Ўқотар қуролни ихтиёрий топширганларга мукофот пули берилади

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан «Рўйхатга олинмаган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дориларини, портловчи материаллар ва портлатиш қурилмаларини ички ишлар органларига ўз ихтиёри билан топшириш ҳамда ўқотар қурол ва унинг ўқ-дориларини топширганлик учун тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қуролни ихтиёрий топширмоқчи бўлганлар қуйидаги тартибда топширади:
- жисмоний шахс ички ишлар органига ёки профилактика инспекторига мурожаат қилади ва қуролни ва (ёки) унинг ўқ-дориларини топширади;
- шу куннинг ўзида ички ишлар органи қуролни (ўқ-дориларни) қабул қилиб олади ва қурол (ўқ-дорилар) ҳисобини юритиш учун квитанция расмийлаштиради;
- шундан сўнг ички ишлар органларининг масъул бўлинмалари томонидан тегишли текширувлар (терговга қадар текширув, баллистик экспертиза, базалар бўйича текширув) ўтказилади;
- тегишли комиссия аризачини тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилади.
Қурол ёки ўқ-дориларни ихтиёрий топширганлик учун БҲМнинг 5 фоизидан 500 фоизигача (18 750 сўмдан 1 млн 875 сўмгача) миқдорда мукофот пули берилиши кўзда тутилган:
- сойли стволли ўқотар қуролнинг, комбинацияланган (сойли стволли ва силлиқ стволли) ўқотар қурол учун – БҲМнинг 500 фоизи;
- силлиқ стволли ўқотар қурол учун– БҲМнинг 400 фоизи;
- стволсиз ўқотар қурол (патрон гильзаси ствол сифатида фойдаланиладиган қурол) учун – БҲМнинг 300 фоизи;
- пневматик қурол учун – БҲМнинг 100 фоизи;
- тиғли совуқ қурол (рапиралар, шпагалар ва қиличлар)нинг, улоқтириш қуроли (камонлар, арбалетлар ва найзалар)учун – БҲМнинг 50 фоизи;
- электрошок қурилмалари, учқун чиқаргичлар ва шикаст етказувчи таъсири электр энергиясидан фойдаланишга асосланган бошқа қурилмалари учун– БҲМнинг 30 фоизи;
- сигнал берувчи қурол учун – БҲМнинг 25 фоизи;
- газли қурол (кўздан ёш оқизадиган ёки ачиштирадиган моддалар билан тўлдирилган газли баллончалар, механик пуркагичлар, аэрозолли қурилмалар ва бошқа қурилмалар) учун – БҲМнинг 15 фоизи;
- патрон учун – БҲМнинг 5 фоизи;
- ствол, затвор, ўқдон (барабан), рамка, ствол қутиси учун – БҲМнинг 75 фоизи.
Шунингдек, агар қурол шикастланган бўлса, мукофот миқдори икки баравар камаяди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter