Ўзбекистонда аёлларнинг 59 фоизи оилада зўравонлик ва камситилишларга дуч келмаган – тадқиқот
«Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти «Жамиятда хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ўрганиш» мавзусида тадқиқот ўтказди.
Тадқиқот объекти сифатида 18–50 ёш оралиғидаги хотин-қизлар ва уларнинг ҳуқуқий маданияти даражаси олинди. Жамиятда хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражаси юқори ёки пастлигининг асосий сабаблари сифатида анъанавий турмуш тарзи, яшаш ҳудуди (қишлоқ), ижтимоий келиб чиқиши, маълумоти, оила типи, жамиятдаги устувор қадрият ва меъёрларга боғлиқ бўлганлиги инобатга олинган ҳолда хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг самарадорлигига таъсир этувчи омиллар, муаммолар ва тўсиқлар ўрганилди.
Ҳудудлар бўйича эса мамлакатнинг географик-маданий бўлиниши ҳисобга олинган ва шунга кўра – Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри танланган.
Тадқиқотга жами 800 киши жалб этилди. Тадқиқотга жалб этилган хотин-қизларнинг 440 нафари, яъни 55,2 фоизини шаҳар, 357 нафари, яъни 44,8 фоизини эса қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи респондентлар ташкил этди.
Тадқиқот натижаларига кўра:
- «Сиз одатда қандай ҳолатларда ҳуқуқий маълумотга муҳтожлик сезасиз?» саволига респондентларнинг энг кўп қисми – 22,7 фоизи банк ва молия масаласида ҳуқуқий билимлари етишмаслигини маълум қилишган;
- «Оилангизда сизга нисбатан турмуш ўртоғингиз томонидан эисмоний куч ёки ҳақоратли сўзлар (сўкишлар) қўлланиладими?» саволига респондентларнинг 59 фоизи бундай муносабат кўрмаслигини маълум қилган. 25 фоизи эса ушбу саволга «Ҳа» деб жавоб берган. Ҳудудлар кесимида эса оилада зўравонликка дучор бўлиш ҳолатлари Сирдарё (66 фоиз) ва Самарқанд (50 фоиз) вилоятларида қайд қилинган;
- «Оиладаги ҳақ-ҳуқуқингиз бузилганда ёки поймол бўлганда кимга сурожаат қиласиз?» саволига респондентларнинг 45,8 фоизи ўзлари ҳал қилишини айтиб жавоб берган. Қолганлари эса – маҳаллага (15 фоиз), ота-онасига (14,4 фоиз) ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга (9,9 фоиз) мурожаат қилишларини билдирган;
- «Иш жойингизда қонун бузилиши ва ҳуқуқни поймол қилиш ҳолатлари кузатиладими?» саволига респондентларнинг 32,8 фоизи жавоб бериши қийинлигини айтган бўлса, 29,4 фоизи барча ходимларга нисбатан бу ҳолатлар кузатилишини билдирган;
- «Бирор ташкилотга ариза ёки шикоят билан мурожаат қилганмисиз?» саволига респондентларнинг 63,7 фоизи мазкур ҳаракатларга қўл уришмаганини айтган.
Илмий-тадқиқот институти хулосасига кўра, ўтказилган сўровномалар қатор омиллар билан биргаликда таҳлил қилинганда Ўзбекистонда аёллар орасида ҳуқуқий саводхонлик даражаси юқори даражадан анча паст эканлиги маълум бўлади.
Шунингдек, олинган натижаларнинг вилоятлар, ёш ва маълумотлилик даражасига кўра таҳлили умумий натижага яқин эканлиги аниқланди. Аксарият респондентлар қонун ва ҳуқуқ тушунчаларини эркинликнинг таъминланиши ҳамда адолатнинг ўрнатилиши сифатида талқин қилишган. Бурч эса, энг аввало, уларнинг жамият, давлат ва атрофдаги инсонлар олдида бажариши керак бўлган мажбуриятлари сифатида намоён бўлмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter