Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қурилиш вазирлиги ҳузурида Лойиҳа офиси тузилади

Қурилиш вазирлиги ҳузурида Лойиҳа офиси тузилади

Бугунги йиғилишда қурилишда лойиҳалаштиришни тартибга солиш мақсадида Қурилиш вазирлигида Лойиҳа офиси тузилиши белгиланди.

Қайд этилишича, Офис:

  • қиймати 10 миллиард сўмдан юқори лойиҳаларни ишлаб чиқиш жараёнида уларнинг хавфсизлик ва энергия тежамкорликка жавоб беришини, қиймати сунъий ошиб кетмаганини лойиҳачилар билан бирга баҳолаб боради;
  • ҳар йили мактаб, боғча, тиббиёт, йўл, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти каби соҳаларнинг ҳар бирида камида 2-3 тадан намунавий лойиҳалар ишлаб чиқади.

Бундан буён, Лойиҳа офисининг тавсияси бўлмаган лойиҳа ҳужжатлари давлат экспертизасига қабул қилинмайди.

Мутасаддиларга эскирган 105 та қурилиш нормаларини илғор хорижий тажриба асосида қайта ишлаб чиқиш топширилди.

Бош прокуратурага қурилиш материаллари соҳасида қазиб олишдан тортиб, тайёр маҳсулотни истеъмолчига етказишгача барча жараёнларда яширин иқтисодиётга чек қўйиш бўйича тизим яратиш вазифаси қўйилди.

Бюджет ҳисобидан қилинадиган барча харидлар Солиқ қўмитасининг «Е-омбор» платформаси орқали амалга ошириладиган тартибни жорий қилиш, қурилиш материаллари классификатори электрон платформасини ишга тушириш юзасидан ҳам топшириқлар берилди. 

Шунингдек, бугунги кунда халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларда қурилишни бошлашгача бўлган жараён ўзи узоқ вақт олаётгани қайд этилди.

Хусусан, техник-иқтисодий асос (ТИА) ишлаб чиқишга ўртача бир йил сарфланса, уни халқаро ташкилотлар талабига мослаштириш ва келишишга беш-олти ой кетмоқда.

ТИАси ишлаб чиқилмаган, аниқ ҳисоб-китоби йўқ лойиҳаларга ташқи қарз жалб қилиш ҳанузгача давом этмоқда.

Лойиҳа ҳужжатлари ва тендер шартлари пухта ишлаб чиқилмаслиги оқибатида пудратчиларни аниқлаш жараёнлари ҳам чўзилмоқда.

Бундан буён ТИАси тасдиқланмаган бирорта лойиҳага қарз жалб қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Шунингдек, ишлаб чиқилган ТИАни комплекс экспертиза қиладиган тизим йўқлиги танқид қилинди. Эндиликда лойиҳалар ТИАси ҳам мажбурий экспертизадан ўтказилади.

Умуман, ҳар бир лойиҳа ва маблағлар натижадорлиги учун вазирлар шахсан жавобгар экани белгиланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг