Ўзбекистонда картошканинг янги – эртапишар нави яратилди
Ўзбекистон селекционер олимлари мамлакат тупроқ иқлим шароитига мос картошканинг эртапишар «Тошкент эртагиси» навини ихтиро қилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Ушбу янги нав 2023 йилда Интеллектуал мулк агентлиги томонидан патентлаштирилди.
Қайд этилишича, янги картошка нави мавжуд навлардан бир нечта устунлик жиҳатлари билан ажралиб туради. Жумладан, у ултраертапишар нав, мавжуд маҳаллий эртапишар навлардан 10-12 кун вақтли етилади.
Унинг вегетация даври яъни униб чиқишидан токи палак қуригунича муддати 65-70 кундан иборат. Нав юқори унумдор тупроққа талабчан, вирусли касалликларга бардошли эканлиги билан ҳам ажралиб туради.
Эслатиб ўтамиз, шу кунга қадар кўп йиллик тадқиқотлар натижасида картошканинг янги 11 та маҳаллий навлари ихтиро қилинган.
Маълумот учун, Республикадаги барча тоифа хўжаликларда 2022 йил ҳосили учун 221,5 минг гектарга картошка экилган бўлиб, жами 3,4 млн тонна (2021 йилга нисбатан 200 минг тонна кўп) картошка етиштирилган.
2023 йил ҳосили учун эса жами 3,7 млн тонна картошка етиштириш белгилаб олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter