Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энди шахсни шарманда қиладиган уйдирма тарқатганлар беш йилгача қамалади

Энди шахсни шарманда қиладиган уйдирма тарқатганлар беш йилгача қамалади

Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Таъкидланишича мобил қурилмалар ҳамда ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги аккаунт ёки каналларга зарарли дастур юбориш йўли билан блоклаб (тўсиб) қўйиш, маълумотларини ўчириб юбориш, ўзгартириш ёки олиб қўйиш билан қўрқитиб шахслардан пул ёки бошқа моддий манфаатдорлик талаб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

«Инсоннинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги бу — конституциявий кафолат. Ҳеч ким, ҳеч қанақасига уни бузишга ҳақли эмас. Бугун Сенатда маъқулланган қонун нормалари бу турдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ва уларга қарши самарали таъсир чоралари қўлланилишига қаратилган», — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Шунингдек, махсус дастурлар ёрдамида шахсларнинг фотосурати, овози ва бошқа биометрик маълумотларини сохталаштириш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Шу боис, Жиноят кодексидаги (165-модда) товламачилик тушунчасига ўзгартириш киритилиб, шарманда қиладиган уйдирмалар билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.

Бунда Жиноят кодексининг 165-моддаси биринчи қисмига «мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд» деган сўзлардан кейин «жабрланувчининг ахборот ресурсини йўқ қилиш, ўзгартириш, олиб қўйиш ёки тўсиб қўйиш ёхуд уни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш билан қўрқитиб» деган сўзлар билан тўлдирилмоқда. Эслатиб ўтамиз, ушбу модда билан айбдор деб топилган шахслар уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг