Юз миллион долларлик картиналарда нима сир бор?
Таажжуб
Кулсангиз ҳам айтай, мен санъатни тушунмайман. Тушуна олмасам ҳам керак...
Балки ёлғон гапираётгандурман, балки оз-моз тушунарман ҳам. Масалан чиройли қиз, табиатнинг ажойиб манзаралари ишланган тасвирий санъат асарини томоша қилишим, гўзалликдан завқланишим мумкин. Лекин барибир кимлардир кўкка кўтарадиган, «Нимадиризмнинг чўққиси» ёхуд «Рассом қалбининг мавҳум материялардаги инъикоси» сингари номланадиган суратларни тушунмайман. Тушуна олмасам ҳам керак...
Бу қадар ошкора тан олишимга, тасвирий санъат билимдонлари олдида ўта маданиятсиздек туйилишимни билган ҳолда бу сўзларни ёзишга туртки берган ҳолатлар ҳақида озгина сўзлаб берсам.
Бундан 6 йил муқаддам, Sotheby's ким ошди савдосида норвегиялик рассом Эдвард Мункнинг «Қичқириқ» номли картинаси 120 миллион долларга сотилди. Бошланғич баҳоси 80 миллион доллар бўлган картина баҳоси кимошди савдоси бошланганидан кейин 12 дақиқа ичида 119,9 миллион долларга чиқиб кетиб, америкалик молиячи, машҳур коллекционер Леон Блэк томонидан сотиб олинди. Бу тасвирий санъат савдоси оламида рекорд натижа бўлиб, Эдвард Мункнинг «Қичқириқ» картинаси 2010 йилда 106,5 миллион долларга сотилган Пабло Пикассонинг «Яланғоч, яшил барглар ва бюст» картинасини ортда қолдирди...
2017 йилнинг май ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган, яна Sotheby's уюштирган ким ошди савдосида бор йўғи 27 йил яшаган ва нашавандликдан ўлган рассом Жан-Мишел Баскиянинг беном сурати 110,5 млн долларга сотилди. Талабгор кўплиги учун бу савдо ҳам бор йўғи 10 дақиқа давом этди ва сурат бошланғич нархидан икка карра ортиқ баҳода пулланди.
Энди рекорд кўрсатган ўша картиналарни томоша қиламиз. Қайтариб айтаман, мен санъатни тушунмайман. Лекин айнан шу 120 миллионлик суратни таҳририятимизга чизган суратларини жўнатиб турадиган бошланғич синф ўқувчилари ҳам чиза олишига ишонаман. Яна шуниси аниқки, бу суратни таклиф қилишса 120 минг сўмга ҳам сотиб олмайман!
Бир неча йиллар аввал Казимир Малевич деган рассом ҳақида ўқигандим. Унинг энг машҳур асари «Қора квадрат» аталмиш сурат экан. Оппоқ мато марказига қора тўртбурчак чизилган сурат тасвирий санъат оламида жуда юқори баҳоланар, баҳоси ўнлаб миллион долларни ташкил этаркан. У намойиш этиладиган кўргазмалар жуда гавжум бўларкан. (Менимча одамлар «бу Қора квадрат» деганларида нима сир бор экан? - деб ёпирилиб боришса керак) Энг қизиғи, яқинда эълон қилинган мақолаларда маълум қилинишича, Малевич «Қора квадрат»ни ўз ғояси асосида яратмаган, балки кимдандир кўчирган экан. Хуллас буям бир плагиат бўлиб чиқди. Кейинчалик Малевичдан ҳам кўчирганлар ва ўз «Қора квадрат»ини яратган рассомлар бўлган.
Қизиқ, нима ўғирланган, нима кўчирилган экан?..
Бу суратни (аслини эмас албатта) томоша қилганимда, йиллар ўтиб унинг моҳиятини англаб етарман, деб ўйлардим. Лекин йиллар менинг таажжубимни янада оширдилар, холос. Балки бундай суратларни талашиб сотиб олувчилар сингари менда ҳам миллиардлаб доллар пуллар бўлганда онгим ўзгариб, тушуниб кетарман. Билмадим...
Мен санъатни тушунмайман! Лекин ўша нашаванднинг 110,5 миллион долларлик номсиз сурати ўрнига ёки «Қичқириқ» сотилган 120 миллион долларга 150 минг нафар оч инсонлар камида бир йил бемалол еб ичиши, кичикроқ бир давлат ўзининг чучук сув муаммосини бартараф этиши, юрагидаги нуқсон туфайли ҳаёт билан видолашиш арафасида турган ўн мингдан ортиқ гўдак операция ортидан соғайиб кетиши мумкинлигини тушунаман.
Майли, ортда қолганликда айблаб устимдан куларсиз. Куладиганлар тоифасидан бўлсангиз бу суратларга тикилиб яна бир завқланиб олинг. Бўлмасангиз, бир кўрингу ўзингиз баҳо беринг.
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter