. Бемалол ёзишингиз мумкин, мен, Обид Асомов, пул учун бу соҳага келганим йўқ, фақат миллатнинг мультфильмини кўтаришни мақсад қилдим. Болаларим, невараларим бор. Невараларим ўзбек мультфильмини кўриб қолишса, «сизни кўрсатишаяпти» деб додлаб қолишади. Ваҳоланки, мен фақат овоз берганман, уларнинг назарида бу қаҳрамонлар менман.
— Одатда янги раҳбар ишни кадрларни алмаштиришдан бошлайди. Сиз ҳам шундай қилмоқчимисиз?
— Мен ҳам шундан бошламоқчиман. Янги корхона бўлгани боис ҳозир ҳаммани ишдан бўшатаман, кейин қайтадан қабул қиламан. Лекин ҳеч кимни ҳайдаб юбориш ниятим йўқ. Ходимларнинг ҳаммаси яхши, мен улар билан гаплашдим. Рассомлар дарҳол бир-бирининг тилини топиб олади. Мен улар билан гаплашишга қийналмайман, шу соҳанинг икир-чикиригача кириб бормаган бўлсам-да, умумий тасаввурим, тушунчам бор, қандай олиниши, технологиясини билганим, мусиқасидан тортиб, овоз беришигача ҳаммасига ақлим етади. Ўзи булар кам, ишдан ҳайдашнинг ҳам иложи йўқ (кулади). Бармоқ билан саноқли. Янгича ёндашув керак, албатта. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
— Ўз вақтида Рей Бредбери асари асосида суратга олинган ўзбек мультфильми юксак мукофотни қўлга киритгани ҳақида эшитган эдик. Нозим Тўлажўжаев даврида. Шундай мақсад, режалар ҳам борми?
— Бор албатта. Дмитрий Власов деган рассомимиз, масалан, Эрон, Исроил ва бошқа давлатлардан бир нечта гран-при олиб келган. Ҳаттоки, бир-иккита мультфильмларида мен овоз берганман. Мультфильмларимиз бўш демоқчи эмасман, ҳеч қачон бундай бўлмаган. Кадрлар зўр, яхши мутахассислар бор. Фақатгина шароитни яхшилаш керак, эрта-индин янги бино таъмирдан чиқса, кўчиб олсак, чет элдан йил охиригача жуда катта замонавий аппаратуралар олиб келинаяпти. Уларнинг пули тўланган. Ўша ускуналар қўлимизга тегса, «Уольт Дисней» даражасида бўлмаса-да, сал берирокдан жой олишга ҳаракат қиламиз.
— Яна битта савол: ўзбек мультфильми дейилса, кўпроқ эртаклар тушунилади. Масалан: «Зумрад ва Қиммат», «Уртўқмоқ». Замонавий мавзуда ҳам мультфильмлар суратга олинадими?
— Бизнинг оқсаган томонимиз ҳам шу, ўзбек мультфильми замондан анча орқада қолиб кетган. Йигирма биринчи аср, ҳамма болаларнинг қўлида айфондақа смартфонлар, бизда эса «Зумрад ва Қиммат» бўлиб турибди. Мультфильм замон билан ҳамқадам бўлиши керак. «Тачки» деган мультфильмни невараларим яхши кўришади. Чунки машиналар бир-бири билан гаплашади, диалогларни эшитсангиз, ҳаммаси замонавий гаплар, бугунги ҳаёт. Шунинг учун болалар уларни кўргиси келади. Қолаверса, мен боланинг психологиясини жуда пухта ўрганганман. Агар уларга болаларча муносабатда бўлсангиз ёқтиришмайди. Ўзингиз билан баравар даражада гаплашишингиз керак. Ўшанда бола маза қилади. Америка мультфильмларида болаларга катталардек мурожаат қилинган, шунинг учун ётволиб кўришади. Аслида мен айтганимдек, мультфильм ўгай эмас, катта маблағ, пул ишласа бўладиган соҳа. Бир, бир ярим соатдан иборат тўлиқ метражли Американинг «Қирол шер», «Мадагаскар»га ўхшаган мультфильмлари, биласизми, ижодкорларга миллиард-миллиард пул келтирган. Ҳақиқатан профессионал даражада зўр суратга олинган. Айтмоқчиманки, мультфильм ҳам иқтисодий жиҳатдан фойда келтиради.
«Ўзбекфильм» тарихида биринчи марта «Нўхатполвон» номли тўлиқ метражли мультфильм суратга олинди. Икки-уч йил давомида жуда қийинчилик билан олинган. Мен ўзим ҳам овоз берганман. Сценарий ёзилганда тепасида турганман. Давомийлиги бир соату ўн дақиқа. Бир ёки икки марта кўрсатишди, ҳозир қаерда ётибди, тақдири нима бўлди, билмайман. Униям топиш керак.
Яъни иш қилинаяпти, лекин рўёбга чиқмаяпти. Биринчи ўзбек тўлиқ метражли мультфильми! Бутун мултьфильм студияси бош қўшиб баравар ишлаган. Тарғибот масаласини ҳам йўлга қўйиб олсак яхши бўларди. Тайёр маҳсулотни кўрсата билиш ҳам керак-да! Менинг биринчи ўринда қўядиган масалам ана шу тарғибот! Яна бир мақсадим: ўзимизнинг мультқаҳрамонларни яратиш! «Маша ва айиқ», «Том ва Жерри» ўзига хос бренд бўлиб қолди. Ёки «Микки Маус»ни айтинг. Бизнинг болаларимиз учун ўзимизнинг шундай қаҳрамонларимиз йўқ. Мен шу масалани бутун Ўзбекистон аҳли олдига қўймоқчи эдим. Фарзандларимиз, болаларимиз бор. Ҳатто болалардан сўрашимиз керак: нимани, қандай қаҳрамонни хоҳлайди, ҳайвонми, одамми... Ижтимоий сўров эълон қилиб, шу мавзуда иложи борича чаққон тарзда ўзбек миллий қаҳрамонни яратсак, бош мақсадга эришамиз.
— Обид ака, ўзингизнинг «Обид-А» театрингизга халақит бермайдими бу ишингиз? Россияга бориб туриш масаласи қандай бўлаяпти?
— Театримиз ишлаб турибди, тўхтаб қолмайди. У ўз йўлига. Сира халақит бермайди. Чунки санъат ҳеч қачон бир-бирига халақит бермайди. Масалан, мақом ансамблида бири скрипка чалади, бошқаси танбур, бу ёқда ҳар биттаси зўр ҳофиз. Россияга боришга эса ҳозир вақт ҳам бўлаётгани йўқ. Ўртоқлар чақиришса борамиз. Юморина бўлади. Августда боришим мумкин, холос. Энди энг асосий мақсадим: мультфильмни кўтариш.
P/S. Биз эфир вақтининг қанча қисми миллий мультфильмларга ажратилишини билиш мақсадида «Болажон» телеканалига қўнғироқ қилдик. Гўшакни кўтарган ходим буни муҳаррирлар билишини, ҳали ҳеч ким ишга келмагани, ҳамма монтаж, съёмкада эканлигини, сал туриб қўнғироқ қилишни айтиб жавоб беришди.
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter