Ўзбекистонга 25 нафар америкалик инглиз тили ўқитувчиси олиб келинди
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси шу ҳафтада маҳаллий ўқитувчилар билан биргаликда ўқувчи ва талабаларга бевосита дарс бериш мақсадида Ўзбекистон бўйлаб 10 ойлик ўқитиш, малака ошириш дастурларини бошлаш учун 25 нафар америкалик инглиз тили ўқитувчисини мамлакатга олиб келди.
Ушбу гуруҳ таркибига мактабларнинг 10-синфидан то университет даражасигача бўлган босқичда маҳаллий инглиз тили ўқитувчилари билан биргаликда дарс берувчи америкалик 17 нафар инглиз тили ўқитувчиси ҳамда университет даражасида инглиз тили ўқитиш салоҳиятини оширадиган, бошқа тилларда сўзлашувчилар учун инглиз тили ўқитишга (TESOL) ихтисослашган 8 нафар тажрибали устоз (EL Fellows) киради.
Америкалик ўқитувчиларнинг 15 нафари АҚШ Давлат департаментининг Фулбрайт инглиз тили ўқитиш бўйича ёрдамчиси (ETA) дастурининг бир қисмидир, 2 нафари эса Ўзбекистонда инглиз тили ўқитишни давом эттириш мақсадида Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг “Инглиз тили ўргатувчи” дастурида аввал ҳам қатнашган ETA битирувчиларидир. Бу устозлар TESOL ёки тегишли соҳада магистр даражасига ва ўртача 10 йиллик ўқитувчилик тажрибасига эга.
Душанба куни ўқитувчилар учун ўтказилган тадбирнинг очилиш маросимида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник ўқитувчилар Ўзбекистоннинг 11 та вилоятида инглиз тили ўқитиш ва ўрганишни қўллаб-қувватлашини ҳамда икки давлат ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлашини, қолаверса тил ўқитиш бўйича замонавий илғор тажрибаларни намойиш этиш орқали Қўшма Штатларнинг маданият элчилари сифатида ҳам хизмат қилишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ҳукумати 2018 йилдан бери Ўзбекистонда инглиз тили ўқитиш ва ўрганишга 28 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган. Ушбу ёрдам бутун мамлакат бўйлаб 10 мингдан ортиқ мактаб учун юқори сифатли инглиз тили дарсликларини харид қилиш ҳамда умумтаълим мактабларидаги 15 минг нафар инглиз тили ўқитувчиси малакасини оширишни ўз ичига олади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter