Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қаршида шифохона санитар-ходимаси лифт шахтасига тушиб кетиб вафот этди

Қаршида шифохона санитар-ходимаси лифт шахтасига тушиб кетиб вафот этди

Қарши тумани Қоратепа маҳалласида яшовчи аёл 3 август куни Қарши шаҳридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий-амалий маркази Қашқадарё филиалига қарашли «Темирйўл» шифохонасида бахтсиз ҳодиса сабаб вафот этди.

Аниқланишича, 8 йилдан буён мазкур шифохонада орастабону вазифасида ишлаб келаётган 38 ёшли аёл ўша куни ўз иш жойига келади ва доимгидай иш фаолиятини давом эттиради. Туш пайтида эса, тахминларга кўра, аёл шифохона лифтидан фойдаланиш учун лифт шахтасига ўрнатилган эшикка боради ва ишламаётган лифт шахтасига тушиб кетади.

Бу орада, ишхонада кўринмай қолган орастабонуни қидириш бошланади. 38 ёшли аёлнинг жасади у йўқолиб қолганидан қарийб 20 соат ўтиб, лифт шахтасидан топилади.

Мазкур шифохона шифокорларидан бирининг «Марказий студия» дастурига берган маълумотига кўра, лифт оператори оғир аҳволдаги беморларни ташиш зарурати туғилгандагина лифтдан фойдаланиб келган.

Марҳумнинг уч фарзанди қолди, эри Россияда ишлайди.

Мазкур ҳолатда шифохона маъмуриятига бериладиган қатор саволлар пайдо бўлмоқда. Хўш, лифт носоз бўлса, нега унинг эшиклари очиқ қолдирилган? 8 йилдан буён шу шифохонада ишлаган аёл лифтларнинг «фақат оғир беморлар учун ишлаши»ни билмаганми? Шундай бўлган тақдирда ҳам нега лифт ишламаган вақтда эшикларига огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилмаган?..

Ҳозир ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг