Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Беларусь давлатлари раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди

Ўзбекистон ва Беларусь давлатлари раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь президенти Александр Лукашенко тор доирада ҳамда икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказдилар.

Давлатимиз раҳбари учрашувни очар экан, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан янги, янада юқори босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади.

Беларусь Президентининг ушбу ташрифига тайёргарлик доирасида қатор тадбирлар, шу жумладан Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, ҳудудлар, ректорлар, тиббиёт ходимлари форумлари муваффақиятли ўтказилди.

Ҳукумат раҳбарлари, парламентлар, вазирлик ва ҳудудлар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Томонлар халқаро тузилмалар, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ доирасидаги сиёсий мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга аҳдлашиб олдилар.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий суръати мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йил якунларига кўра товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ошди.

Ҳукуматлар олдига ушбу кўрсаткични яқин йилларда 1 миллиард доллардан зиёдга етказиш вазифаси қўйилди.

Шу мақсадда қўшма ташқи савдо компаниясини ташкил этиш, экспорт-импорт етказиб беришни қўллаб-қувватлаш механизмлари ва маҳсулотларни сертификатлаштириш электрон тизимини жорий қилиш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, томонлар юк ташиш учун қулай шароит яратиш, халқаро автомобилда ташувчиларни тайёрлаш, Жанубий Осиёнинг катта бозорларига элтувчи мультимодал коридорлардан самарали фойдаланишга келишиб олдилар.

Кооперация алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Кейинги йилларда қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайди.

Музокараларда давлат раҳбарлари кооперациянинг устувор йўналишларини белгилаб бердилар. Булар – қишлоқ хўжалиги, енгил, озиқ-овқат ва электротехника саноати, фармацевтика, шаҳарсозлик, коммуникациялар ва бошқалар. Барча йўналишлар бўйича алоҳида ишчи гуруҳларни шакллантиришга келишиб олинди.

Етакчилар ҳудудлараро алмашинув фаоллашганини олқишладилар. Куни кеча ўтган Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудлари иккинчи форумининг самарали натижалари алоҳида қайд этилди: унинг якунлари бўйича қиймати 1 миллиард доллардан зиёд шартнома ва битимлар имзоланган.

Томонлар фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттиришга келишиб олдилар. Олий ва профессионал таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларида шерикликни ривожлантириш дастурлари қабул қилинади.

Йиғилишда расмий делегациялар аъзоларининг ҳисоботлари, музокаралар кун тартибидаги масалалар юзасидан аниқ таклифлари тингланди.

Учрашувлар якунида қабул қилинган қарорлар ва имзоланган келишувларни амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни тайёрлаш ва қабул қилиш бўйича келишувга эришилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг