Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ТАТУнинг янги ректори бошчилигида онлайн конференция ўтказилди

ТАТУнинг янги ректори бошчилигида онлайн конференция ўтказилди

ТАТУда «Она тили – миллатнинг руҳидир» мавзусида 5 та ҳудудий филиаллар профессор-ўқитувчилари иштирокида онлайн конференция ўтказилди.

Университет ректори Сарвар Бобохўжаев сўзга чиқиб: «Тил – давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демакдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди. Руҳсиз тана бўлмаганидек, тилсиз ҳам миллат бўлмайди. Миллат ўз тилини йўқотар экан, ўзи ҳам таназзулга учраши аниқ», деди. Шунингдек, ректор барчани ўзбек тили байрами билан табриклади. 

ЮНЕСКО вакилларининг фикрича, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Олимларнинг фикрича, тил яшаб қолиши учун ундан камида бир миллион киши сўзлашиши лозим. Бироқ бундай тиллар дунёда атиги 250 тагина бўлиб, ўзбек тили ҳам уларнинг қаторида турибди. Бугунги кунда ўзбек тилини дунё бўйича 30 миллиондан кўпроқ одам она тили, деб билади; иккинчи тил сифатида биладиганлар ҳисобига бу сон 50 миллионга етади.

Тадбир жараёнида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, маданият ва санъат намоёндалари, таниқли нотиқлар иштирок этишди.

Тадбирда нафақат ўзбек тилининг бугунги мавқеи ҳамда она тилимизнинг равнақи ҳақидаги фикрлар, шунингдек, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида ўзбек тилининг равнақини янада оширишга қаратилган бир қанча амалий дастурий маҳсулотларнинг тақдимотлари ҳам бўлиб ўтди.

Хусусан, профессор Муҳаммаджон Мусаев бошчилигида «Мактабгача ва мактаб ёшидаги болалардаги нутқ нуқсонларини реабилитациясида компьютер дастурларидан фойдаланиш» бўйича яратилган дастур, ўзбек тилини тарғиб қилишда ахборот технологияларининг ўрни ва салмоғини ошириш борасида ТАТУ ёш изланувчиси, Информатика кафедраси ассистенти Зариф Қодиров томонидан яратилган «Сахия виртуал роботи»,  техника фанлари доктори Фахриддин Нуралиев бошчилигида яратилган «Ўзбек ва қорақалпоқ электрон луғати» каби амалий лойиҳалар шулар жумласидандир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг