Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Толстойнинг калтаклаб ўлдирилган ўзбек дўсти

Толстойнинг калтаклаб ўлдирилган ўзбек дўсти

1909 йилнинг ёз ойлари. Тула губернияси. Чор империяси тузумига қарши ҳаракатлари учун сургун қилинган доғистонлик Қозиев, Магомед Эфендиев ва тошкентлик Абдувоҳидқори эрталабгача машҳур инсон билан гурунглашдилар. Мусулмон зиёлиларининг суҳбатдоши ўрмон ортидаги Ясная Поляна қишлоғилик елкалари кенг, серсоқол, шляпа кийган қария эди. У дунёга танилган ёзувчи Лев Толстой бўлиб, уйига боргач, кундалигига шундай сўзларни битиб қўйди: «Мен бугун буғдойранг ўрта осиёлик билан танишдим...»

Толстой ёзган буғдойранг Ўрта осиёлик биз юқорида тилга олган Абдувоҳидқори эди.

Жангу жадаллар сабабли зах ерларда ётиб-туравериб ўпкасини шамоллатган зобит, таниқли адиб Лев Толстой 1862 йили шифокорлар маслаҳатига кўра Бошқирдистонга боради. Ғоят хушманзара Қоралиқ қишлоғида ўпкасини қимиз билан даволатиб юрганида шу ерлик Софья исмли қизни севиб қолади ва унга уйланади. Энди оддий қишлоқ шифокорининг қизи Софья Андреевна Берсни (1844–1919) гарфиня Толстая дея чақира бошладилар.

Хотинининг юртида Толстойни, энг аввало, жой номлари ҳайратлантирди. Масалан, Қоралиқ атамаси. Кейин атрофда нафақат бошқирд, татарлар, балки бухоролик, хоразмлик ва тошкентликларнинг кўплиги, уларнинг тили, урф-одатлари адиб учун қизиқ эди.

Орадан йиллар ўтиб, 1909 йили Тулада бўлган учрашувда Толстой бир пайтлари хотинининг юртида сўзларини эшитиб, кийимларидан ҳайратланган Ўрта Осиёлик мусулмон билан тонггача гурунглашди.

Суҳбат чор тузуми, ер-сув, дин масаласидан тортиб, Ўрта Осиё мусулмонлари ҳаёти ҳақида бўлди. Лев Николаевич Абдувоҳидқорига ислом дини тўғрисидаги ўз тушунчаларини баён қилди. Шунингдек, Муҳаммад пайғамбар билан боғлиқ ҳадисларни тўплаётганини гапирди:

– Балки, эшитгандирсизлар, кунлардан бирида хурмо дарахти остида ухлаб қолган Муҳаммад пайғамбар уйғонсалар, қўлида бир қилич билан унинг устида душмани Дуъсуур турибди. У сўрайди: «Эй Муҳаммад, энди сени ўлимдан ким қутқаради? Шунда Муҳаммад пайғамбар жавоб берадилар: «Аллоҳ!»

Дуъсуурнинг қиличи ерга тушди. Уни қўлга олган Муҳаммад пайғамбар ўз навбатида сўрайдилар: «Эй Дуъсуур, энди сени ўлимдан ким қутқаради?» Дуъсуур : «Ҳеч ким!» – деб жавоб беради. Шунда пайғамбар уни озод қилиб: «Бил, сени ҳам ўлимдан меним Аллоҳим қутқарди», дейдилар ва унинг қўлига қиличини қайтариб бердилар». Дуъсуур кетаётиб: «Сен мендан хайрлироқсан», дейди. Муҳаммад пайғамбар эса унга қарата «Мен бунга сендан кўра ҳақлироқман», дея жавоб қайтарадилар.

Дуъсуур: «Мен Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва сен Унинг расули эканинггга ишондим», дея шаҳодат келтиради ва мусулмон бўлади. Дуъсуур шу тариқа пайғамбарнинг дўстларидан бирига айланади. Мана, ислом маърифати, – дея Лев Николаевич шу каби ўзи тўплаётган яна бошқа ҳадислардан ҳам сўз очди.

– «Жаҳаннам нафсга хуш келган нарсалар билан, жаннат эса нафс истамаган нарсалар билан ўралгандир», «Кишиларнинг қусурларини, агар у қусурлар уларнинг ўзларида бўлса ҳам юзига солмоқдан сақлан», «Ҳамма кишилар учун яратилган нарсалардан фақат ўзи учун фойдаланган кимса айбдор ва қонун олдида жавобгардир», «Ҳақиқат инсонлар учун нақадар аччиқ бўлса-да, ҳақиқатни сўйлагин. Шу ва шу каби Муҳаммад пайғамбарнинг ҳадислари нақадар ҳаётий, ҳаққоний. Уларда инсон умрининг мазмуни мужассам. Мен бир неча йиллардирки, Абдуллооҳ Суҳравардийнинг «Ҳазрати Муҳаммаднинг ҳадислари» китоби орқали ҳадисларни тўплаб рус тилида ўқувчиларга тақдим этдим.Қозон университетида ўқиётганимда, Уфага хотиним билан ҳар гал борганимда ўша ерлик ва у ерга борган мусулмон савдогарлар билан суҳбатлашиб, кўнглимда ислом динига муҳаббат уйғонди, – деди Толстой.

– Айтсам ғалати бўлар, лекин ҳамма нарсадан масиҳий ғояларни ва чин маънода масиҳийлик таълимотини юқори қўядиган мендай бир одам ҳам Муҳаммад дини ўзининг ташқи кўриниши билан черков масиҳийлигидан қиёслаб бўлмайдиган даражада баланд туради, деб биламан. Шундай экан, борди-ю, одам олдида черков динини ё ислом динини танлаш масаласи кўндаланг бўлса, ҳар қандай онгли одам иккиланиб ўтирмай Муҳаммад пайғамбар динини танлайди. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Чунки, черков дини троица. Гуноҳ ювиш, яширин топинишлар, худонинг оналари, авлиёлар ва уларнинг сувратлари... сингари қийин ва тушунарсиз ибодатлар, маросимлардан иборат илоҳиётдир. Исломда эса бу нарсалар йўқ, у якка Худонинг битта йўлини ва У юборган пайғамбарларнигина тан олади. Бошқача айтганда, черков динига кириб қолган ҳамда таълимот моҳиятини хиралаштирадиган кўплаб ирим-сиримлардан холилиги жиҳатидан ҳам Муҳаммад дини масиҳийликдан юқори турмаслиги мумкин эмас. Лоақал ислом масиҳийликдан 600 йил кейин пайдо бўлгани учун ҳам шундай.

Дунёда ҳамма нарса ривожланади, такомиллашади. Алоҳида бир одам қандай комиллашиб борса, бутун инсоният ҳам шундай комиллашиб боради. Одамлар ҳаётининг бош асоси уларнинг диний онгларидир. Диннинг такомиллашуви эса, унинг соддалашишидан, англана боришидан, ўзидан яшириб турган барча ғуборлардан тозалана боришидан иборатдир. Диний ҳаракатнинг ўзини яшириб турган ғуборларидан бу сингари қутулиб боришини барча катта динларнинг асосчилари бўлмиш инсониятнинг буюк мутафаакирлари энг қадим замонлардан бери амалга ошириб келмишган. Бизга маълум бошқа динлардан аввал динни бу хил янгича ва хийла юксак тушуниш Ҳиндистонда Веда китобларида, кейинроқ Мусо, Будда, Конфуций, Лаотсе, Исо ва Муҳаммад таълимотларида кўринади. Динни қадимгича қўпол тушунишлардан тозалаб, ўрнига анча теранлик, соддалик ва оқилоналикни киритган янги дин асосчиларининг ҳаммаси, шубҳасиз, буюк одамлар эди. Лекин ҳар ҳолда одам эдилар ва шунинг учун ҳам ҳақиқатнинг бутун равшанлиги, теранлигини, ўтмишдаги ҳар қанақа адашувлардан поклигини ифодалаб беролмасдилар. Аммо бу одамлар хато қилишлари мумкин эмас, уларнинг барча айтганлари шак-шубҳасиз ҳақиқат, деб хаёл қилганимизда ҳам, уларнинг ўзларидан анча паст турадиган издошлари у ҳақиқатни бор теранлиги билан англаб олмай, уни бежаш, ҳамма учун мажбурий қилиш истагидан келиб чиқиб, унга яна кўп кераксиз, айниқса, ғаройиб нарсаларни тиқиштириб бузиб юборганлар. Оқибатда кўп одамлар ҳақиқатнинг ўзини бор аҳамияти билан кўра олмай қийнала бошладилар. Бундай бузилишлар динлар қанча узоқ яшаган сари асосчилар очган ҳақиқатга шунча суқилиб кириб олган ва бу ҳол ҳақиқатнинг юзини хиралаштирган. Шунинг учун ҳам энг қадимги динлар ҳар хил ғаройиботлар ва турли ирим-сиримлар билан тўлиб тошган: энг кўпи энг қадимий брахманликда, яҳудий динида ундан камроқ. Будда, Конфуций, Таосит динларидан янада кам, масиҳийликда ундан ҳам кам, энг охирги катта дин – исломда эса бутунлай камдир, – дея Лев Николаевич ўзининг ислом ва насронийлик борасидаги қарашларини даврадагиларга баён қилди.

Суҳбатдош мусулмонлар буюк адибнинг ислом дини ва Муҳаммад пайғамбар тўғрисидаги бу сўзларидан мағрурланиш ҳисларини сездилар. Аммо ҳар учала суҳбатдош ҳам Толстойнинг сўзларига аралашмай, жим ўтирганича уни тинглашарди. Зеро, дунёга таниқли кекса адибни ҳадеб турли саволлар билан безовта қилавермай, уни тинглашни афзал билишарди. Қолаверса, шундоғам суҳбат мавзусини Толстой ислом дини, мусулмонлар яшаётган Ўрта Осиё билан боғлаётган эди.

Айниқса, Толстой жаноблари Абдувоҳидқорининг шунчаки оддий мусулмон эмаслиги, мадраса мударриси, қози, Россия давлат думасига депутат бўлиб сайланган жамоат арбоби, ислоҳотлар ва чор мустамлакачилиги зулмига қарши кескин фикрлар билдиргани учун бадарға этилган исёнкор эканлигини англади. Мавзу ўз-ўзидан Ўрта Осиёга қилинган чор босқини, Пётр 1 ҳаракатлари-ю, Перовскийдек истилопараст генералнинг Хоразмга юриши ва шармандаларча чекинганига боғланди.

 Суҳбатда Перовский номи тилга олиниши билан, Толстой «Декабристлар» романида XIX асрдаги Россия ҳаёти, аслзодалар, зобит ва сарой амалдорлари ўртасидаги зиддиятлар, исёнкорлик, босқинчилик, хуллас реал ҳаётни ёритганини сўзлаб берди. «Асар қаҳрамонларидан бири генерал Перовскийдир». – деди Толстой суҳбатдошларига.

Шундан кейин Толстой мусулмон суҳбатдошларига генерал Перовский тўғрисида маълумот берди.

– Оренбург генерал губернатори Василий Алексеевич Перовский (1794–1857) XIX асрда Россиянинг энг донгдор кишиларидан, императорнинг эса арзанда генералларидан бўлган. У Ўрта Осиёни босиб олиш ташабускорларидан эди. Айни пайтда адиб, олимлар билан дўст бўлиб, ҳатто Пушкинга анча яқин эди. У 1833 йилнинг 20 сентябрида Пушкинни Оренбургдаги уйида меҳмон ҳам қилган. Пушкиннинг генерал билан яқинлигига сабаб, губернаторнинг акаси Алексей Перовский (1787–1836) ёзувчи бўлиб, Антоний Погорольский тахаллуси билан шуҳрат қозонганди.

Генерал Перовский, шунингдек, Оренбургдаги В.Даль, Штернберг, А.Брюллов, Н.Хаников, Г.Данилевский сингари рассом ва олимларни таклиф қилиб, уларга шароит яратиб берди. Бу тадқиқотчи зиёлилар 1839 йили Перовскийнинг Хива хонлигига қилган юришида иштирок этишди. Ҳужум муааффақиятсизликка учраб, Оренбургга қайтишгач, Н.Хаников «Хива юриши» номли асарини ёзди.

«Хива юриши»да ёритилган воқеалар мени ҳайратга солди. Перовский шахсини ўрганиш асносида Хоразм билан боғлиқ бошқа асарларни, чоризм босқинчилигини акс эттирган тадқиқотларни ўқиб чиқдим.

Ҳатто, 1876 йили юқоридаги воқеалар юз берган Оренбургга бориб, «Декабристлар» асари учун ҳужжатлар тўпладим.»Хива юриши»ни чоп этган «Рус архиви» нашри бош муҳаррири П.Бартеневга хат ёзиб, мавзу бўйича мени қизиқтирган саволларга жавоб изладим—деди Толстой.

 Маълумки, «Декабристлар» романини ёзиш жараёнида адиб қарашларида кескин ўзгаришлар юз берди. Ҳатто, насрни қўйиб, публицисткада ижод қилди. «Одамга кўп ер керакми?», «Инсон нима билан тирик?», «Худо ҳақиқатни кўрса ҳам тезроқ айта олмайди» сингари мақолалар ёзди. Деҳқончасига яшаб, ер чопди, этигини ўзи тикиб, гўштсиз овқат ея бошлади. Текинга овқат берадиган ошхона очди.

Қозиев, Эфендиев ва Абдувоҳидқори билан 1909 йилда кечган суҳбат оқшомида Толстойнинг ана шу эътиқоди яққол акс этиб турар, шу боис гурунг эрталабгача давом этганди. Кейинчалик ёзувчи бўлиб етишган ва ўша суҳбатдан ғоят таъсирланган Магомед Эфендиев орадан йиллар ўтиб, Толстой билан қилган гурунгларини қоғозга туширди. Абдувоҳидқори Магомед орқали Толстой билан танишган эди. Бу учрашувдан бир йил ўтиб, 1910 йилнинг ноябрида Толстой вафот этди. Абдувоҳидқори машҳур адибнинг дафн маросимида ҳам қатнашган. «Абдувоҳидқори Абдурауфқориев Толстой билан суҳбатлашган биргина ўзбек кишиси эди» (В.Булгаков, «Л.Толстой в последние годи жизни» М, 1960, стр 390–391).

Орадан етти йил ўтиб, 1917 йилнинг февралидагина Абдувоҳидқори сургундан ватанига қайтди. Шундан сўнг ҳам доимо совет ҳукуматининг таъқиблари остида яшайди. 1923 йилда Саид Ҳамза исмли арабистонлик билан учрашгани учун уни Қозоғистонда уч ой ҳибсда сақлашди. Кейин озод қилишди. Эътиборлиси, уч йил муқаддам хорижлик араб билан шунчаки суҳбатлашгани боис қамалган қори, 1926 йилда Москва рухсати билан халқаро анжуманда қатнашиш учун Арабистонга юборилган.

Анжумандан қайтиб келгач, Тошкентда яшай бошлади. Бироқ 1937 йил қатағони уни ҳам ўз домига тортди. 1938 йил 12 январ куни эса қамоқхонада... калтаклаб ўлдирилди. Бу вақтда Абдулвоҳидқори 83 ёшга кирган қария эди.

Толстой билан суҳбатлашган, халқини маърифатли қилишга ҳаётини бағишлаган жадид зиёлисининг умри шундай фожиали якун топди.

Умид Бекмуҳаммад,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.

 

 

 

 

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг