Алишер Навоий ижодий меросига бағишланган III халқаро илмий конференция бўлиб ўтди
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида бугун, 5 февраль куни «Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусида III халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Эрта тонгдан Навоий шаҳри марказидаги истироҳат боғида савлат тўкиб турган Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда конференциянинг барча иштирокчилари, чет эллик меҳмонлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Асосий тадбирлар бўлиб ўтадиган Ёшлар марказида буюк мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий асарларининг янги талқин ва кўринишда чоп этилган намуналари асосида бадиий кўргазма ташкил этилди. Ушбу кўргазмада Навоийнинг қайта нашр этилган 10 жилдлик асарлари ҳам меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди. Шунингдек, тадбирда адабиётимизнинг энг дурдона асарларидан иборат китоблар кўргазмаси ҳамда акцияси ташкил этилди.
Анъанавий халқаро конференцияга Озарбайжон, Афғонистон, Венгрия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Мўғулистон, Россия, Туркия, Швеция, Ҳиндистон, Туркманистон, Тожикистон каби 15 га яқин давлатлардан 50 нафардан ортиқ навоийшунос олимлар, шунингдек республикамизнинг барча вилоятларидан таниқли академиклар, профессорлар, ижодкор зиёлилар, маънавий соҳа мутахассислари, фаоллар, талабалар ва ёш олимлар ташриф буюрди.
Ёшлар марказининг катта мажлислар залида бўлиб ўтган конференцияни Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов кириш сўзи билан очди.
Венгриялик навоийшунос олим Бенедикт Перри, Туркиянинг Амасия университети ректори, профессор Метин Орбай, Швециялик навоийшунос олим Шафиқа Ёрқин, Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университети профессори Азамат Акбар ва бошқалар сўзга чиқиб, Навоий ўз ижоди, бадииятининг қудрати билан жаҳон адабиёти ривожига катта таъсир кўрсатганлиги, унинг бебаҳо маънавий, илмий, бадиий ва маданий-тарихий асарлари бутун инсониятнинг бебаҳо мероси эканлигини эътироф этишди.
Ушбу конференцияни ташкил этишдан асосий мақсад Навоий асарларининг мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида кенг тарғиб этишдан иборат. Чунки адиб асарларининг асосий мазмуни ҳам инсонларни миллий-маънавий қадриятларни асраб-авайлашга даъват этиш, одамлар орасида эзгу хислатларни тарғиб этишга қаратилган. Алишер Навоий инсон маънавиятига инсонликни белгиловчи энг муҳим омил сифатида қарайди. Унинг ҳар бир қаҳрамони ватанпарварлик, инсонпарварлик, меҳр-муҳаббат, кечиримлилик, бағрикенглик каби фазилатларга билан безалган. Навоий асарларида комил инсон ғояси ҳар доим биринчи ўринда турган. У инсон ўз мақсадларига фақат юксак ахлоқий ва маънавий савияси билан эриша олишига ишонган. Бу фикрлар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганлигини ҳар лаҳза кўришимиз мумкин. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида Навоий ҳикматларини барчамизга эслатаётгани, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганлиги ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, умри давомида халқ манфаати йўлида курашиб, хайрли ишлари ва бебаҳо асарлари билан ҳаммага ўрнак бўлган улуғ мутафаккирга муносиб бўлиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Конференция ташкилотчилари: Республика Маънавият ва маърифат маркази, Навоий вилоят Маънавият ва маърифат Кенгаши, Алишер Навоий жамғармаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон республикаси Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят кенгаши, Навоий давлат педагогика институти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter