Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Машҳур ўзбек актёри нега депутатликни танлади? Фатхулло Масъудов билан суҳбат

Машҳур ўзбек актёри нега депутатликни танлади? Фатхулло Масъудов билан суҳбат

Фото:«Xabar.uz»

Куни кеча Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши биринчи сессияси бўлиб ўтди. «Xabar.uz» мухбири ушбу сессия йиғилишида қатнашган, 54-Учқаҳрамон сайлов округидан Тошкент шаҳар кенгашига сайланган депутат ва санъаткор Фатхулло Масъудов билан суҳбат уюштирди.

— Ассалому алайкум, дастлабки саволимиз қуйидагича: театр ва кинодаги роллари билан халқ меҳрини қозонган актёрнинг депутатликка номзодини қўйишига нималар туртки бўлди?

— Ваалайкум ассалом. Биринчи навбатда Ўзбекистон фуқаролари бугунги бўлаётган ўзгаришларга бефарқ бўлмаслиги лозим. Шунинг учун ҳар бир киши сиёсатчи, сиёсатга алоқадор, ҳаётдаги воқеаларга ҳамоҳанг яшаши керак. Бўлаётган ислоҳотлар ҳаммамизга тегишли. Депутатликни халқимизнинг бизга бўлган катта ишончи деб биламан. Биз халқ вакилимиз.

— Айнан қайси муаммо ва сабаблар сизни қийнаган?

— Муаммолар аввал ҳам бўлган, ҳал этилган, кейин ҳам бўлади. Аввало, мен учун муҳим бўлгани ёшлар масаласи, мактабгача таълим ва китобхонлик масаласи. Шунингдек, ёшларни театрга қизиқтириш ҳам зарур. Бу бевосита менинг ижодим билан боғлиқ. Президентимизнинг бешта муҳим ташаббусида ҳам театр ҳақида таъкидланган.

— Сиёсат ва ижод. Бу бир-бирига ҳалақит бермаяптими?

— Болалигимда драма тўгарагига қатнашардим. Ота-онам вақтим бекор ўтмаслиги учун спорт машғулотларига ҳам қўйганди. Радио уйига ўсмирлар учун тайёрланадиган эшиттиришлар тайёрлашга ҳам борганман. Яна мактабда ўқишим ҳам бор эди. Режадан ташқарига чиқишга вақт бўлмасди. Ҳозир хурсанд бўламан, ота-онам мени меҳнат қилишга ўргатди. Ўйлайманки, Миллий театрга раҳбарлик ва депутатлик бир-бирига ҳалақит бермайди. Эндиликда ўзим сайланган ҳудуд аҳолисини янада кўпроқ театрга жалб қилмоқчиман.

— Ўз устингизда ишлаш жараёнида нималарга эътибор қиласиз, қандай асарлар мутолаа қиласиз?

— Китоб ўқиш севимли машғулотим. Китоб танлашда ёшга, дунёқарашга жиддий эътибор қилиш лозим деган фикрдаман. Биринчи ўқиган китобим «Ал-жабрга саёҳат»дир. Кейинчалик севиб ўқиганларим Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романлари, Бальзак, Ги де Мопассан ва Достоевский, Шекспир, Шиллер, Лев Толстойнинг асарларидир. Охирги вақтларда Абдулла Қодирийни қайта-қайта ўқимоқдаман. Унинг асарларидаги руҳият менга ёқади, қайта-қайта бу руҳиятни соғинаман. Ҳозирги адиблардан Эркин Хушвақтов, Усмон Азим,Фарҳод Файзиев каби ижодкорларни кузатаман. Театр ибратхона бўлса, китоб бу тарбиячидир. Энг севган образим ва ролим «Ўткан кунлар»даги Отабекдир. 2003 йил театрда бу ролни ижро этиш насиб этган. Шунингдек, «Улуғбек хазинаси»даги Абдулатиф монологи ҳам. Устозимиз Эркин Комилов Улуғбек ролини ижро этган ушбу спектакл ҳам кўнгил тўридан жой олган.

Маълумот учун: Қаҳрамонимиз 1963 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1980-1984 йилларда Тошкент театр ва рассомлик санъати институти талабаси бўлган. 1986-1988 йилларда Ўзбек давлат академик драма театри режиссёр ёрдамчиси, 1988 йилдан эса актёр сифатида фаолият кўрсатган. 2015 йилдан буён Ўзбек Миллий академик драма театри директори лавозимида ишлаб келмоқда. 1999 йили «Шуҳрат» медалига сазовор бўлган. 2003 йили «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» унвони билан мукофотланган. 2014 йили «Мехнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди. 2019 йил 22 декабрдаги сайловларда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига сайланди.

Улуғбек Орипов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг