Тошкент вилоятида қуриладиган халқаро туризм маркази мастер-режаси тақдимот қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни «Sea Breeze Uzbekistan» халқаро туризм марказининг мастер-режаси тақдимоти билан танишди.
Мамлакатимиздаги қулай инвестиция муҳити туфайли барча соҳаларга илғор ғоялар кириб келмоқда, янги мажмуалар барпо этилмоқда. Хусусан, туризмда сўнгги йилларда 2 мингдан ортиқ янги тадбиркор иш бошлади. Ўтган йили хорижий сайёҳлар ташрифи илк бор 10 миллиондан ошди. Биргина Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ ҳудудида Амирсой ва «Ugam River» каби курортлар, «Белдирсой-Чимён-Нанай» туризм масканлари ташкил этилди.
Бундай ривожланиш суръати чет эллик инвесторларни ҳам ўзига тортмоқда. Жумладан, Чорвоқ сув омбори бўйида «Sea Breeze Uzbekistan» халқаро туризм маркази қурилиши ҳақида аввал хабар берилган эди. Бу галги тақдимотда ушбу йирик лойиҳанинг бир нечта хорижий компаниялар иштирокида ишлаб чиқилган мастер-режаси кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, туризм марказини 10 та кичик ҳудудга бўлиб қуриш кўзда тутилмоқда. Уларнинг ҳар бири пиёда бориш мумкин бўлган кўнгилочар маскан ва хизматларни қамраб олади. Икки қирғоқ ўртасида кўприк қурилиб, келувчиларга қулайлик оширилади. Сув бўйида хиёбон, пляж ва дам олиш жойлари бўлса, қияликларда меҳмонхоналар, коттежлар, уйлар, ресторан ва томошагоҳлар бўлади. Шунингдек, маданият, таълим, тиббиёт, спорт масканлари барпо этилади. Яъни бу ерда фақат саёҳат эмас, балки йил давомида яшаш имконияти ҳам яратилади.
Давлат раҳбари бу лойиҳа барча ташриф буюрувчиларга қулай бўлиши лозимлигини таъкидлаб, мажмуани зарур инфратузилма билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter