Президент даккисидан сўнг Жаҳонгир Ортиқхўжаев касалхонага борди
Бугун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳридаги Ибн Сино номидаги шаҳар 1-сонли клиник шифохонасида бўлиб, ундаги шароитлар билан танишди ҳамда COVID-19 билан хасталанган фуқароларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мулоқот давомида касалхонада даволанаётганларнинг тезда шифо топиши учун барча шароитлар, жумладан, дори-дармонлар ва озиқ-овқатлар таъминоти тўлиқ бўлиши айтиб ўтилган. Фуқароларнинг кўрсатилаётган тиббий ёрдам қониқарли эмаслиги тўғрисида хавотирли фикрлари тингланиб, уларинг саволларига атрофлича жавоб берилган.
Ҳоким мутасаддиларга фуқароларнинг эҳтиёж ва илтимосларини ўрганиб, уларни талаб даражасида қондириш юзасидан топшириқлар берди.
Кейинги манзил Тошкент шаҳар Тез тиббий ёрдам хизмати диспетчерлик маркази бўлиб, ҳоким келиб тушаётган мурожаатларнинг қабул қилиниш жараёнини кўздан кечирган. Мавжуд муаммоларга жойида ечим таклиф қилиб, топшириқлар берган.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча бўлиб ўтган йиғилишда президент республика бўйича жами касалларнинг 40 фоизи Тошкентга тўғри келаётганини таъкидлаб, ҳолат учун раҳбарларни қаттиқ танқид қилганди.
«Ҳокимлар ва сектор раҳбарлари ўз ҳудудидаги ҳақиқий аҳволни умуман ўрганмаган ва пастга тушмаган. Сизлар ҳозирги сиёсатимизга, халқимизга хиёнат қиляпсизлар. Қандай аччиқ бўлсаям, баҳо мана шундай», – деган эди Шавкат Мирзиёев.
Мавжуд камчиликлардан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан берилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter