Кўзи очиқ сўқирлар
Бир куни ошга бордик. Ўтириб олгач, даврадагилар билан сўрашдик. Таниш шоир ҳам ўтирган экан. Шундоқ рўпарамда-ю, мени кўрмаганга олаяпти, ён томонимга қараяпти. «Фалончижон, яхшимисиз?» деб сўрашдим. Миқ этмайди! Ҳайкал мисоли ўтирибди. Дастлаб қулоғимга қараяпти деб ўйладим. Қайтадан сўрашдим. Жавоб йўқ! Исмини айтиб саломимни такрорладим. Тавба, кўр ва кар бўлган шекилли?
Озгина қайсарлигим бор. Ёнидаги кишига имо қилгандим, уни туртиб, мен томонга қаратди. Шунда шоир ногоҳ менга «кўзи тушиб», қўлини кўксига қўйди: «Ие, ие, ака, яхшимисиз? Соғ-саломат юрибсизми?». Шериги ҳазил аралаш дангалини айтиб қўйди: «Бу ўзи шунақа бўлиб қолган. Бировга салом бергиси келмайди».
Ҳа, шундай тоифа бор! Иши тушса тавозе билан йўқлаб келади. Минг турланиб, сизни мақтаб муддаосига етади. Бошқа пайтда... шунчаки кўриб кўрмаганга олади!
Тирбанд йўлда кекса киракаш «Матиз» автомобилини чеккароққа тўхтатди. Машинадан иккита мижоз туша бошлади. Орқадан келиб қолган «Нексия» ҳайдовчисининг сигнал берганини кўрсангиз! Вадаванг овоз бутун кўчани тутиб кетди. Уни қўллаб-қувватлаб бошқа автомобиллардан ҳам сигналлар ёғилди. Ваҳоланки, «Нексия» ҳайдовчиси «Матиз»дан йўловчилар тушаётганини яққол кўриб турарди. Унда сабр-тоқат, инсоф-диёнат, олижаноблик етишмасди.
Биз аксар ҳолларда ерга уриб танқид қиладиган Европада бундай эмас. Ҳайдовчилар сигнал чалиб бошқаларни безовта қилишни ўзларига эп кўришмайди. Эп кўришмайди эмас, буни маданиятсизлик ҳам ҳисоблашади. Улар беозор, ўзаро муомалада ниҳоятда самимий. Бизда ана шу самимият етишмай қоляпти. Оқибатда чорраҳадаги сўкинишлар, машинадан тушиб ёқа бўғишишлар, ур-калтаклар авж олаяпти. «Худойим бизнинг қанчадан-қанча гуноҳларимизни кечираяпти» деймизу, барибир димоғимиз осмонда! Салгина гапга ўзимизни кўрсатгимиз келади. Оқибатини кўрмаймиз, аниқроғи, назар-писанд қилмаймиз.
Айнан кўриб кўрмасликка олишимиз туфайли яқинларимизга, бошқаларга нисбатан бефарқмиз. Ўзимиз билан бўлиб қолганмиз. Бизни худбинлик тобора ўз домига тортиб олмоқда. Бу фақат кундалик ташвишлар билан боғлиқ бўлганида бошқа гап эди! Шунчаки хоҳламаймиз, холос.
Телевизорда тез-тез чиқиб турадиган бир машҳур ижодкор бор. Каттагина амал бериб қўйилган унга. Ҳатто сиёсий даражада мақомга эришган. Неча-неча одам қўлини кўксига қўйиб ҳузурига келади. Шогирдлар уни мақтаб, маддоҳлик қилади.
Бу ижодкор битта идорада ишлайдиган бир ҳамкасби билан келишолмайди. Кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ унинг. Шу боис қаерда бўлмасин, фурсат топиб, заҳарли нишини ботиришга ҳаракат қилади. Мажлисларда сўз берилса гапни айлантириб, шу ҳамкасбига тақайди. Жуда бўлмаса артистлик қилади: «Сиз, ҳалиги, исм-фамилиянгиз нимайди?.. А?.. Қаттиқроқ гапиринг!.. Ҳа, Писмадоновми?!. Анчадан буён ишлайсизми?.. Унда ишингизни кўрсатинг-да! Яхши ишлаганингизда билардик сизни!..». Шундай деб ич-ичидан яйрайди.
Ғўддайиб кетди бу одам. Катта амал айнитди. Жуда ўзгариб қолди. Авваллари самимий эди, гапирганингизда диққат билан тингларди. Ҳозир эса... устоз Тоҳир Малик билан юзма-юз келиб қолса, уч-тўрт қадам нарида тўхтаб туради. Гўё кўрмайди. Жирингламаган телефонини қулоғига тутиб олади ёки оддийгина... без бўлиб тураверади. Ўзидан ўттиз ёш катта Тоҳир ака бориб сўрашиши керак у билан, шунда ҳам зўрға алик олади. Бир вақтлар устоз деб этагини ушлаган инсонни менсимайди.
Бедодлик эмасми бу? Тоҳир Маликдек улуғ инсонни ранжитадиган одамлар борлигини эшитганимда ҳайрон бўламан ўзи. Нега? Нега бундай бўлиши керак? Халқ севган устозларни ўзимиз йўқлаб боришимиз, дуоларини олишимиз шарт эмасми аслида?
Кўзи очиқ сўқирлар туфайли яхшилар озор топади. Аммо лом-мим дейишмайди. Тўғри қилишади! Бундайларга бас келиш — сўқирлар даражасига тушишдир.
Яхшиларни, яхшиликни, меҳр-оқибатни кўра билайлик.
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter