Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бондарчук: юлдузлик ва умр шомидаги ғалвалар

Бондарчук: юлдузлик ва умр шомидаги ғалвалар

Унинг фаолиятини кўплаб киночилар учун ибрат намунаси дейиш мумкин. Сергей Бондарчук яратган фильмлар, бир-биридан чиройли роллар узоқ вақтгача ҳозиргача тилдан тушмайди. У ижодга ўзгача ёндашгани учун ҳам ҳамиша эътиборда бўлди, нуфузли мукофотларга муносиб топилди. «От изидан той босар», деганларидек, бугун унинг ишини ўғли Фёдор давом эттирмоқда. У ҳам жамоатчилик эътиборига тушган. Фёдор Бондарчук кассабоп фильмлар ишлаб, кинематографиядаги мавқеини мустаҳкамламоқда. Қуйида унинг отаси – афсонавий Сергей Бондарчук ҳақида ҳикоя қиламиз.

 Лўттибоз... майнавоз...

Сергей Фёдорович Бондарчук 1920 йил 25 сентябрда Одесса вилоятининг Белозерка қишлоғида таваллуд топган. У мактабни тугатган пайтдаёқ ўзини намоён эта олди. Қатъий қоидаларга риоя қилувчи отаси Фёдор Петрович ўғлига муҳандислик бўйича ўқишни маслаҳат берди. Сергей эса аллақачон артист бўлишга қарор қилган экан – шу ҳақда айтди.

Отасининг жаҳли чиқиб кетди. Колхоз раисининг ўғли, запорож казаклари авлоди «лўттибоз» бўларканми? Ҳеч қачон!

Бироқ ўғил муҳандисликни минг марталаб рад этавергач, ниҳоят ота таслим бўлди. У Сергейни йўлга кузатар экан, қатъий тайинлади: «Фақат унутма, сен майнавоз эмас, актёр бўл!..» Ўғил ваъда берди…

1937 йили мактабни тугатган ўн етти ёшли Бондарчук Ростов театри студиясига ўқишга кирди, аммо уни тугатолмади: уруш бошланди. 1941–1942 йилларда у Грозний шаҳридаги армия театрида фаолият кўрсатди. 1946 йили ҳарбий хизматдан бўшагач эса, ўқишни Москвада давом эттирди. Орадан икки йил ўтиб, у ВГИКнинг актёрлик факультетини тамомлади.

Бондарчук илк юлдузлик фаолиятини кечалари киностудия директорининг столида ётишдан бошлаган. Чекка жойдан келган йигитчанинг Москвада яшаши учун бошпанаси йўқ эди. Бондарчукнинг ВГИКдаги устози Сергей Герасимов бўлиб, диплом иши бу режиссёрнинг «Навқиронлар» (1948) фильмидаги Валько роли эди.

«Навқиронлар»ни суратга олиш чоғида Сергей Бондарчук бошловчи актриса Инна Макаровага уйланди. Улар биргаликда ўн йил яшашди. 1950 йилда қизлари Наташа туғилди (у келгусида актриса ҳамда режиссёр бўлиб етишди).

Ўша пайтларда Бондарчук ҳамиша кучли ўнталикдан жой оларди. 1952 йилда у «Тарас Шевченко» фильмида роль ўйнаб, халқаро фестивалда нуфузли мукофотни қўлга киритди. Шу тарзда ёш Сергей раҳбариятнинг эътиборини қозонди. Буни шундан билиш мумкинки, унга эртасигаёқ халқ артисти унвонини бердилар. Бондарчук «оралиқ»даги мукофотларсиз энг ёш халқ артисти унвонига сазовор бўлган эди.

 Муҳаббат куртаклари

Унинг кейинги омади «Ўйноқи» фильмидаги доктор Димов ҳисобланади (1955, А.Чехов асари асосида, режиссёр С.Самсонов). Фильмда актёрнинг лирик қирралари намоён бўлди.

Ўша йили Сергей Бондарчук бўлажак актриса Ирина Скобцева билан танишди. Ирина МХАТ мактаб-студиясининг талабаси эди. Танишув таниқли рассом Василий Ефановнинг кўргазмасида юз берди. Бу мусаввир Скобцеванинг сиймосини чизган, кейин уни кўргазмага таклиф қилган эди. Залга кирган Ирина ўзининг портрети қаршисида Сергей Фёдорович Бондарчук турганига кўзи тушди. Бондарчук ўгирилди ва унга нигоҳи қадалди. Ирина гўё портрет ичидан чиқиб келгандек эди...

1956 йилда Сергей Бондарчук режиссёр С.Юткевичнинг «Отелло» фильмида бош ролни ижро этди. Фожиавий ролни романтик тарзда ижро этган ушбу роли нафақат ватанида, балки хорижда ҳам уни шон-шуҳрат ва эътирофларга кўмиб юборди. Актёр тобора чўққи сари одимлар эди.

Орадан уч йил ўтиб, Сергей Бондарчук ва Ирина Скобцева турмуш қурдилар ва 35 йил бирга яшадилар.

Уларнинг фарзандлари оилавий анъанани давом эттиришди. Алена Бондарчук (1962 йилда туғилган) МХАТ мактаб-студиясини тамомлаб, актриса бўлиб етишди. Аввал Пушкин номли театрда, сўнг Моссовет театрида ишлади. ВГИК битирувчиси Фёдор Бондарчук (1964 й. т.) – таниқли кинорежиссёр ва актёр.

 23 тонна портлаткич ва «Оскар»

Бондарчукнинг омади унинг тезда ўз мавзусини топганида эди. У кино устаси деб тан олингач, ишонч билан эпик жанрга мурожаат қилди. Бондарчукни иккинчи жаҳон уруши чуқур изтиробга солган эди. У ўз ҳаётини оддий жангчи тимсолида ватан ҳимоячисидек қаҳрамонни яратишга бағишлади. Бутун бошли халқ тақдири ва алоҳида бир инсон қисмати баб-баравар равишда унинг фильмларида ўз аксини топди.

Сергей Бондарчук катта салоҳиятга эга ижодий мусаввир бўлган. У актёрлик касби билан чекиниб қолишни истамасди. Режиссёрлик дебюти – «Инсон тақдири» (1959 й.) Бондарчукнинг яна бир юксак иқтидорини намоён этди. Фильмда урушда жанг қилган, асир тушган, ўз оиласидан жудо бўлган, аммо ўзлигини ва инсонийлик ҳароратини йўқотмаган одам гавдаланди. «Инсон тақдири»да Бондарчукнинг ўзи бош ролни ижро этди (кейинчалик ҳам бу кўп марта ўз фильмларида такрорланган). Бу билан у инсон тақдири, феъл-атвори, қалби бадиият асосини ташкил этажак актёрлик кинематографиясига содиқликни намоён этди. Мазкур дебют Бондарчукка давлат мукофоти ҳамда Москва халқаро фестивалининг совринини туҳфа қилди.

1965-1967 йилларда Бондарчук ўзининг бош фильми ҳисобланмиш «Уруш ва тинчлик»ни суратга олди. У Лев Толстой романидан салкам ҳеч нимани қолдирмай, экранга кўчирди. Фильмда машҳур актёрлар жамланган эди: Тихонов, Ланова, Ефремов, Кторов, Вертинская, Стржельчик, Табаков... Бондарчукнинг хотини Ирина Скобцева Элен Безуховани ижро этди. Пьерни Бондарчукнинг ўзи ўйнаганини ҳисобга олсак, бу мароқли эди.

Фильм романдаги тинчлик ва уруш даври лавҳаларини аниқ-тиниқ ифода этди. Энг асосийси Бородино жанги эди.

Орадан йиллар ўтиб, Бондарчук сокин фильм яратиш ҳақида овоз чиқариб орзу қила бошлади: «Икки қаҳрамон хонада ўтириб, нимадарнидир гаплашмоқда». Ушбу мулоҳазани эшитган Никита Михалков қўшимча қилди: «Деразадан эса танк дивизияси ўтиб кетмоқда!»

Бондарчук уруш манзараларини жуда улкан кўламдаги фильмда акс эттирди. Оммавий саҳналарда иккита йирик армияни акс эттирувчи 15 минг одам иштирок этди. Уларнинг ҳар бирида тарихий, кўҳна либослар, қурол бор эди. Смоленскийдаги эски йўлда махсус қишлоқ ва қалъа қурилди. «Уруш»нинг ўзига эса 23 тонна портлаткич ва 40 минг литр керосин ишлатилди. Шунча сарф-харажат ўзини ортиғи билан оқлади. «Уруш ва тинчлик» 1967 йили Сергей Бондарчукка Америка киноакадемиясининг «Оскар» мукофотини олиб келди.

Фильмнинг хориждаги муваффақиятли прокатидан сўнг Бондарчук италиялик продюсер Дино Де Лаурентисдан «Ватерлоо» (1970) фильмини суратга олиш ҳақида таклиф олди. Режиссёр ишга киришди. Оммавий жанг саҳналари, қирғинбарот лавҳалар инсон руҳияти, табиати фонида очиб берилди.

Киноактёрлик фаолиятини давом эттирган Бондарчук кенг кўламлилик ва ижродаги асл анъанани намойиш этди. Унинг кўзга кўринарли роллари «Ваня амаки»даги Астров (1971, режиссёр А.Михалков-Кончаловский), «Мақсад танлаш»даги академик Курчатов (1975, режиссёр И.Таланкин) ва бошқалар бўлди.

 «У билан ишлаб бўлмайди»

1971 йилдан эътиборан Бондарчук ВГИКдаги актёр-режиссёрлик бўлимини бошқара бошлади (1974 йилда профессор бўлди). 1975 йилда эса у «Улар ватан учун жанг қилдилар» фильмини суратга олди. Мазкур киноасар уруш ҳақидаги энг ўткир ва очиқ-ошкора картина эди. Фильмдаги аскарларни машҳур рус киноактёрлари – Бондарчукнинг ўзи, Бурков, Тихонов, Никулинлар ижро этишди. Унда ўзининг энг охирги ролини ўйнаб, ҳатто овоз беришга улгурмаган Василий Шукшин ҳам бор эди.

Бондарчук кинематографияда ҳалигача урф бўлмаган рус қўшинларининг ортга чекинишини очиб бера олганди. Картина, шунингдек, оловли хандақларда азият чеккан аскарларнинг ҳолатини намоён этгани, оммавий жанг саҳналарини ёритгани билан ҳам ўзига хос.

«Улар ватан учун жанг қилдилар» ака-ука Васильевлар номидаги давлат мукофоти ҳамда халқаро кинофестивалнинг махсус совринига сазовор бўлди.

«Дашт» фильмида (1978, А.Чехов қиссаси асосида) Бондарчук ўзининг азалий орзусини рўёбга чиқарди – у севимли асарини экранга кўчирди. Шундан сўнг америкалик ёзувчи Жон Риднинг «Ғалаёнли Мексика» ва «Дунёни жунбишга солган 10 кун» номли икки китобини экранлаштирмоқчи бўлди. Шу тариқа «Алвон қўнғироқлар» тарихий воқеаларга бой фильм-дилогияси дунёга келди. Ушбу фильм ҳам давлат мукофоти ҳамда халқаро кинофестивалнинг махсус соврини билан тақдирланди.

Бондарчук энди Пушкиннинг фожиавий асари бўлмиш «Борис Годунов»ни экранга кўчиришга киришди (А.Пушкин драмаси асосида, Чехословакия, Ғарбий Берлин ва Польша билан ҳамкорликда). Фильм воқеалари XVII асрдаги ғалаёнларни ўз ичига олган эди. Бондарчукнинг ўзи шоҳ Борисни ижро этди. Режиссёр ким билан иш бошламасин, гуруҳда охиригача қолмади – деярли кўпчилик унинг оғир феълини кўтара олмаган эди.

«Борис Годунов» 1985 йилнинг апрель ойида экранларга чиқди.

 

Миллион-миллион гонорар

– Бондарчук ўз меҳнати ва иқтидорига кўра катта гонорар оларди, – деган эди режиссёр Константин Бромберг. – «Уруш ва тинчлик»дан сўнг унга таклифлар ёғилиб кетди. «Ватерлоо»ни суратга олгач эса, италиялик продюсердан сценарийнавис ва режиссёр сифатида мукофот олди. Фильмда миллион-миллион гонорар оладиган жаҳон миқёсидаги актёрлар иштирок этгани боис бу жуда катта пул эди. Режиссёр эса ҳамиша актёрлардан кўп ҳақ олиши керак... Эҳтимол, Бондарчук «Уруш ва тинчлик» учун катта мукофот олгандир. Ўша замонда мамлакатда муаллифлик ҳуқуқи қўлланмас, хорижда эса бунга жуда қатъий риоя қилинарди. Масалан, менинг фильмим Америкада намойиш этилганида прокатчилар муаллиф сифатида қўлимга ичига валюта солинган қалингина конверт тутқазишди. Бироқ шу заҳотиёқ махсус хизмат ходимлари менга бу пулларни давлатга топширишимни талаб қилишди. Муаммолар келиб чиқмаслиги учун уларнинг айтганини қилишга мажбур бўлдим. Бондарчук эса ҳеч нимадан қўрқмасди. У ўзи ишлаб топган валютани уйига олиб келмас, уларни хориж банкларига қолдирар, сабаби, Бондарчук аъло даражадаги менежер эди. Дарвоқе, ўша йилларда «Оскар» учун бир неча юз минг доллар беришган. Ундан нимани талаб қилишганини билмайман, бироқ бу ҳақда гапиришгани аниқ эди.

– Бондарчук мультимиллионерга айланган эди, – деб ҳисоблайди контрразведкачи Игорь Атаманенко. – Қолаверса, қонуний тарзда. Ҳа, у ўз меҳнати ва истеъдоди туфайли бадавлат бўлди. Мукофотларнинг ўзи ҳайбатли эди. «Тарас Шевченко» учун 100 минг рубль, «Инсон тақдири» фильми учун 100 минг рублга тенг давлат мукофоти... «Уруш ва тинчлик» эвазига «Оскар» ва давлат мукофоти (тахминан 50 минг рубль). Москва марказида Бондарчукнинг ажойиб уйи, Қрим ва Москва вилоятида дала-ҳовлилари бор эди. Бондарчук мамлакатда биринчилардан бўлиб «Мерседес» харид қилган. Ўйлайманки, у Ғарбдаги ўзининг даражасига монанд режиссёрлар каби пул ишлар эди.

 Тушунмовчилик ва…

Аммо улкан асарлар устида ишлаш Сергей Бондарчукнинг умри адоғида унга шум ҳазилни таҳфа этди. Бондарчук рус продюсерлик кинематографиясидаги биринчи қурбонга айланди.

Гап шундаки, 1990-йилларнинг бошида Бондарчук Италия фирмаларидан бири билан рус-итальян лойиҳаси бўлган «Тинч Дон»ни экранлаштириш борасида шартнома тузган. 1993 йилда режиссёр барча лавҳаларни суратга олиб бўлиб, монтажга ўтирди.

Ана шундан сўнг продюсер билан 19 ойлик музокаралар бошланди. Бондарчук фильмни якунлаш учун пул сўради, италияликлар эса унинг ортидан рус режиссёрининг деярли тайёр картинаси ҳақида аллақачон бутун дунё билан келишув олиб боришарди.

1994 йил октябрда эсанкираб қолган Бондарчук тушунмовчиликларга чек қўйиш учун матбуот анжумани ўтказишни режалаштирди, аммо улгуролмади. Ўша йилнинг 20 октябрида у Москвада ҳаётдан кўз юмди. Бондарчукнинг яна бир бетакрор киноасари ўзи томонидан охиригача яратилмай қолиб кетди.

Мазкур фильмнинг икки талқини мавжуд – телевизион ва умумэкранга мўлжалланган. Ҳар иккала картинага эгалик ҳуқуқи узоқ вақт Италия ва АҚШга тегишли деб келинди. 2007 йилда, тўхтовсиз музокаралардан сўнг «Тинч Дон», ниҳоят Россияга қайтарилди.

А.Фатҳуллаев

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг